Туркий Давлатлар Ташкилоти Саммити Ғарб лойиҳаларидан биридир

Туркий Давлатлар Ташкилоти Саммити Ғарб лойиҳаларидан биридир
بسم الله الرحمن الرحيم
Хабар:
Анадолу ахборот агентлиги 8 октабр куни қуйидаги хабарни тарқатди. “Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар президентларининг ўн иккинчи саммити 2025 йил 6-7 октабр кунлари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида “Тинчлик ва минтақавий хавфсизлик” шиори остида бўлиб ўтди. Ташкилот раислиги Қирғизистондан Озарбайжонга ўтди. Саммитда барча аъзо ва кузатувчи давлатларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирок этди. Бу эса, саммитни ташкилот тарихидаги энг муҳим учрашувлардан бирига айлантирди”.
Саммит натижасида раҳбарлар 121 банддан иборат Габала декларациясини қабул қилишди ва “Туркий Давлатлар Ташкилоти +” форматини ташкил этиш, Турк Маданияти ва Мероси Марказини мустаҳкамлаш ҳамда Турк Академиясини қайта ташкил этиш бўйича келишувларга имзо чекишди. Туркманистон Турк Академияси ва Маданияти ва Мерос Ташкилотида кузатувчи мақомига эга бўлди, Шимолий Кипр Турк Республикаси эса, Туркий Давлатлар Академиясида кузатувчи мақомини олди.
Изоҳ:
Туркийзабон Давлатлар Кенгаши 1992 йилда Совет Иттифоқи қулаганидан кейин ташкил этилган бўлиб, унинг биринчи саммити Анқарада ўша пайтдаги Туркия президенти Турғут Ўзал ташаббуси билан амалга оширилган эди. 2021 йилда Истанбулда Туркия президенти Эрдоған “Туркийзабон Давлатлар Кенгаши” номи “Туркий Давлатлар Ташкилоти”га ўзгартирилганини эълон қилди.
Бу давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий ғояси миллатчиликка асосланган. Туркийзабон халқларнинг тили асосий бирлаштирувчи омил сифатида тақдим этилади. Бу ғоя янгилик эмас, бунга ўхшаш нарсани Араб Давлатлари Лигасида ҳам кўриш мумкин. Лига 1943 йилда Буюк Британия томонидан таклиф қилинган бўлиб, ташкил этиш тўғрисидаги шартнома 1945-йилда Қоҳирада имзоланган. Ўшандан бери ушбу ташкилот таркибига кирган давлатларнинг халқлари золим ҳукмдорлар ва мустамлакачилар зулми остида яшаб келмоқда. Йиллар ўтган сари бу давлатлар қашшоқлик ва вайронагарчилик ботқоғига ботиб боряпти. Улар ўтказган саммитлар ёки имзолаган келишувлар ўз халқларига тинчлик ва фаровонлик олиб келмади. Аксинча, бу мамлакатлар тангликлар, давлат тўнтаришлари ва узоқ давом этган урушларни бошдан кечирмоқда. Туркийзабон халқлар яшайдиган мамлакатларда ҳам аҳвол худди шундай.
Биринчидан: Турк ёки араб тилида сўзлашувчи халқларни бирлаштириш ғояси Ғарб, хусусан Америка ва Британия томонидан қўлланиладиган қуролдир. Унинг мақсади Исломий ўлкаларни парчалаб ташлаш ва минтақада ўз таъсирини сақлаб қолиш учун мусулмонлар устидан золим режимларни ўрнатиш ва иккинчи рошид Халифаликнинг тикланишига йўл қўймасликдир.
Иккинчидан: Миллатчилик робитаси одамларни бирлаштиришга ярамайди, бунинг учта асосий сабаби бор:
- Бу робита қабилачилик робитасидир. Инсон уйғониш йўлига қадам қўйган чоғда уларни ўзаро боғлаб туришга ярамайди;
- Бу робита Бақо (яшаш учун кураш) туйғусидан келиб чиқадиган ҳиссий робитадир. Бундан раҳбарликка муҳаббат қўйиш касали вужудга келади;
- Бу ғайриинсоний робитадир. Чунки у одамлар ўртасида раҳбарлик учун талашиш натижасида вужудга келадиган хусуматларга сабабчи бўлади. Бугунги кунда мустамлакачилар чизиб берган миллий чегаралар устувор бўлган Исломий ўлкаларининг воқелиги бунинг яққол исботидир.
