Қирғизистон дипломатиясининг «ютуқлари»га танқидий назар

Қирғизистон дипломатиясининг «ютуқлари»га танқидий назар
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг Раиси Адилбек Касималиев Қирғиз Республикаси дипломатик хизмати ходимларини касб байрами билан табриклади. Бироқ дипломатик хизмат ходимлари кунига бағишлаб айтилган мазкур табрик мамлакат ва унинг фуқаролари дуч келаётган оғир муаммоларни четлаб ўтган ҳолда айтилди.
ШҲТ саммитларини ўтказиш, Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашига 2027–2028 йилларда аъзо бўлиш каби «тарихий ғалабалар»ни бирма-бир санаб ўтиш ташқи ишлар вазирлиги дуч келган чуқур тизимли инқирозни яшириш вазифасини бажармоқда. Аниқроғи, ушбу сўзлар ортидан босқинчиларга нисбатан қарамлик пардаланмоқда.
Аслида эса Қирғизистон дипломатияси аллақачон бюрократик ўзини ўзи мақташ аппаратига айланиб, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш борасида сурункали ожизликка юз тутган.
Ташқи ишлар вазирлиги мустақил сиёсат юритиб, мамлакатнинг йўналишини белгиловчи куч бўлиш ўрнига, оддий хат ташувчи муассаса даражасига тушиб қолди. Ундан ҳам ёмони, йирик давлатларнинг соқов вакилига, ҳатто уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокатига айланди. Геосиёсий беқарорлик кучайган ҳозирги шароитда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини қатъият ҳамда изчиллик билан ҳимоя қилишдан ожиз эканини кўрсатмоқда. Бу муассаса мустамлакачиларнинг ҳар бир кўрсатмасига сўзсиз итоат этиб, «дипломатик мослашувчанлик» баҳонаси остида мамлакатнинг суверен позицияларини ёт кучларнинг қўлига топшириб қўймоқда.
Россиядаги меҳнат муҳожирлари оғир кунларни бошидан кечираётган бир пайтда, хориждаги дипломатик хизмат ходимларининг маошлари «оширилгани» ҳақида шовшувли ҳисоботлар тарқатилмоқда. Россиядаги ватандошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида Ташқи ишлар вазирлиги музокаралар орқали эришиш мумкин бўлган барча имкониятларни қўлдан бой бериб бўлган.
Россиядаги қирғизстонликлар мислсиз босимларга, куч структураларининг тинимсиз рейдларига, камситиш ва хизмат кўрсатишдаги тартибсизликларга дуч келмоқдалар. Ҳозирги воқелик шуни кўрсатмоқдаки, қирғиз муҳожирлари маҳаллий амалдорлардан тортиб коррупциялашган тузилмаларгача ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланадиган, қўрқитиб пул ундириладиган ва ҳуқуқлари поймол этилган кимсаларга айланиб қолишди.
Юз минглаб фуқаролар миграция қонунчилигининг қаттиққўллигидан азият чекаётган бир пайтда «иқтисодий дипломатия» қаерда қолди? Бошқа мамлакат ҳукуматига нисбатан қатъий дипломатик ноталар юбориш, ватандошлар манфаатларини юқори даражада ҳимоя қилиш ва уларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ўрнига, фақатгина одат тусига кириб қолган жавоблар ҳамда сукут сақлаб рози бўлиш ҳолатларини кўриб турибмиз.
Қирғизизтон Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари Ислом умматининг вакиллари сифатида Ислом давлати қад кўтара бошлаган илк даврда – Росулуллоҳ ﷺ замонларида кўрсатилган ҳақиқий, қўрқмас дипломатиянинг тарихий намуналаридан сабоқ олишлари керак.
Мадинада эндигина қарор топган ва ҳали тўлиқ мустаҳкамланиб улгурмаган Ислом давлати, атрофини душман қабилалар ҳамда қудратли империялар ўраб олганига қарамай, ўзлатга чекинмаган ҳамда «хат ташувчи муассаса»га ёки ялиниб ёрдам сўрайдиган томонга айланиб қолмаган эди.
Ҳудайбия сулҳидан сўнг Ислом давлати мислсиз жасорат билан жиддий қадам ташлади. Ислом давлати ўша даврдаги энг йирик империялар ва давлат бошлиқларининг номига бевосита дипломатик мурожаатлар йўллади. Шу орқали у халқаро сиёсатнинг тўлақонли иштирокчиси эканини исботлай олди.
Ўша дипломатик масъулиятнинг айрим тарихий мисоллари, мактублар йўналтирилган манзиллар ва элчилар қуйидагилардан иборат эди:
- Византия империяси (Рум) – император Ираклийга мактуб. Бу масъулиятли вазифани Диҳья ибн Халифа ал-Калбий зиммасига олди. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг амри билан у ўша даврдаги энг қудратли державалардан бирига элчи бўлиб бориб, императорни Исломга даъват қилди. Бу ҳақиқатда улкан жасорат ва куч-қувватни талаб қиладиган иш эди.
