Ўзбекистон учун қимматга тушган ҳамкорлик

Ўзбекистон учун қимматга тушган ҳамкорлик
АҚШ президенти Доналд Трамп Америка ва Ўзбекистон ўртасида йирик савдо-иқтисодий шартнома имзоланганини эълон қилар экан, бу шартномани “тарихий қадам” ва Марказий Осиё билан имзоланган энг йирик шартномалардан бири деб атади. Трампнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон яқин уч йил ичида АҚШдан қарийб 35 миллиард долларлик товар ва хизматлар сотиб олади ва АҚШга сармоя киритади. Кейинги ўн йил ичида эса бу миқдор 100 миллиард доллардан ошади. Расмий баёнотда энергетика, авиация, автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш, рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма каби стратегик соҳалардаги ҳамкорлик ҳам муҳокама қилиниши айтилмоқда. Президент Трамп бу шартномани Америка иқтисодиётига бўлган ишончнинг қайтиши ва “America First” (Биринчи навбатда Америка) номли сиёсий шиорнинг муваффақияти сифатида тақдим этди.
Ўзбекистон эса бу шартномани президент Мирзиёевнинг дипломатик ютуғи сифатида баҳолаб, уни АҚШ бозорига чиқиш, технологияга эришиш ва дунёдаги иқтисоди энг кучли ривожланган давлат билан ҳамкорликни кенгайтириш сифатида тақдим этмоқда. Аммо бу рақамлар ва дипломатик сўзлар ортида очиқ-ойдин тенгсизлик яширинлиги ҳеч кимга сир эмас. Халқаро валюта жамғармасига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти тахминан 100-120 миллиард долларга етади. Бу эса, юқорида келтирилган 100 миллиард долларлик “сармоя” мамлакат иқтисодиётининг йиллик ҳажмига тенг, деган маънони англатади. Бундай катта суммадаги маблағларни ташқи қарзларсиз, кредитларсиз ёки молиявий қарамликнинг бошқа шаклларисиз амалга ошириб бўлмайди. Балки Ўзбекистон бу тўловларни нодир металлар билан тўлашга мажбур бўлар. У ҳолда бу шартномада Ўзбекистонга инвестор сифатида эмас, балки АҚШ маҳсулотларига толиб мижоз сифатида қаралади. Ишчи ўринлари ҳам, қўлга киритадиган фойдалари ҳам ўзи учун эмас, балки Америка учун бўлади.
Дарҳақиқат “Инвестиция” баҳонасида амалда йирик миқдорда импорт харидлари амалга оширилмоқда. Бунга Boeing компанияси билан тузилган миллиард долларлик шартномалар, Америка ускуналари ва дастурий ечимларни харид қилиш мисол бўла олади. Бу Ўзбекистон саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган сармоя эмас, балки бу тайёр технология ва маҳсулотлар кўринишидаги Америка капиталини экспорт қилинишидир. Албатта, буларнинг барчасини Ўзбекистон томони тўлайди. Бу ҳолат АҚШнинг неоколониал иқтисодий сиёсатига хосдир. Капиталистик марказ ўз фойдасини мустамлакаларидан олади, уларга сиёсий ёрдам ва бозорларга кириш имкониятини бериб, сўнг уларни ўзига иқтисодий қарам қилиб олади.
Сиёсий нуқтаи назардан олганда бу шартнома АҚШ учун албатта фойдалидир. Чунки бу шартнома шу пайтгача Россия ва Хитой ҳукмронлик қилиб келган минтақада Вашингтоннинг таъсирини кучайтиради. Шу билан бирга, АҚШни жаҳон ўйинлари қоидаларини белгиловчи куч сифатида тақдим этади ва Трамп маъмуриятини “фойдали битимлар туза оладиган” куч эканлигини исботлайди. Трамп учун эса, бу унинг “Биринчи навбатда Америка” сиёсатининг амалдаги энг яхши намунаси бўлади. Яъни, бошқа давлатлар ўз капиталларини АҚШ иқтисодиёти учун сарфлаб, уни мустаҳкамлайди.
Президент Мирзиёев учун бу шартнома Вашингтонни мамнун қилиш, АҚШнинг сармоя каналларига кириш ва минтақавий ислоҳотчи сифатида халқаро обрўсини мустаҳкамлашга уринишдир. Бироқ, бунинг Ўзбекистон учун хатарлари аниқ кўриниб турибди: бундай йирик сармояларни реал молиявий ресурсларсиз ваъда қилиш мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигига бўлган ишончни сезиларли даражада сусайтиради. Бундан ташқари, ушбу шартнома Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда мустақиллигини заифлаштиради ва уни АҚШнинг сиёсий босими остига тушириб қўяди.
Халқаро сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан қараганда бундай шартномалар кўп ҳолатларда юмшоқ босқинчилик қуроли сифатида ишлатилади. Яъни, бу тўғридан-тўғри ҳарбий аралашувсиз, қарз ва технологик қарамлик орқали мустамлака қилиш усулидир. АҚШ бир қанча миллиард долларлик буюртмалар олиб, ўзининг саноат ва молия секторини мустаҳкамлаётган бир пайтда, Ўзбекистон шартнома мажбуриятлари ва сиёсий умидлар ўртасида ўзини катта хавф остига қўймоқда. Бу албатта, Ўзбекистон учун қимматга тушади. Чунки у яна бир босқинчининг мустамлакаси бўлиб қолиш хавфи остида қолмоқда.
Демак, модернизация ва ҳамкорлик сифатида кўрсатилган бу шартномалар аслида Ўзбекистон ресурсларини талон-тарож қилиш усулидир. Америка эса, албатта, бундан ўз устунлигини кўрсатиб қўйиш учун сиёсий восита сифатида фойдаланади. Қисқа муддатда бу ҳар икки тарафнинг сиёсий рейтингини кўтариши мумкин. Аммо узоқ муддатда Тошкентнинг иқтисодий қарамлигини кучайтириб, уни АҚШнинг Марказий Осиёдаги геосиёсий лойиҳасининг бир қисмига айлантиради. Шунинг учун Трамп эълон қилган “муваффақият” ҳақиқий ўзаро ҳамкорлик белгиси эмас, балки янгича иқтисодий бўйсундиришнинг биринчи босқичидир. Унда рақамлар ва дипломатик табассумлар мустамлакачи капитализмнинг эски қонунини яшириб туради. Мустамлака бўлган давлат босқинчи давлатнинг манфаатини ҳам доим ўз меҳнати ва бойликлари билан таъминлашда давом этаверади.
Абду Шукур




