Сел-тошқинлар, Кашмир, иқтисодиёт ёки Ҳиндистоннинг дарёларимизга тажовузи каби қайси масала бўлмасин, муаммоларимиз ечимини «халқаро тизим» деб аталмиш тузилмадан қачонгача кутишда давом этамиз?!

Матбуот баёноти
Сел-тошқинлар, Кашмир, иқтисодиёт ёки Ҳиндистоннинг дарёларимизга тажовузи каби қайси масала бўлмасин, муаммоларимиз ечимини «халқаро тизим» деб аталмиш тузилмадан қачонгача кутишда давом этамиз?!
Хайбар-Пахтунхва вилоятининг шимолий ҳудудларида, айниқса Бунер ва унга яқин туманларда содир бўлган ҳалокатли сел-тошқинлар оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлди, уй-жойлар, чорва, мол-мулк ва транспорт воситаларини сел оқизиб кетди. Ҳозир эса янги сел тўлқинлари Панжоб орқали Синд вилояти томон йўналмоқда. Аввалроқ кучли ёмғирлар Карачини ҳам қамраб олган эди. Биз юрт аҳлига Аллоҳ таолодан соғ-саломатлик ва офият тилаймиз, зеро, яна кўп ёмғир ёғиши ҳақида башоратлар ҳали ҳам мавжуд. Бироқ ҳукмдорларимиз ҳеч қандай амалий чора кўрмай, бутунлай қўлларини кўтариб, барча ишни халқаро тизим ихтиёрига ташлаб қўйишди. Улар бутун масалани гўё ўз иродаларига умуман боғлиқ бўлмаган иқлимий ўзгариш сифатида кўрсатмоқда. Гўё халқаро тизим аралашмаса, ўзлари мутлақо чорасиз ва қудратсиз қолгандек, одамларнинг жони ва мол-мулкини муҳофаза қилиш эса уларнинг эмас, балки халқаро тизимнинг масъулиятидек тақдим этилмоқда.
Бугун бу ҳукмдорлар учун миллионлаб инсоннинг азоб-уқубати навбатдаги манфаат ва имконият манбаига айланди: улар «ёрдам» ниқоби остида дунёнинг турли нуқталаридан садақа ва ёрдам маблағларини йиғиб олмоқда, кейин эса тушган маблағлар оқими уларнинг хазиналарига келиб тушмоқда. Сўнгги ўн йил давомида Покистон «иқлимий молиялаштириш» шаклида йилига тахминан 1,4 миллиарддан 2 миллиард долларгача маблағ қабул қилиб келди. Айниқса, 2020 йилдаги сел-тошқинлардан кейин, 2021 йилда Покистон 4 миллиард доллар миқдорида ёрдам олди. Бундан ташқари, Покистон ҳозир олаётган миқдордан саккиз баробар кўпроқ иқлимий молия ажратишни талаб қилиб, халқаро тизимга мурожаат қилди. Бу талаблар орасида Халқаро Валюта Фондининг «Чидамлилик ва барқарорликни таъминлаш» дастури доирасида ажратиладиган 1 миллиард доллар ҳам мавжуд бўлиб, у иқлимга мослашиш ва офатлар хатарини бошқаришга мўлжалланган. 2023 йил 9 январ куни Женевада «Иқлимга чидамли Покистон» халқаро анжумани ўтказилди. Унда Покистоннинг 8 миллиард долларлик талабидан ҳам ортиқ ваъдалар берилди, аммо шу кунга қадар уларнинг 20 фоизидан ҳам кам қисми амалга оширилди. Натижада, ҳукмдорлар инқирозни бартараф этишда масъулиятни ўз зиммасига олиш ўрнига юкни халқаро тизимга юклаб, тушган маблағларнинг маълум қисмини шахсий ҳисобларига йўналтириш билан банд бўлиб қолмоқда.