- Сосонийлар империяси (Форс) – шаҳаншоҳ Хусрав II га йўлланган мактуб (Қисро). Бу элчилик вазифасини Абдуллоҳ ибн Хузофа ас-Саҳмий зиммасига олди. У ўз даврида енгилмас ҳисобланган жаҳон империяларидан бирига очиқдан-очиқ даъватни етказди.
- Эфиопия (Ҳабашистон) – Нажошийга йўлланган мактуб (Асҳама ибн Абжар). У ерга Амр ибн Умайя ад-Думорий элчи бўлиб борди. Бу дипломатик миссиядан кўзланган мақсад дастлабки мусулмонларга бошпана берган, насроний динига эътиқод қилувчи ва Ягона Аллоҳга ишонган ҳукмдор билан стратегик, гуманитар ҳамда сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш эди.
- Миср (Византия тасарруфидаги) – ҳукмдор Муқавкисга мактуб (ал-Муқавкис). Бу масъулиятни Ҳатиб ибн Абу Балтаъа ўз зиммасига олди. Унинг асосий мақсади Шимолий Африкадаги стратегик муҳим ҳудуд ҳукмдори билан тўғридан-тўғри дипломатик кўприк ўрнатиш эди.
- Умон – Ака-ука ҳукмдорлар Жайфар ва Абдга (ал-Жуланданинг ўғиллари). Бу дипломатик вазифани Амр ибн ал-Ос ўз зиммасига олди. У муваффақиятли дипломатия юритиб, Умоннинг тинчлик йўли билан Ислом давлатига қўшилишига замин яратди.
- Шом (Сурия, Византия таъсири остидаги ҳудуд) – Ғассонийлар ҳукмдори ва Бусра ноиби ал-Ҳорис ибн Абу Шамрга. Бу йўналишдаги элчилар қаторида Шужа ибн Ваҳб ал-Асадий ва элчилик миссиясини бажариш чоғида шаҳид бўлган ал-Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийлар бор эди.
Бу тарихий мисоллар ўз давридаги дипломатиянинг қўрқмас намуналарини намоён этади ва бугунги кабинет дипломатиясининг ожизлигини яққол фош қилади.
У пайтда энди қад ростлаган Ислом давлатида на нефть захиралари, на вазирликларнинг чексиз кенгайтирилган бюджетлари, на маошлари оширилган ходимларга мўлжалланган моддий-техник базалар бор эди. Бироқ унда энг асосий нарса — мустақиллик, қадриятларга собит таянган аниқ мафкуравий ўзак ҳамда жаҳон империялари билан тенгма-тенг мулоқот қила оладиган шижоат бор эди. Ислом давлати Исломнинг юксак сиёсий мақомини кўрсатиб, Аллоҳнинг динини даъват орқали бутун дунёга етказишни ўз вазифаси деб билар эди.
Ҳозирги Ташқи ишлар вазирлиги эса мустақил давлатга хос барча сифатларга эга бўлса-да, амалда мусулмон халқни мустабид қарамликда ушлаб турган кучларга қарши бир оғиз сўз айтишдан қўрқадиган қишлоқлик майда савдогарнинг савиясини намоён қилмоқда. У Россияда ўз фуқароларининг ҳуқуқлари топталаётганида қулларча бош эгиб чидаб туради, жаҳон миқёсидаги инқирозларга эса мавҳум, ҳеч нарсани англатмайдиган сўзлар ортига яширинади.
Ислом элчилари кўрсатган тарихий мардликка гувоҳ бўлиш ўрнига, бугун биз хизмат мақомидан айрилиб қолишдан қўрқадиган бюрократик муносабатни ва амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайдиган, фақатгина қизғин иш юритилаётгандек таассурот уйғотадиган ҳолатга гувоҳ бўлиб турибмиз.
Қирғизистон халқи ва минтақадаги бошқа халқлар сотқин дипломатларни елкасида юк қилиб кўтариб юришдан чарчади. Улар ўзларининг собиқ улуғворлиги ва шон-шуҳрати манбаси Ислом эканини англаб етдилар. Улар бу мафкурани теран англаган ҳолда, соғлом ақлни қониқтирадиган дунёқараш ҳамда одил шариат орқали иззат топишларини ҳис қилишди.
Мусулмонлар ягона давлатда бирлашиб, дунёга дипломатиянинг юксак намунасини яна бир бор кўрсатадиган кунлар яқиндир. Улар қимматбаҳо кортежларсиз, ҳаддан ташқари катта маошларсиз ҳам, ўзларининг оқ уйларида яшириниб олган, «менман» деган державаларга ўзларининг қатъий сиёсий ва дипломатик позицияларини билдириб қўядилар. У кун жуда ҳам яқиндир!
Ҳужжат Жамиа




