Мақолалар

МДҲ саммити Марказий Осиёнинг қарамлигини қандай яширмоқда?

МДҲ саммити Марказий Осиёнинг қарамлигини қандай яширмоқда?

9 октябрь куни Ашхободда бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммити минтақадаги давлатлараро муносабатларнинг чуқур тизимли инқирозини яна бир бор фош қилди. Саммит якуни шуни кўрсатдики, ҳар бир давлат ўз позициясида қатъий тутиб, ўзининг муаммоси ва манфаатларини кўзламоқда. Давлатлараро муносабатлардаги «гуманитар ҳамкорлик» ҳақидаги баландпарвоз сўзлар ортида бир-бирига мос келмайдиган манфаатлар яширин. Аслида эса ҳар бир давлат саммитдан фақатгина ўзининг жорий тактик мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида фойдаланмоқда.

Россия: Постсовет ҳудудидаги ҳукмронлик қўлдан бой берилаётгани Москва учун жиддий муаммодир. МДҲ Россия учун геосиёсий яккаланишни яширувчи ва қўшни давлатларни ҳеч бўлмаганда расман ўз таъсир доирасида сақлаб турувчи қурол ҳисобланади.

Беларусия: Минскнинг позицияси ҳокимиятни марказлаштиришни кучайтиришга ҳамда «умумий бозор манфаатлари йўлида белбоғни маҳкам боғлашга» қаратилган чақириқларга асосланади. Беларусия учун санкциялар туфайли юзага келган халқаро миқёсда якчаланиб қолиш ва Россияга иқтисодий жиҳатдан қарам бўлиб қолиш асосий муаммолардан биридир. Шу боис Минск ҳукумати қўшни давлатлардан «ўлсак бирга ўламиз, қолсак бирга қоламиз» деган тамойил асосида бирдамликни талаб қилиб келади.

Туркманистон: Ашхободнинг позицияси давлатнинг доимий бетарафлик мақоми билан белгиланади. Туркманистон учун чуқур интеграция оқибатида суверенитетдан айрилиб қолиш асосий муаммо саналади. Шунинг учун давлат ўзига жиддий мажбуриятлар юклайдиган битим ва иттифоқлардан узоқроқ туришга интилади, саммитларда эса кўпинча фақат баённома тариқасида иштирок этади.

Озарбайжон ва Арманистон: Боку ва Ереван учун МДҲ майдони ҳамон ҳал этилмаган қарама-каршиликлар шароитида парда ортида музокаралар ўтказиш ҳамда Туркия, Европа Иттифоқи, Эрон каби ташқи ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш имконини берувчи дипломатик макон ҳисобланади. Шунинг учун бу иккисининг ушбу иқтисодий кун тартибига қизиқиши чекланган.

Марказий Осиё давлатлари:

Қозоғистон: Остона суверенитет ва хомашёга қарамлик ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолишга интилади. У кўп томонлама ҳамкорлик форматларига содиқлигини очиқ кўрсатиш билан бирга, миллий суверенитетини қатъий ҳимоя қилиб, санкцияларни четлаб ўтиш сиёсатини юритмоқда.

Қозоғистон иқтисодий алоқаларни сақлаб қолишни ёқлайди, бироқ ҳамкорликни сиёсийлаштиришга ёки миллий даражадаги қарорларга таъсир кўрсатадиган устун назорат ўрнатишга қаратилган уринишларга тўсқинлик қилади. Қозоғистоннинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефтьнинг Россия ҳудудидан ўтувчи транзит йўлларига, айниқса Каспий қувур консорциумига қарамлиги бунинг асосий сабаби ҳисобланади.

Қолаверса, Москвадан келадиган тажовузкор баёнотлар ва сиёсий босимга учрамаслик учун Остона икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг ташқи кўринишини сақлаб қолишга интилади. Айни пайтда Россияни четлаб ўтувчи Ўрта коридорни ривожлантириб, Хитой ва Ғарб давлатлари билан ҳам ҳамкорлигини мустаҳкамлаб бормоқда.

Ўзбекистон: Тошкент Кремльнинг интеграция тузоқларидан амалда узоқ туришга ҳаракат қилади. У Кремль таклиф қилаётган интеграция форматларига қўшилишда эҳтиёткорона позицияни эгаллаб, умумий мажбуриятларда имкон қадар камроқ иштирок этишга интилади. Саммитларда танлама тарзда иштирок этиб, иқтисодий сиёсатда эркин ҳаракат қилиш имкониятини ёки мустақил ташқи сиёсат юритишни чеклайдиган ҳужжатлардан йироқ бўлишга уринади.

