Мақолалар

Хитой  нуфузининг ортиб бориши ва ШҲТ саммити

Хитой  нуфузининг ортиб бориши ва ШҲТ саммити

Хитойнинг шимолида жойлашган Тяньцзинь шаҳрида 31 август ва 1 сентябр кунлари оралиғида 20дан ортиқ давлатларнинг раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига йиғилди. Йиғилишда ташкилотнинг 10 нафар тўлақонли аъзосидан ташқари иккита кузатувчи давлат ва 14та ҳамкор давлат раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Саммит давомида шу пайтгача икки бошли бўлиб кўринган ташкилотда Россиянинг мавқеи заифлашиб, Хитойнинг таъсири кучайгани кузатилди. Саммит якунида Тяньцзинь декларацияси қабул қилинди.

Мазкур декларация давлатларнинг ўз ҳудудларида интернетни назорат қилиш ҳуқуқини тан олиш, наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши ҳамкорликни кенгайтириш ва ШҲТ ягона банкини ташкил этиш бўйича келишувларни ўз ичига олади. Саммит ортидан 3 сентябрь куни Пекиннинг Тяньаньмэнь майдонида мана шу етакчилар иштирокида Иккинчи жаҳон урушининг тугаши шарафига ҳарбий парад ўтказилди. АҚШ президенти Трамп бу тадбирни ўз мамлакатига қарши фитна сифатида баҳолади.

Маълумки, ШҲТ асосан тўртта нарсага: экстремизм, терроризм, сепаратизм ва наркотрафикка қарши кураш орқали минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олган. Ҳақиқатда эса бу курашнинг оғир машаққати мусулмонлар зиммасига тушмоқда. Ташкилот “терроризм ва экстремизм”га қарши кураш ниқоби остида Исломга, исломий жамоалар ва мусулмонларга қарши кураш олиб бормоқда. Бу билан Уммат интилаётган халифалик давлатининг тикланишига тўсқинлик қилишга ҳаракат қилмоқда. Сепаратизмга қарши кураш машаққатини ҳам мусулмонлар чекмоқда. Масалан, Россияда Кавказ мусулмонлари, Хитойда эса, уйғур мусулмонлари “сепаратизм” қурбони бўлмоқда.

Қуйида ташкилотга аъзо давлатларнинг позициясига тўхталиб ўтамиз:

Хитой:

Хитой 2001 йилда ташкил этилган ШҲТнинг асосий ташаббускорларидан биридир. У ушбу ташкилот орқали Марказий Осиёга ўзининг тарихий экспансиясини бошлаш учун эшик очди. Хитой иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва Россиянинг халқаро майдондаги таъсирининг заифлашиши Хитойга минтақада йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди. Шу боис ташкилотнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган иқтисодий йўналиши тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Хитой раҳбари кўп йилардан буён илгари суриб келаётган ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича ташаббусининг 1 сентябрь куни бўлиб ўтган саммитда қўллаб-қувватлангани бунинг далилидир. Ташкилотга аъзо давлатлар ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш муҳимлигини маъқуллаб, уни ташкил этиш ва мазкур молия институти фаолиятини тўлиқ таъминлаш бўйича қарор қабул қилишди. Бундан ташқари, Хитой ШҲТга муҳтож давлатлар учун 100 та кичик лойиҳани амалга ошириш ниятида. Шу мақсадда у жорий йилда қарийб икки миллиард юан (280 миллион доллар) грант ажратмоқчи. 10 миллиард юан эса кредит шаклида тақдим этилади. Си Цзиньпин шу билан чекланиб қолмай, саммитдаги нутқида бир қутбли ҳукмронликка ва “совуқ уруш назарияси”га қарши баёнотлар бериб, бу орқали Американи нишонга олди.

Бундан ташқари, Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси доирасида транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш учун янги самарали йўлаклар ҳам очилмоқда. Масалан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси қурилиши бошланиши билан Қирғизистон ва Хитой ўртасида қўшимча “Бедел” ўтказиш пункти очила бошлади. Маълумки, ШҲТ Хитой учун иқтисодий экспансияни Марказий Осиёга, сўнгра Жанубий Осиёга илгари суриш воситаси ҳисобланади.

Россия:

Россия ҳам ШҲТга асос солган давлатлардан бири ҳисобланади. У ушбу ташкилотни тузиш орқали Ғарб таъсирининг Марказий Осиёга кириб келишига тўсқинлик қилишни мақсад қилган эди. Бироқ Россия иқтисодиёти ва унинг халқаро мавқеининг заифлашиши минтақадаги Хитой таъсирининг кучайишига қулай шароит яратди. Дастлаб Россия Марказий Осиёда Хитойнинг иқтисодий таъсири кучайишига йўл қўймаслик учун ташкилотда иқтисодий ҳамкорликнинг кучайишига билвосита қарши чиқди. Бироқ, Украина уруши Россияни бу йўлдан воз кечишга мажбур қилди. Ҳозирда, у Хитойнинг халқаро майдондаги позициясини қўллаб-қувватловчи давлатга айланди. Буни Путиннинг Хитой етакчиси Си Цзиньпин таклиф қилган глобал бошқарув ташаббусини қўллаб-қувватлаган баёноти ҳам тасдиқлаб турибди. Айрим давлатлар халқаро муносабатларда ҳамон ҳукмронлик қилмоқчи бўлган бугунги шароитда бу ташаббус жуда долзарбдир. Россия жаноб Си Цзиньпин ташаббусини қўллаб-қувватлайди ва хитойлик дўстларимиз томонидан билдирилган таклифларни муҳокама қилишдан манфаатдордир”, – деди Путин. (Спутник 01.09.2025). Демак Россиянинг ШҲТдаги мавқеи заифлашиб бораётганига шубҳа йўқ.