Бу масала фақат сел-тошқинлар билан чекланиб қолмай, балки ҳукмдорларнинг доимий қарашини ҳам акс эттирмоқда: улар муаммоларимиз ечими халқаро тизим қўлида, ундан ташқарида эса бизда ҳеч қандай куч ёки имконият йўқ, деб ишонишади. Ҳукмдорлар ва сиёсий қарор соҳиблари Ғарбнинг қарор қабул қилиш механизмларига ҳавас билан қараб, уларга эргашишни тараққиёт, маданият ва касбий маҳорат мезони сифатида баҳоламоқда. Улардан кўпчилиги эса тўғридан-тўғри шу тизим қўлида тарбия топган. Айнан шундай қараш йирик давлатларга ишларимизга эркин аралашиш ва ўз сиёсатларига мос режаларни амалга ошириш имкониятини бермоқда. Кашмир масаласини БМТ ихтиёрига топшириш ёки Инд суви шартномасини Жаҳон банкига юклаш каби ҳолатлар эса шу қарашнинг тўғридан-тўғри оқибатидир. Хоҳ жорий ҳисоб тақчиллиги, давлат даромадлари етишмовчилиги ёки энергия инқирози бўлсин, ҳукмдорларимиз шу қараш асосида Халқаро Валюта Фондининг лойиҳалари ва талабларини татбиқ этмоқдалар. Уларнинг шу позицияси туфайли жамиятнинг турли қатламлари ҳуқуқлари Европа ва Америка кун тартиби асосида белгилаб қўйилмоқда, бу эса Покистон аҳли орасида сурункали норозиликлар келтириб чиқармоқда. Ҳатто давлатнинг энг муҳим муассасаларида ҳам «институционал ислоҳотлар» номи остида Жаҳон банки ёки Осиё тараққиёт банки кўрсатмалари асосида тўғридан-тўғри аралашувлар амалга оширилмоқда. Покистоннинг ҳарбий ва мудофаа сиёсатлари, чегара низолари ёки Афғонистонга нисбатан стратегияси эса Пентагон, АҚШ марказий қўмондонлиги ва ташқи ишлар вазирлиги томонидан бевосита бошқарилмоқда. Ҳукмдорлар эса уларга доимий садоқатда қолишда давом этмоқда. Натижада мамлакат мустақиллиги халқаро тизимга боғланиб қолди. Энг ғайритабиий жиҳати шундаки, ҳукмдорлар ўзларидаги мана шундай қулларча фикр юритиш ва хато қарашлар туфайли миллий масалаларни ҳал этишга қодир бўлмадилар ва ўз айбларини яшириш мақсадида «бу Аллоҳнинг тақдири» деган даъвони илгари сурмоқдалар. Агар уларда заррача ахлоқий жасорат бўлганида, ўз муваффақиятсизликларини очиқ тан олган бўлардилар!
Аммо Исломда халифа одамларнинг барча ишлари учун масъул ҳисобланади. У мусулмонларнинг бирор иши кофир раҳбарлар ҳукмига топширилишига ҳеч қачон йўл қўймайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
وَلَن يَجۡعَلَ ٱللَّهُ لِلۡكَٰفِرِينَ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ سَبِيلًا
«Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай» [Нисо 141]
Бу оят мусулмонларга ўз ишларида кофирларни ҳукмрон қилишни ва уларга ҳар қандай ҳокимият беришни қатъий ман этиб, бу ишни ҳаром эканини баён қиляпти. Халифа эса бундай қуллик руҳини рад этиб, мусулмонларнинг барча ишлари учун бевосита масъулиятни ўз зиммасига олади. Ҳозирги бюджет ҳужжатларига кўра, Покистон 8,2 триллион рупия миқдорида судхўрлик тўловларини амалга оширмоқда. Халифа эса бу каби ҳаром ва ноқонуний сарф-харажатларни тўхтатиб, уларни мусулмонларнинг жон ва мол-мулкини сел ва бошқа офатлардан муҳофаза қилишга қаратилган узоқ муддатли лойиҳаларга йўналтиради. Шунинг учун бугунги ҳукмдорлар четлатилмас ҳамда улар намоён қилаётган тобеликда ўз ифодасини топган, саратондек хавфли ва иллатли қарашлар бутунлай йўқ қилинмас экан, Покистон мусулмонлари учун ҳақиқий нажот йўли вужудга келмайди.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Покистондаги матбуот бўлими