Ўзбекистоннинг суверенитетини чеклаши мумкин бўлган устун тузилмаларга нисбатан тарихий ишончсизлиги бунинг асосий сабабларидан биридир. Бунга давлатнинг Евроосиё иқтисодий ҳамкорлиги ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиққанини мисол қилиб келтириш мумкин.

Яна бир муҳим сабаб шуки, Тошкент Марказий Осиё давлатларининг ўзаро минтақавий ҳамкорлигига алоҳида аҳамият беради. Ўзбекистон бундай ҳамкорликка Кремль тиқиштираётган интеграция форматларига қараганда самаралироқ ва хавфсизроқ қурол сифатида қарайди.

Қирғизистон: Бишкек миграция ва молиявий қарамлик маҳбусидир. Қирғизистоннинг сиёсати миграция ва молиявий жиҳатдан заифлиги билан чекланган. Бишкекнинг позицияси имкон қадар кўпроқ барқарорлик ва хавфсизликка эришишдан иборат. МДҲ саммитлари ва бошқа халқаро майдонларда Қирғизистон Москванинг ташаббусларини маъқуллаб, мустақил кун тартибини илгари суришга уринмаган ҳолда умумий оқимга қўшилиб овоз беради.

Миллий иқтисодиётнинг Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига ҳаддан ташқари қарамлиги бунинг асосий сабабларидан биридир. Бундан ташқари, ёқилғи импорти ва хавфсизлик масалаларидаги жиддий заифлик Бишкекка сиёсий жиҳатдан мустақил қадам ташлашга деярли имкон бермайди. Бундай шароитда Қирғизистон Москвага нисбатан очиқ сиёсий қаршилик кўрсатишга ботинолмайди.

Тожикистон: Душанбе учун Россия билан ҳамкорлик қилиш тақдирий масала ҳисобланади. Бу қарамлик Тожикистоннинг ташқи таҳдидларга қарши сиёсий ва ҳарбий соҳаларда техник ёрдам сўраб Россияга мурожаат қилишидан ҳам сезилиб туради.

Бу эса Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараларидаги беқарорликка боғлиқдир. Режимнинг хавфсизлиги кўп жиҳатдан Россиянинг ҳарбий базаси ва ҳарбий-техник ёрдамига боғлиқ бўлгани сабабли, Душанбе ҳукумати Кремль илгари сураётган «экстремизм ва терроризмга қарши кураш» сиёсатини қўллаб-қувватлашга мажбур.

Бундан ташқари, Тожикистоннинг Россияга қарамлиги меҳнат миграцияси ва ташқи савдо тармоқларида ҳам яққол кўзга ташланади. Россияда ишлаётган тожикистонлик мигрантларнинг пул ўтказмалари давлат иқтисодиёти учун муҳим манба ҳисобланади. Ташқи савдодаги жиддий қарамлик эса Душанбе ҳукуматининг Москвага нисбатан садоқатини янада кучайтиради.

Минтақа бўйича асосий хулоса:

Марказий Осиё давлатлари учун МДҲ – тактик ҳаракатланиш майдони вазифасини ўтайди ва айни пайтда ундаги аъзолик Москванинг «яхши кайфияти» учун тўланадиган бадалдир. Давлатлар саммитларда фаол иш олиб бораётгандек кўриниб, Москванинг қоидаларига мувофиқ иш юритишга мажбурдирлар.

Москванинг қаттиққўл талаблари, Хитойнинг ўз таъсирини кенгайтиришга уринишлари ва Ғарбнинг санкциявий босими ўртасида мувозанат сақлаш мажбурияти минтақадаги давлатларнинг умумий муаммоси ҳисобланади. МДҲ улар учун «тутқичи йўқ сумка»га ўхшайди: миграция ва логистика муаммолари сабабли ундан воз кечиш қийин, лекин уни кўтариб юришнинг ҳам фойдаси йўқ.

Энди кўп тилга олинадиган «мафкуравий хавфсизлик» масаласига келсак, бу жамоатчилик фикрини маълум бир ўзанга буриш учун манипуляция қилишнинг яққол намунасидир. Кун тартибини бетрафлик билан бошқа ўзанга буриш МДҲ риторикасининг асосий дардларидан биридир. Кремлга хушомад қилинадиган барча саммитларда «халқаро терроризм», «экстремизм» ва «трансчегаравий жиноятчилик»ка қарши кураш ҳақидаги чақириқлар қайта-қайра янграб келади.

