Россия ва Турон: Ёт ғояни мажбуран тан олиш

Россия ва Турон: Ёт ғояни мажбуран тан олиш
Туркия сўнгги йилларда Турон ғоясини Марказий Осиёда ва ундан бошқа минтақаларда фаол тарғиб қила бошлади. Анқара ҳукумати Туркий Давлатлар Ташкилоти каби тузилмалар орқали маданий-гуманитар дастурлар, таълим ташаббуслари ва оммавий ахборот воситалари таъсири ёрдамида ўзини нафақат минтақавий етакчи, балки туркий халқлар дунёсининг рамзий маркази сифатида тақдим этишга интилмоқда.
Бундай шароитда, туркий халқлар тарихи ва маданиятига боғлиқ бўлган гуманитар соҳага Москванинг ҳам фаол иштирок этиши муҳим ҳодисадир. Бир қарашда Россиянинг туркий халқлар тарихига бағишланган тадбирларда иштирок этиши илмий мулоқот сари ташланган қадам бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ, Россия бу қадам ортида янада эҳтиёткорона иш юритиб, стратегик ҳисоб-китоблар олиб бормоқда. Кремл Турон ғояси нафақат Марказий Осиё мамлакатлари учун, балки Россия таркибидаги кўплаб туркий халқлар учун ҳам жозибадор эканини тан олмоқда.
Муҳими шундаки, агар Россия бу “чақириқ”ни эътиборсиз қолдирса, Туркия атрофида Россиянинг таъсиридан узоқ бўлган гуманитар блок шаклланиши хавфи туғулади. Бунга Олтой Республикасида ўтказилган “Олтой – туркларнинг ватани” номли II халқаро анжуман мисол бўла олади. Мазкур анжуманга Россия томонидан президент ёрдамчиси Владимир Мединский иштирок этиб, Қозоғистон ва Қирғизистон билан биргаликда умумий тарихни ўрганиш ва тарқатиш муҳимлигини таъкидлади.
Шу тариқа, Москва муштарак тарихга ўзининг нуқтаи назарини таклиф қилиш билан турк мулоқотига аралашишга ҳаракат қилмоқда. Россия ушбу нуқтаи назар доирасида, фақат ташқи кузатувчи бўлибгина қолмай, балки туркий халқларнинг тарихий йўлига асос солган муаллифдошлардан бири сифатида ўзини кўрсатишга интиляпти.
Бироқ, Россиянинг бундай ёндашуви эски таъсир доирасини сақлаб қолишга уринишдан бошқа нарса эмас. Россия ўнлаб йиллар давомида Турон ғоясини унчалик жиддий бўлмаган ва мафкуравий жиҳатдан бегона ҳодиса сифатида рад этиб келди. Аммо Туркия ушбу ташкилотни маданий ва дипломатик воситалар орқали “юмшоқ куч” воситасига айлантиргач, Москва унга нисбатан муносабатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди.
Натижада, Россия анжуманларда иштирок этиш, қўшма лойиҳалар тузиш ва тарихни “тўқнашувга сабаб бўлмайдиган даражада” тушунтиришга ҳаракат қила бошлади. Буларнинг барчаси Туркиянинг узоқ вақтдан бери босқичма-босқич амалга ошириб келаётган ишларига жавоб бўлди. Кремлнинг бундай қадамлари Туркиянинг самарали стратегияси Россия томонидан тан олинаётганидан далолат беради.
Агар маданий-тарихий етакчилик учун рақобат бўлмаганида, Москва ижобий жиҳатдан туркий халқлар бирлигини эслаб ҳам қўймаган бўларди. Энг муҳими, Россия туркий идентификациясини Евроосиё концепциясига киритишга ҳаракат қилмоқда. Бу қадамлар Россиянинг янги воқеликка мослашишга мажбурлигини кўрсатади. Бундай янги шароитда маданий таъсирнинг аҳамияти сиёсий ёки ҳарбий таъсирнинг аҳамиятидан кам бўлмайди.
Россия гуманитар соҳада рақобатлашиш қобилиятини ҳамон сақлаб келмоқда. Унинг таълим тил, совет даври хотиралари соҳасидаги таъсири минтақа учун бугунги кунгача муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ, барқарор, мустақил маданий сиёсат бўлмаса ва ташқи таклифларга оддий муносабат билан чекланадиган бўлса, у ҳолда Россия учун ўз таъсирини сақлаб қолиш қийин бўлади.
Бугунги Кремлнинг турк тарихига қаратилган фаол ҳаракатлари – сиёсий заруратдир. Бунга эътибор бермаса, стратегик хатога йўл қўйган бўлади.
