Қонун барчага баробар бўлиши учун нима қилиш керак?

Қонун барчага баробар бўлиши учун нима қилиш керак?
Қирғизистон президенти Садир Жапаров судларни Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимларидан қўрқмасдан, ишнинг ҳолатларига қараб адолатли қарор чиқаришга чақирди. Бу ҳақда у Чаткал тумани аҳолиси билан учрашуви чоғида, эрини махсус хизмат терговчилари қийноққа солганини айтиб мурожаат қилган аёлнинг шикоятидан сўнг гапириб ўтди.
Бу баёнот Қирғизистон давлатчилигидаги чуқур илдиз отган муаммоларни очиб бермоқда. Бундай шахсий аралашувлар ва оғзаки огоҳлантиришлар жамоатчилик томонидан мунтазам равишда кескин танқидга учраб келади. Чунки чуқур илдиз отиб кетган бундай хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ва зўравонликлар давлат идораларининг заифлиги ҳамда мустақил равишда иш олиб боришга ожизлигини фош этмоқда.
Биринчидан, бундай ҳимоя танлама характерга эга бўлмаслиги керак. Хавфсизлик барча фуқаролар учун бирдек кафолатланиши шарт. Президент эса қонунларнинг ижроси ва фуқароларнинг хавфсизлигига кафил бўлиши лозим.
Судларни махсус хизматлардан қўрқмасликка чақириш ёки фақат айрим шахсларнигина ҳимоя остига олиш адолатнинг танланма тарзда қўлланилишига йўл очадиган хавфли ҳолатдир. Бундай ёндашув «қонун барча учун баробар» деган тамойилга путур етказади.
Қилган жиноятлари учун жазо олмайдиган куч ишлатар тизимларнинг ўзбошимчаликларидан ва ҳаддан ташқари бемаъни хатти-ҳаракатларидан фақатгина судлар, юқори лавозимли амалдорлар ёки ҳокимиятга яқин кишилар эмас, балки барча фуқаролар бирдек ҳимоя қилиниши керак.
Энг аввало, бундай ҳимояга оддий фуқаролар ҳамда ўз эътиқодларига амал қилувчи мусулмонлар ва тадбиркорлар муҳтождир. Улар йиллар давомида асоссиз жиноий ишлар қўзғалишидан, товламачиликдан, руҳий ва жисмоний босимлардан, жумладан, юқоридаги мурожаатда тилга олинган қийноқлардан азият чекиб келишмоқда.
Тадбиркорларнинг куч ишлатар тизимлар қаршисида ҳимоясиз қолиши инвестиция муҳитини ёмонлаштириб, мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказади. Фаол мусулмонларни таъқиб қилиш эса сиёсий рақобатни кучайтириб, норозилик кайфиятини келтириб чиқарувчи шароитларни вужудга келтиради. Натижада ҳокимият вакиллари айнан шу муаммоларни хавфсизлик бўйича саммитларда муҳокама қилиб, уларни ҳал этишнинг самарали йўлларини излашга мажбур бўлишади.
Бундай баёнотлар кўпроқ сиёсий популизм ва сайлов олдидан очко тўплашга ишора қилмоқда. Чунки жамият давлат раҳбаридан «ҳеч кимдан қўрқманглар» қабилидаги туйғуни қўзғайдиган баландпарвоз чақириқларни эмас, балки давлат идораларининг самарали ишлашини таъминлайдиган изчил ва тизимли чора-тадбирларни кутади.
Қонунлар тергов органларининг фуқароларга босим ўтказишига йўл қўядиган барча бўшлиқларни бартараф этиши лозим. Улар қоғоздаги қуруқ декларация бўлиб қолмай, ҳаётда самарали иш бериб, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилиши шарт.
Шунингдек, жиноятларни фош этиш кўрсаткичларини сунъий равишда бажаришга қаратилган эски советча усуллардан воз кечиш зарур. Жиноятчиларни топиш ва жиноятларни очиш ишлари олдиндан белгилаб қўйилган режаларни бажаришга эмас, балки қонунийлик, далиллар ва адолатга таяниши керак.
Қирғизистон мустақиллик эълон қилинган кундан бошлаб ўнлаб йиллар давомида илдиз отган бир қатор муаммолардан қутула олмай келмоқда. Таниш-билишчиликка асосланган кадрлар сиёсати, маҳаллийчилик, кланчилик ҳамда уруғ-аймоқчиликка бўлинишлар шулар жумласидан. Мана шундай салбий ҳолатларни тубдан ўзгартириш учун кучли давлат идораси зарур. Бироқ аниқ, барқарор ва энг муҳими – тўғри мафкура бўлмагунча, бу камчиликларни бартараф этиб бўлмайди.
Исломдаги адолатли жамият қўш стандартлар ва кланларга бўлинишдан воз кечишга асосланади.
