Мусулмонлар қачон мустақил бўлишади?

Мусулмонлар қачон мустақил бўлишади?
Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Марказий Осиёда бир қанча миллий давлатлар вужудга келди. 1991 йил 31 август куни ўз мустақиллигини эълон қилган Қирғизистон ҳам шулар жумласидан.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мусулмонлар 1924 йилда Халифалик давлати қулаши билан ҳақиқий мустақиллигини йўқотди. Англия ва Франция араб ўлкаларини ва Африка давлатларини Халифалик давлатидан ажратиб олиш ва мустамлака қилиш учун «мустақиллик» шиорини кўтаришди, айниқса, арабчилик, туркийлик каби миллатчилик заҳарларини кенг тарқатишди. Шундай қилиб, миллий давлатлар вужудга кела бошлади.
Ундан сўнг Биринчи жаҳон уруши юз бериб, унинг ортидан халифалик давлати қулатилди. Мустамлакачи давлатлар ўзлари босиб олган ерлардан қаноат қилмай, иккинчи жаҳон урушини бошлашди. Ушбу Иккинчи Жаҳон уруши ортидан дунёни бошқаришга интилган Америка «мустақиллик» ташаббусини илгари сурди. «Мустақиллик» атамаси АҚШ томонидан бошқа давлатларнинг мустамлакаларини эгаллаб олиш учун ўйлаб топилган лойиҳа эди. Чунки, Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро майдонда етакчиликни қўлига олган Америка бошқа давлатларнинг мустамлакаларига кўз олайтира бошлаган эди. Натижада деколонизация (мустамлакадан қутулиш) ҳаракатлари бошланиб, 1947 йилда Ҳиндистон “мустақиллик”ка эришди. Аниқроғи, АҚШ “мустақиллик” шиори остида Ҳиндистондаги қўзғолонларни қўллаб-қувватлай бошлаганида, Британия Ҳиндистон ва Покистонга сунъий мустақиллик беришга мажбур бўлди. Бу минтақада АҚШ ва Британия ўртасидаги «мустақиллик» учун кураш бугунги кунгача давом этиб келмоқда. Аниқроғи, Британия Ҳиндистондаги “Ҳиндистон миллий конгресси” партияси орқали, Америка эса “Ҳиндистон халқ партияси” орқали “мустақиллик” шиорини кўтариб келмоқда. АҚШ Покистонни Британиядан бутунлай тортиб олишга муваффақ бўлди. Деколонизация жараёни ҳар бир минтақада эски ва янги мустамлакачилар орасида шу тарзда давом этди. 1960 йилларда «деколонизация» БМТ томонидан кучли қўллаб-қувватланди ва рағбатлантирилди. БМТ ўша йилда “Мустамлака қилинган мамлакатлар ва халқларга мустақиллик бериш тўғрисида декларация” қабул қилди. 1961 йилда АҚШ президенти Кеннеди ва СССР раҳбари Хрушчев Венада мустамлакаларни ўзаро тақсимлаб олиш ҳақида келишиб олишди. Натижада, “мустақиллик” курашлари орқали АҚШ ва СССР учун Англия, Франция ва бошқа мустамлакачи давлатларнинг мустамлакаларига кириб боришга йўл очилди. Шунингдек, улар ҳам ўзларига тобе мустамлака давлатларда ўз таъсирини сақлаб қолишга ва янги мустамлакачиларни киритмасликка ҳаракат қилишди. Масалан, Англия “Халқлар Ҳамдўстлиги” ташкилоти орқали мамлакатларни ўз қўлида сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Франция «Француз ҳамжамияти» ташкилоти орқали ҳаракат қилди. Совет иттифоқи қулаганидан кейин унинг ўрнини эгаллаган Россия МДҲ ташкилоти орқали ўз таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Бироқ, у ўз мустамлакаларини тўлиқ ушлаб қололмади ва унинг таъсири торайишда давом этди. Кейин у ҳарбий жиҳатдан ОДКБ ташкилотини ва иқтисодий жиҳатдан ЕОИИ ташкилотини тузди. Унинг қўл остидаги мустамлака давлатлар бошқа халқаро ташкилотларга аъзо бўлганлиги ва бу билан бошқа мустамлакачи давлатларнинг уларга кириб келиш йўли очилганлиги сабабли унинг таъсири янада камайиб бормоқда.
Ҳозирда Қирғизистонда эски мустамлакачи Россиянинг таъсири ҳукмрон бўлса-да, АҚШ бизнинг ички ишларимизга аралаша оладиган даражада кириб келди. Хусусан, у ахборот соҳасида, кадрлар тайёрлашда қатор муваффақиятларга эришди. “Узенгу-Кууш”ни қўлга киритиш билан неоколонизаторлигини бошлаган Хитой эса, бугунги кунга келиб, Қирғизистонда асосий қарз берувчи ва инвестор сифатида катта иқтисодий таъсирга эга бўлди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли” каби стратегик лойиҳаларнинг бошланиши унинг таъсирини янада оширмоқда. Қимматбаҳо металлар ва хомашёнинг аҳамияти ортиб боргани сари Европа ҳам Марказий Осиёнинг минерал ресурсларига қизиқиши ортиб, янги-янги стратегиялар билан минтақага кириб келишга ҳаракат қилмоқда.
Демак, 31 август Қирғизистон халқи учун мустақиллик куни эмас, балки янги мустамлакачилик, тўғрироғи, мустамлакачилар мамлакатимиз устидан нуфуз талашиш учун кураш бошлаган кундир. Зеро, мустақилликнинг асосий кўрсаткичлари бўлган сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан юқорида тилга олинган мустамлакачиларга қарамлик ҳали ҳам давом этиб келмоқда.
Шундай экан, биз учун энг аввало мусулмон халқ сифатида мустамлакачиликдан қутулиш йўли Исломда эканлигини англаб етишимиз зарурдир. Бунинг учун келинг, барчамиз Исломни биргаликда ўрганиб, унга амал қилишга шошилайлик. Шунда биз 1924 йилда қўлдан бой берган мустақиллигимизни ўз қўлларимиз билан қайтариб олиш шарафига муяссар бўламиз. Бунинг учун Исломий ўлкалар сунъий чегараларни тан олмасдан ва миллий «суверен» давлатларга алданмасдан ҳаракат қилишимиз лозим. Ўзаро ихтилофларимизни бир четга суриб, мусулмонлар сифатида бирлашиш вақти келди. Мана шунда Ғазо, Шарқий Туркистон, Роҳингя, Судан ва бошқа мазлум ҳудудларни ёлғиз ташлаб қўйган раҳбарларни муҳосаба қила оламиз. Мана шунда биз унинг ортида туриб жанг қилинадиган ва у билан ҳимояланиладиган Халифалик давлатини барпо этиш орқали ҳақиқий мустақилликка эришамиз.
Мумтоз Мавароуннаҳрий