Хабар ва изоҳ

Қирғизстонда қиш мавсумида яна электр ўчирилиши мумкин

Қирғизстонда қиш мавсумида яна электр ўчирилиши мумкин

Энергетика вазири Алтынбек Рысбеков Қирғизстонда бу йил ҳам электр энергияси тақчиллиги сақланиб қолаётганини маълум қилар экан, қиш мавсумида электр қуввати етмай қолган кунларда электр ўчирилишини маълум қилди. Вазир бу ҳақда Жўғўрқу Кенешнинг йиғилишида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда электр истеъмоли йил сайин ошиб бораётганига қарамай, қўшимча электр ишлаб чиқариш бу ўсиш суръатидан орқада қолмоқда. Натижада ҳар бир қиш мавсумида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

«Буни импорт ҳисобидан ёпаябмиз, бироқ биз электр сотиб олаётган қўшни давлатларнинг ўзларида ҳам истеъмол кескин ортган маҳалда бизга электр энергиясини бериш имконияти бўлмай қолади. Ўша пайтда электр қуввати борасида жиддий муаммо юзага келиши мумкин. Истеъмол кўпайиб, электр қуввати етишмай қолган пайтда айрим чора-тадбирларни кўришга тўғри келади», — деди Рысбеков.

Олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида истеъмол ҳажми 14,2 миллиард кВт/соатни ташкил этган бўлса, унинг 11,3 миллиард кВт/соатини маҳаллий станциялар ишлаб чиқарган. Қолган 2,9 миллиард кВт/соатлик ҳажм эса шу кунгача четдан сотиб олинган.

Изоҳ:

Қирғизстонда ҳар йили электр энергияси тарифларини қимматлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиниб келинади. Бундай қарор мамлакат энергетика тармоғидаги тақчилликни бартараф этишга уриниш асосида амалга оширилади. Бироқ ҳеч кимга сир эмаски, ўлкада электр энергияси тарифи тез-тез оширилганига қарамай, совуқ кунларда аҳолига етарли миқдорда электр берилмаяпти. Ҳаттоки, аҳоли вақти-вақти билан свет ўчирилишидан азият чекмоқда. Эрталабки ва кечки пайтларда эса чекловлар киритилмоқда.

Бунинг акси ўлароқ, мамлакатдаги капиталистлар майнинг фермаларини ишлатиш учун электр энергиясини сув текинга олишмоқда. Расмий ҳукумат электр энергиясининг таннархи 2 сом 38 тийинга етишини айтиб келади. Бироқ капиталистларнинг манфаатига келганда бу таннарх 60 тийиндан ҳам арзонлаб қолмоқда.

Аслини олганда, Қирғизстоннинг энергетика инқирозидан қутула олмаётганининг сабаби тарифларнинг арзонлигида эмас, балки тармоқдаги коррупция ва капиталистларнинг турли ҳийла-найрангларига бориб тақалади. Масалан, амалдорлар суғориш мавсумида Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув сотиб, даромад олишади. Қиш мавсумида эса қайтадан электр энергиясини сотиб олиш учун шартномалар тузиб, яширинча яна ўз чўнтакларини қаппайтиришади. Мана шундай чирмашиб кетган коррупцион схемаларга барҳам бериш ўрнига, ҳар гал келган ҳукумат тарифларни ошириш орқали халқнинг елкасидаги юкни оғирлатишни афзал кўрмоқда. Уларнинг сайловолди қуруқ ваъдалари вақтинчалик алдов экани ҳар сафар фош бўлса ҳам, халқ сўнгги умид билан навбатдаги «сотқин» сиёсатчиларга алданиб қолишда давом этмоқда.

Ҳар бир янги президентнинг электр энергияси тарифларини оширишда бир «асосли» сабаби бор: бу сабаб мазкур соҳа учун олинган улкан кредитлар ва уларнинг коррупция йўллари билан ўзлаштирилишидир. Қирғизистон 1992 йилдан буён ҳозирги вақтгача энергетика соҳасига 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу маблағларнинг асосий қисми чет эл молиявий ташкилотларидан кредит, ссуда ва грант сифатида олинган. Ҳар сафар кредит олинаётганда электр соҳасини «модернизация қилиш» баҳона қилинади. Аммо шунчалик улкан миқдордаги маблағларга қарамай, мамлакат энергетикаси ҳануз оғир аҳволда қолмоқда. Бу эса электр энергияси соҳаси коррупция ўчоғига айланиб қолганини тасдиқлаб турибди. Бундан ташқари, халқаро молиявий ташкилотлар бу кредитларни мамлакатда тарифларни ошириш талаби билангина беради. Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари мустамлакачиларнинг қуроли эканлигида шубҳа йўқ. Мустамлакачилар улар орқали қарз бериб, давлатларни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан жиловлаб олишади. Улар тарифларни қимматлаштириш орқали мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарларнинг таннархини ҳам оширишни мақсад қилишади. Натижада маҳаллий тадбиркорлар чет эллик капиталистларнинг арзон баҳодаги товарлари билан рақобатлаша олмай қолишади.

Хулоса қилиб айтганда, муаммонинг асосий сабаби – бошимиз узра қора булутдек айланаётган капиталистик тузум ва унга хизмат қилувчи амалдорларнинг коррупцион схемаларидир. Улар халқнинг ҳаётий эҳтиёжи бўлган энергияни хусусийлаштириш ва талон-торож қилиш орқали улкан фойда кўришмоқда.

Аслида эса электр энергияси умумий мулк бўлиб, Исломда унинг ўзига ҳам, ундан келадиган манфаатига ҳам давлат ёки хусусий ширкатлар эгалик қилиши мумкин эмас. Унинг ўзи ёки ундан тушган даромад ҳар бир фуқарога етиб бориши ва Умматнинг манфаатига хизмат қилиши лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:

فِى ثَلاَثٍ فِى الْمَاءِ وَالْكَلَإِ وَالنَّارِ

«Мусулмонлар уч нарсада — сув, яйлов ва оловда шерикдирлар».

Бу ҳадисни Анас ҳам Ибн Аббосдан ривоят қилиб, «буларнинг пули ҳаромдир» деган сўзни қўшимча қилган.

Бундан англашиладики, умумий мулк ёки ундан келадиган даромадларнинг ҳар бир фуқарога етиб боришини таъминлаш — давлатнинг зиммасидаги бурчи ҳисобланади.

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button