Учинчидан: Мустақиллик ташаббусига боғлиқ масала. Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг, дунёда янги халқаро масала – Марказий Осиё масаласи пайдо бўлди. Бу масала Американинг Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларида Россиянинг таъсирини йўқ қилиш истагига асосланади. Мустақиллик Америка учун сиёсий ва мафкуравий манёврларнинг қуроли сифатида хизмат қилади. Унинг мақсади, бир томондан, Россияни бу минтақалардан сиқиб чиқариш, иккинчи томондан, мусулмонларни миллатчилик асосида араблар, турклар ва форсларга ажратишдир. Украина уруши бошланиши ортидан Америка, Россиянинг сиёсий ва иқтисодий заифлигидан фойдаланиб, Кавказ ва Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтирмоқда.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида 30 йилдан ортиқ давом этган можаронинг ҳал қилиниши бунинг ёрқин далилидир. Август ойида Трамп Озарбайжондан Арманистон орқали Туркияга ўтган Зангезур йўлаги бўйича 99 йиллик шартномани имзолади. У “Трампнинг халқаро тинчлик ва тараққиёт йўли” деб номланди. Ушбу йўлак Туркияни Марказий Осиё мамлакатлари билан тўғридан-тўғри боғлаши кўзда тутилган. Натижада, Озарбайжон Евроосиёдаги йирик транспорт марказига айланади.
Америка Зангезур йўлагидан геосиёсий қурол сифатида фойдаланмоқда. Бу Марказий Осиё мамлакатлари учун янги имкониятлар очади ва Россия орқали ўтадиган нефт ва газ йўлларига муқобил йўлни ташкил этади. Шунингдек, Американинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва Озарбайжонни Ўзбекистон билан интеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Россиянинг минтақадаги таъсирига тўғридан-тўғри зарба бериш ҳисобланади.
Бу аччиқ ҳақиқатни, яъни Исломий ўлкаларнинг бойликларини эгаллаш учун мустамлакачилар ўртасидаги ўзаро курашнинг сабабларини Пайғамбаримиз ﷺ ўз ҳадисларида шундай тасвирлаб берганлар. Имом Аҳмад ва бошқалар томонидан Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар ﷺ бундай дедилар:
يُوشِكُ الْأُمَمُ أَنْ تَدَاعَى عَلَيْكُمْ كَمَا تَدَاعَى الْأَكَلَةُ إِلَى قَصْعَتِهَا. فَقَالَ قَائِلٌ: وَمِنْ قِلَّةٍ نَحْنُ يَوْمَئِذٍ؟ قَالَ: بَلْ أَنْتُمْ يَوْمَئِذٍ كَثِيرٌ وَلَكِنَّكُمْ غُثَاءٌ كَغُثَاءِ السَّيْلِ وَلَيَنْزَعَنَّ اللَّهُ مِنْ صُدُورِ عَدُوِّكُمْ الْمَهَابَةَ مِنْكُمْ وَلَيَقْذِفَنَّ اللَّهُ فِي قُلُوبِكُمْ الْوَهْنَ. فَقَالَ قَائِلٌ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، وَمَا الْوَهْنُ؟ قَالَ: حُبُّ الدُّنْيَا وَكَرَاهِيَةُ الْمَوْتِ.
“(Бир кун келиб) бошқа элатлар устингизга худди ҳайвонлар ўз идишига ташлангандек ташланадилар, дедилар. Кимдир: «Ўша пайтда биз озчилик бўлганимиз учун шундай бўладими?» – деб сўради. Айтдиларки: «Аксинча, у пайтда сизлар кўпчилик бўласизлар, лекин худди селдан ҳосил бўладиган кўпиклардек бўлиб қоласизлар. Оллоҳ душманларингиз дилларидан сизлардан ҳайбатланишни олиб қўяди, сизларнинг дилларингизга «ваҳн»ни ташлайди». Кимдир: «Ваҳн нима, эй Расулуллоҳ?», деб сўраган эди, у зот: «Дунёни яхши кўриш ва ўлимни ёмон кўришдир”, деб жавоб бердилар(Аҳмад ривояти).
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Марказий матбуот бўлими радиоси