Ҳиндистон:

Ташқаридан қараганда, Вашингтоннинг Ҳиндистонга божхона тўловларини жорий этиши уни Шарқ билан ҳамкорлик қилишга мажбур қилаётгандек туюлиши мумкин. Бундан ташқари, АҚШ президенти Долалд Трамп Ҳиндистонни Россиядан нефт сотиб олишни чеклашга чақирди. 2022 йилгача Ҳиндистон нефт импортидаги Россиянинг улуши 1 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир у 42 фоизга етди. Аслида, Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги шериклик ҳақида берилган баёнотларга қарамай, улар ўртасида рақобат мавжуд. Бунинг асосий сабаби Ҳиндистоннинг Ғарбга мойил сиёсат юритишидир. Шунингдек, Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳасига зид равишда “Ҳиндистон – Яқин Шарқ – Европа йўлаги” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Айни пайтда Американинг йирик капиталистик компаниялари Хитойдаги ишлаб чиқаришларини Ҳиндистонга кўчирмоқда. Ҳиндистоннинг ШҲТга зид яна бир позицияси, ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг июн ойида бўлиб ўтган йиғилишида “Исроил”нинг Эронга қилинган ҳужумларини қораловчи баёнотга қўшилишни рад этишидир. Янги Деҳли бу баёнотда 22 апрел куни Покистон билан юз берган қонли воқеа ҳисобга олинмаганини таъкидлади. Демек, Ҳиндистоннинг позицияси ШҲТ доирасидаги қарама-қаршиликни кучайтиришдан иборат.

Марказий Осиё:

Марказий Осиё давлатлари бу ташкилотнинг мажбурий иштирокчиси десак хато бўлмайди. Зеро, бу давлатларнинг асосий савдо алоқалари Хитой ва Россия биландир. Шу билан бирга, улар Совет иттифоқининг вориси бўлмиш Россиянинг таъсиридан ҳалигача қутула олгани йўқ. ШҲТ минтақа давлатларининг Хитой билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун шароит яратди. Шунга қарамай, минтақа давлатлари кўп векторли сиёсат олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Ғарбнинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга киритган йирик сармоялари уларнинг ташқи сиёсатда Ғарбга қарши позиция эгаллашига тўсиқ бўлмоқда. Қирғизистон эса улардан бироз фарқ қилади, аниқроғи Хитой билан муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда кредит ва ёрдам олиш мақсадида Ғарбга қарши позицияни эгаллаб турибди. Қолаверса, у ШҲТни ривожлантириш учун, тўғрироғи, Хитойнинг ташкилотдаги мавқеини мустаҳкамлаш учун қатор таклифлар киритиб келмоқда. Масалан, саммитда унинг янги транспорт йўналишларини яратиш ва ШҲТга аъзо давлатларнинг транзит-транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш таклифи Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳасига хизмат қилмоқда. Шунингдек, Қирғизистоннинг ташкилотда самарали молиявий механизм яратиш ишларини жадаллаштириш таклифи, жумладан, минтақавий иқтисодий интеграцияни ривожлантириш орқали ШҲТ Тараққиёт банки, Ривожланиш жамғармаси ва инвестиция фондини ташкил этиш таклифи ҳам Хитой таъсирини оширишга қаратилган. Ҳатто Қирғизистон Россияни рози қилиш ва жамоатчилик дастагини қўлга киритиш учун Америка ва Британияга қарши баёнот беришга ҳам улгурди.

Хулоса қилиб айтганда, ШҲТ ташкил этилишидан кўзланган мақсаддан фарқли ўлароқ, Хитойнинг иқтисодий ва хавфсизлик манфаатларига кўпроқ хизмат қиладиган ташкилотга айланиб бормоқда. Минтақавий барқарорлик масаласи эса фақат қоғозда қолган шиор бўлиб қолди. Буни ШҲТнинг қатор ҳарбий ҳаракатлардаги позицияси тасдиқлаб турибди. 2022-йилнинг кузида, Самарқандда ШҲТ саммити бўлаётган чоғда Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара можаросида ҳам шундай ҳолат юз берган эди.

Демак, ШҲТ ва шунга ўхшаш ташкилотлар мусулмонлар учун қўйилган мустамлака тузоғидан бошқа нарса эмас. Мусулмонлар бундай мустамлакачилар чангалидан фақат ўз Исломига қайтишлари билан қутула оладилар. Кофир мустамлакачилар ва уларнинг хизматкорлари бўлмиш ҳукмдорларимиз буни яхши билишади. Шунинг учун улар “терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши кураш” баҳонасида Ислом ва мусулмонларга қарши курашмоқда.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button