Бироқ, “Турон” ғояси каби этник ёки тил ришталари асосида минтақавий бирликни тузишга уринишлар тизимнинг емирилиш даражасига етганини англатади. Москва маданий жиҳатдан боғлиқ бўлган Евроосиё форматлари орқали, Анқара эса туркийлик шиорлари орқали Туркий ҳудудлар учун рамзий маънода рақобатлашмоқда.
Бироқ, Туркия ва Россия ўз рақобатларида таянаётган эътиқод ва кўз қарашлар асосан чекланган ва эскирган миллий моделлардир. Улар таклиф қилаётган интеграция моделлари минтақадаги реал талабларга тўлиқ жавоб бера олмайди. Бу моделлар минтақадаги ижтимоий бўлиниш, коррупция, таълим деградацияси, қадриятларнинг йўқлиги, ташқи кучларга яъни Ғарб, Хитой, Россия ёки Туркияга қарамлик муаммоларини ҳал қила олмайди.
Бундан фарқли ўлароқ, минтақага этник биродарлик ғоясини эмас, балки сунъий чегаралардан ошиб ўтиб, жамиятда қадриятлар тартибини қайта тиклайдиган тўлақонли мафкура зарурлиги аниқ.
Тарихда Ислом айнан шундай бирлаштирувчи куч ролини ўйнади. Аммо у миллий асосда эмас, цивилизацион даражасида бирлаштирувчи мафкуравий куч эди. Айнан мана шу Исломий ўзлик Уралдан Ҳиндистонгача, Синайдан Етти-Сувгача бўлган минтақани бирлаштира олди. Ислом бу ҳудудларни нафақат маънавий жиҳатдан, балки институционал, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳам бирлаштирди.
Шариат суд-ҳуқуқ тизимининг асоси бўлса, вақфлар ижтимоий инфратузилманинг ўзаги эди, мадрасалар эса таълим ва маданият марказлари сифатида минтақа элитасини келажакка тайёрлар эди.
Шундай экан, миллий чегаралардан чиқиб, келажакдаги интеграция асосини шакллантиришнинг ягона йўли бу – Ислом мафкурасига қайтишдир. Ислом ўзининг ҳақиқий интеллектуал ва ҳуқуқий амалиёти билан миллий лойиҳалар жавоб бера олмайдиган саволларга жавоб беради: ресурсларни қандай адолатли тақсимлаш, олигархияни қандай енгиб ўтиш, қандай қилиб ягона ахлоқий пойдеворга эга жамият қуриш кераклиги ҳақидаги саволларга Ислом модели тўғри жавобларни таклиф қилади.
Ҳозирда минтақадаги миллий давлатлар ички қарама-қаршиликлардан ҳамда чуқур ўзгаришларга лаёқатсизликдан азият чекмоқда. Бундай вазиятда миллий чегараларни бир чақага ҳам олмай, барчани бирлаштирувчи лойиҳа сифатида Исломни танлаш нафақат Турон ёки Евроосиё ғоясига муқобил йўл тутиш бўлади, балки тарихда қоладиган даражада инқирозни енгиб ўтиш бўлади.
Бу лойиҳа сиёсий панисломизм кўринишида эмас, балки маънавий, ҳуқуқий ва янги жамиятни тарбиялашнинг намунаси сифатида амалга оширилиши керак. Ислом мафкураси ва Исломий қадриятлар минглаб йиллар давомида вақт синовидан ўтган ва ҳар доим турли инқирозларни енгиб ўтиб, дунёни адолатга буркаб келган.
Турон каби этник мафкуралар одамларнинг онгига “бизникилар”, “бошқалар” каби чекловларни сингдиради. Ислом эса инсонларни ирқи, тили ва миллатига қараб ажратмайди, балки иймон ва ундан келиб чиқадиган қадриятлар ва ечимлар орқали инсонларни бирлаштиради.
Шунинг учун, Россия ҳам, Туркия ҳам қанчалик кучли кампанияларни бошламасин, ҳеч бири бу минтақани чинакамига бирлаштира олмайди. Чунки цивилизацион муаммоларни ҳал қилиш учун улар таклиф қилаётган лойиҳалар секуляризм қобиғига ўралган лойиҳалардир. Улар қанчалик уринмасинлар, ҳам сиёсий ва ҳам мафкуравий асосда Қозон билан Кобулни, Бухоро ва Басрани, Деҳли ва Дербентни бирлаштирган лойиҳага қарши барқарор ҳеч нарса таклиф қила олмайди!
Латифул Расих