Хабар ва изоҳ

Қирғизистонда судхўрликка асосланган молия ташкилотларининг даромади икки баравар ортди

Қирғизистонда судхўрликка асосланган молия ташкилотларининг даромади икки баравар ортди

2025 йил якунларига кўра, Қирғизистоннинг молия сектори асосий кўрсаткичлар бўйича кескин ўсишни қайд этди. Молия ташкилотларининг умумий капитали деярли икки баробарга кўпайиб, 571,6 миллиард сомга етди. Секторнинг соф даромади ҳам 27,4 фоизга ўсиб, 253 миллиард сомдан ошди.

Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатда 576 та молия ташкилоти фаолият юритмоқда. Миллий банк, 22 та тижорат банки, 500 дан ортиқ банк бўлмаган молия-кредит ташкилотлари, шунингдек, суғурта компаниялари ва инвестиция фондлари шулар қаторига киради.

Мижозлар сонида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Бир йил ичида уларнинг сони 43 фоизга кўпайиб, 25 миллионга етди. Мутахассислар буни мобил банкингнинг, онлайн-кредит беришнинг ривожланиши ҳамда суғурта шартномаларининг оммалашгани билан изоҳлашмоқда.

Кредит бериш соҳасида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди. Жами берилган кредитлар ҳажми 574,5 миллиард сомни ташкил этди, унинг 88 фоизи тижорат банклари ҳиссасига тўғри келади. Кредитларнинг асосий йўналишлари — истеъмол эҳтиёжлари (37 фоиз), савдо-сотиқ (23 фоиз), қишлоқ хўжалиги (10,5 фоиз) ва ипотека (тахминан 10 фоиз)дан иборатдир.

Изоҳ:

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда судхўрлик иллати тобора илдиз отиб бормоқда. Бу иллатнинг бунчалик шиддат билан ёйилишига айрим «олимсимон» кимсаларнинг Ислом ниқоби остидаги мобил банкинг хизматларига ва «мурабаҳа» шартномаларига аслини ўрганмай туриб фатво бераётгани замин яратмоқда. Аслида, «исломий» деб тақдим этилаётган бу молиявий амалиётлар туб моҳиятига кўра шариат талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Очкўз капиталистларнинг асл мақсади — халқни ёппасига судхўрлик кишанлари билан занжирлаб, инсонларнинг ҳар бир ижтимоий ва иқтисодий қадамидан фойда кўришдир. Бироқ судхўрликни ҳаром деб билган мусулмонлар уларнинг бу режаларига тўсиқ бўлиб келаётган эди. Шу сабабли ҳам, бугунги кунда сармоядорлар мусулмонларни судхўрлик ботқоғига тортиш учун Ислом номидан фойдаланиб, турли «шаръий» ниқобдаги шартномаларни ўйлаб топишмоқда.

Судхўрликнинг жамиятга етказадиган зарари жуда улкандир. Унинг дастидан оилалар парчаланиб, инсонлар бор-будидан айрилмоқда, ҳатто чорасизликдан ўз жонига қасд қилаётганлар сони ортиб бормоқда. Шунингдек, судхўрлик — нарх-навонинг қимматлашига, қашшоқликнинг ёйилишига ва уруш-жанжалларга сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

 (يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ الرِّبَا أَضْعَافاً مُّضَاعَفَةً وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَوَاتَّقُواْ النَّارَ الَّتِي أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ)

«Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз!»

Ҳарун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button