Мақолалар

Нега Ислом академиясининг очилиши қувончга эмас, ташвишга сабаб бўлмоқда?

Нега Ислом академиясининг очилиши қувончга эмас, ташвишга сабаб бўлмоқда?

Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида яқин кунларда Ислом академияси очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг диний пешволари билан учрашув чоғида маълум қилди. Расмий маълумотга кўра, мазкур академия диний саводхонликни ошириш, диний соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Бир қарашда бу ташаббус жамият талабларига жавоб бераётгандек туюлади. Бироқ, диққат билан қаралса, қувонч ўрнига шубҳалар туғула бошлайди. Чунки бу лойиҳа маънавий-маърифий соҳадаги тараққиётдан кўра, кўпроқ сиёсий ва мафкуравий жиҳатдан диний соҳани назорат остига олиш механизмини ўз ичига олиши яққол кўриниб турибди.

Президент сўнгги йилларда давлатнинг диний сиёсатида қатор ислоҳотлар амалга оширилганини бидирди. Улар орасида Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси президент назорати остидаги миллий агентликка ўтказилганини таъкидлади. Бу шунчаки техник қарор эмас, балки мамлакатдаги мусулмонлар ҳаёти устидан назоратни кучайтиришдир. Диний соҳага бевосита масъул бўлган қўмитани президентнинг ўзи назорат қилиши – бу унинг нафақат диний муассасаларни, балки динни тушунтириш жараёнларини ва диннинг ўзини ҳам назорат қилишга уринаётганини кўрсатади.

Хусусан, масжидлар, мадрасалар, хусусий курслар ёпилаётган бир пайтда янги диний академиянинг очилиши катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда ўқитувчилик дипломига эга бўлганлар ҳам диний қўмитанинг рухсатисиз ўқитувчилик билан шуғуллана олмайди. Бундай хусусий фаолиятга расмий рухсатнинг йўқлигига бунинг “давлат стандартларига жавоб бермаслиги” ёки “радикализм”га олиб бориши сабаб қилиб кўрсатилади. Бироқ, аслида, муаммо уларнинг сиёсий иродага боғлиқ эмаслиги ёки давлат ташкилотларига қарам эмаслигидадир. Янги академиянинг ташкил этилиши диний фаолиятни кенгайтирмайди, аксинча, давлат ташкилотларига тобе бўлмаганларни бу соҳадан четлатиб қўяди.

Жапаров ўз нутқида диний оқимларнинг интернет орқали ёшларга таъсирига алоҳида эътибор қаратиб, ёш авлодни анъанавий қадриятлар асосида тарбиялаш зарурлигини таъкидлади. Бироқ, бу давлат сиёсати контекстида “ҳукуматга содиқ” мусулмонни шакллантиришга чақириқ каби кўринмоқда. Мафкуравий элакдан ўтказиш асосида таълим бериш назорат профилактикасига айланмоқда.

Йиғилиш якунида Садир Жапаров Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар муфтийлари номидан диний идоранинг “Айкўл” ордени билан тақдирланди. Гарчи бу ҳаракат диний хизмат учун тақдирлаш сифатида тақдим этилган бўлса-да, аслида шахсий садоқат белгисига айланди. Дин пешволарининг сарой томонидан қўллаб-қувватланишга розилик билдиришлари шариат асосларидан бош тортиш ҳисобланади. Диний идора соҳиблари юқоридаги ҳаракати билан давлатга содиқликларини билдиришди.

Исломни турк дунёсининг миллий анъаналари билан уйғунлаштириш зарурлиги ҳақидаги баёнотлар алоҳида эътиборга лойиқдир. Ушбу формула, дин мамлакат ичида маънавий асос эмас, балки ташқи сиёсатнинг ва геосиёсий лойиҳаларнинг бир қисмига айланиб бораётганидан далолат беради. Яъни Ислом Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида маданий интеграция қуролига айланиб бормоқда. Шунингдек миллий мафкура қуриш мақсадида унсурлардан бири сифатида Исломдан ҳам фойдаланилмоқда.

Қирғизистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, кашфиётлар ва тантанали баёнотлар фонида бугунги ҳолат тобора ойдинлашиб боряпти. Қирғизистонда Мустамлакачилар томонидан ўрнатилган дин ва давлат ўртасидаги модел яна кучайиб бормоқда. Бу моделда маънавият иккинчи ўринга сурилиб, назорат ва бошқарув биринчи ўринга чиқади. Таълим хавфсизлик доирасида юритилиб, “хавфсизлик” жамиятнинг ҳақиқий эҳтиёжидан эмас, балки Хитой ва Россия ўрнатган маъмурий назоратдан келиб чиқмоқда. Улар ҳатто фикр беришни ҳам монополия қилишга ҳаракат қилишмоқда.

Бинобарин, Тўқмоқдаги Ислом академияси шунчаки таълим муассасаси эмас, балки аниқроқ айтганда, давлат ва мустамлакачилар манфаатларига хизмат қилувчи лойиҳадир. Маънавий ривожланишга ғамхўрлик қилиш қарамлик масаласига айланиб, назорат механизми сифатида диндан фойдаланилмоқда.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button