Бу жамиятнинг диққатини бошқа тарафга чалғитишга қаратилган ҳийла-найрангнинг одатий намунасидир. Сунъий таҳдидларни келтириб чиқариш Москванинг сиёсий стратегиясида қўлланиладиган асосий усуллардан бири ҳисобланади. Диний экстремизмга боғлиқ ёки эҳтимолий хавфларни мунтазам муҳокама қилиш орқали Кремль минтақадаги сиёсий элиталарга «умумий қуршовдаги қалъа» тушунчасини сингдиришга уринади. Бошқача айтганда, ташқаридан доимий равишда таҳдид туғилиб тургандек вазиятни вужудга келтириб, бу давлатларни Москва атрофида бирлашишга мажбурлайди.

Бу сиёсат қанчалик сунъий эканини яққол англаш учун икки воқеликни солиштириб кўришнинг ўзи кифоя. МДҲ декларацияларида минтақадаги барқарорликка таҳдид солувчи «тўқима таҳдидлар»га қарши кураш хусусида сўз бораётган бир пайтда, амалда Украинада кўплаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Кенг кўламли бу уруш ўн минглаб тинч аҳолининг ва иккала тарафдан юз минглаб аскарларнинг умрига зомин бўлди.

Агар таққослаб кўрадиган бўлсак, сўнгги йилларда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатларида сунъий равишда келтириб чиқарилган террорчилик ва экстремистик ҳодисалар жуда кам учрайди. Шу боисдан, МДҲ доирасида илгари сурилаётган «минтақавий хавфсизлик муаммоси» ва Кремлнинг Украинада бошлаган кенг миқёсли тажовузини бир тарозининг икки палласига қўядиган бўлсак, бу ташкилотнинг қарама-қаршилиги, сунъийлиги ва сохтакорлиги яққол намоён бўлади.

Минтақанинг сиёсий қарамлиги

Хулоса қилиб айтганда, МДҲ аллақачон иқтисодий ёки интеграциявий лойиҳалик хусусиятини йўқотган. У сиёсий садоқатни акс эттирувчи тузилмадир. Шу боисдан ҳам минтақадаги давлатлар Москва манфаатларига асосланган қоидалар бўйича ўйин юритишга мажбур бўлмоқдалар.

Бундай формат орқали гўёки давлатлар мустақил сиёсий қарор қабул қилаётгандек тасаввур пайдо қилинади. Аниқроғи, кичик ва ўрта давлатлар саммитларда иштирок этиб, декларацияларни қўллаб овоз берадилар. Бироқ бу уларнинг ўз хоҳиш-иродасидан келиб чиқмайди. Одатда, улар Россия бозорига, меҳнат мигрантларининг пул ўтказмаларига ва транзит йўлларига бўлган қарамликлари туфайли шундай қадамлар ташлашга мажбур бўладилар.

Натижада, минтақадаги давлатлар омон қолиш мақсадида Москва билан тинимсиз тактик келишувларга мажбур бўлмоқда. Марказий Осиё давлатларининг раҳбарлари ва МДҲнинг бошқа аъзоларининг раҳбарлари ташкилотдаги расмий аъзоликни ўз манфаатига эришиш қуролига айлантириб олишган. Улар Москва билан иттифоқчилик муносабатларини сақлаб тургандек кўриниб, энергетика ресурсларидан имтиёзлар олишга, санкция чекловлари бўйича муддатни узайтиришга ёки ўз ҳокимиятини сақлаб қолишга имкон берувчи сиёсий кўмакка эришишга интиладилар. Бироқ айни пайтда Хитой ва Ғарб билан алоқаларини кенгайтириб, ташқи ҳамкорларини диверсификация қилишга ҳаракат қиладилар.

Шунинг учун ҳам МДҲ аввалгидек фақат сунъий саҳна вазифасини бажариб келмоқда. Кремль «улуғ Евроосиё оиласи»нинг қудратини кўрсатишга уринаётган бир пайтда, ташкилотнинг бошқа аъзолари ундан фақат ўз манфаатига эришиш учун вақтинчалик минбар сифатида фойдаланишмоқда. Шунинг учун улар қисқа муддатли иқтисодий манфаат эвазига идеологик босимларга чидаб, Москванинг талабларига ноилож рози бўлиб келишмоқда.

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button