Бану Маҳзум қабиласидан чиққан машҳур бир аёл ўғрилик қилганида, айрим саҳобалар уни оғир жазодан сақлаб қолиш учун Пайғамбаримиз ﷺнинг севимли саҳобаларидан бири Усома ибн Зайд орқали воситачилик қилишга уринишган эди. Бунга жавобан Муҳаммад ﷺ адолатнинг абадий тимсолига айланган қуйидаги сўзларини айтдилар:
«إِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ قَبْلَكُمْ أَنَّهُمْ كَانُوا إِذَا سَرَقَ فِيهِمُ الشَّرِيفُ تَرَكُوهُ، وَإِذَا سَرَقَ فِيهِمُ الضَّعِيفُ أَقَامُوا عَلَيْهِ الحَدَّ، وَايْمُ اللَّهِ لَوْ أَنَّ فَاطِمَةَ بِنْتَ مُحَمَّدٍ سَرَقَتْ لَقَطَعْتُ يَدَهَا»
«Сиздан олдингиларни ҳалок қилган нарса шуки, агар ораларида обрўли-насабли киши ўғрилик қилса, уни тек қўйишар эди. Агар ораларида заиф (бечора) киши ўғрилик қилса, унга ҳаддни (жазони) ижро этишар эди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, албатта унинг қўлини кесар эдим!» (Ал-Бухорий, Муслим)
Бу ҳадис Исломда қонун одамларга қараб ўзгармаслиги кераклигини тасдиқлайди. Шунингдек, инсон ўз насаби ва мансабидан қатъи назар, зулмдан ҳимоя қилиниши ҳамда адолат жамиятнинг барча қатламларига тенг жорий қилиниши лозимлигини таъкидлайди.
Одил халифалар тарихи ҳам қонун амалда ишлашини ва ҳокимият тепасида турган шахснинг ўзи адолатни таъминлаши шартлигини кўрсатади.
Амр ибн Оснинг ўғилларидан бири от пойгаси вақтида отасининг мавқеига таянган ҳолда оддий мисрликни камчи билан уриб, «Мана сенга! Мен аслзодаларнинг ўғлиман!» – деган эди. Шунда ғалаба қозонган жабрдийда мисрлик Мадинага бориб, халифа Умар розияллоҳу анҳуга арз қилди.
Умар розияллоҳу анҳу дарҳол Миср ҳокими Амр ибн Ос ва унинг ўғлини пойтахт Мадинага чақирди. Улар келгач, халифа қамчини мисрликка бериб, тарихта муҳрланиб қолган қуйидаги сўзларни айтди: «Оналари ҳур-эркин туққан одамларни сиз қачондан бери қул қилиб олдингиз?!»
Ўшанда жабрланувчи жавоб тариқасида одамларнинг кўз ўнгида ўзини урган кишини қамчи билан урди. Умар розияллоҳу анҳу айнан шу қарори билан ҳеч қандай хизмат мавқеи ёки сиёсий таъсир қонунни бузган одамни жавобгарликдан қутқара олмаслигини кўрсатди.
Халифа Али ибн Абу Толибнинг розияллоҳу анҳу қози ҳузуридаги воқеаси ҳам адолатнинг энг муҳим намуналаридан бири ҳисобланади. Тўртинчи халифа Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу жанглардан бирида совут-қалқонини йўқотиб қўяди ва кейин уни бозорда оддий яҳудийнинг қўлида кўради. Али розияллоҳу анҳу ўша одамни ўғриликда айблаб, ишни исломий қози Шурайҳнинг муҳокамасига топширади.
Қози Шурайҳ халифа Али розияллоҳу анҳудан ўз даъвосини тасдиқловчи далиллар ва гувоҳлар талаб қилади. Али розияллоҳу анҳу гувоҳ сифатида ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва хизматкорини бошлаб келади. Бироқ қози ўғил отасининг фойдасига гувоҳлик бериш адолатга тўғри келмайди, деган важ билан Ҳасаннинг гувоҳлигини қабул қилмайди. Хизматкорнинг кўрсатмасини эса етарлича вазнли далил деб ҳисобламайди.
Натижада, қози халифанинг даъвосини исботлаш учун етарли далиллар йўқлиги сабабли, яҳудийнинг фойдасига қарор чиқаради.
Давлат раҳбарининг ўзи оддий фуқаро билан қозихонада тенг ҳуқуқли тараф сифатида судлашиб, мустақил қозининг ҳукми ҳокимият соҳибига қарши чиққанини кўрган яҳудий шунчалик ҳайратда қоладики, суд жараёни давомида Ислом динини қабул қилиб: «Бу ҳақиқатан ҳам пайғамбарларнинг одоби ва қонунлари экан!» – деб юборади.
Шундан сўнг у совутни ўз ихтиёри билан Али розияллоҳу анҳуга қайтариб бериб, унинг чиндан ҳам Алига тегишли эканини тан олади ва Исломнинг адолатидан лол қолади.
Ислом тарихида ҳақиқий адолат ва қозилик адолатининг энг юксак намуналарини кўрсатган воқеалар жуда кўп. Бу воқеалар Ислом мафкурасининг нақадар ҳаққонийлигини тарихий мисоллар орқалигина эмас, балки давлат бошқарувида амалда қўллаш мумкин бўлган мукаммал тамойиллар орқали ҳам исботлайди.
Ҳақиқий адолат қарор топиши ва қонун устуворлиги таъминланиши учун қонун ҳар бир инсондан юқори туриши керак. У инсон амалдорми, президентнинг қариндошими ёки оддий фуқароми – бунинг фарқи йўқ. Асосий хулоса мана шундан иборат!
Шунингдек, судлар тўлиқ мустақил бўлиб, нуфузли давлат идоралари ёки ҳукмрон элиталарнинг манфаатларига дахлдор ишлар бўйича ҳам адолатли қарор чиқаришдан қўрқмаслиги лозим.
Бундан ташқари, таниш-билишчиликка ва шахсий алоқаларга таяниб иш кўрадиган кадрлар сиёсати тубдан барҳам топиши шарт. Давлат «ўз одамларини» ҳимоя қилишга эмас, балки ахлоқ ва ҳуқуқ устуворлигига асосланган соғлом тизимни шакллантириши зарур. Исломдаги суд адолатининг намуналари айнан шундай муқаддас тамойилларга таянади.
Абду Шукур




