ШҲТ ва Марказий Осиё: Ривожланиш ўрнига назоратни кучайтириш воситаси

ШҲТ ва Марказий Осиё: Ривожланиш ўрнига назоратни кучайтириш воситаси
2025 йил 17-18 ноябрь кунлари Москвада ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу учрашув ШҲТни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсадни яққол намойиш этди. Марказий Осиё давлатларининг манфаатлари ташкилот аъзоси бўлган йирик давлатлар учун ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Аксинча, бу ташкилот Марказий Осиё давлатларини эксплуатация қилишга қаратилган. Хусусан, Хитой ва Россиянинг таъсири тобора кучайиб бораётгани ва Ҳиндистоннинг ҳам кундан-кунга тикланиб бораётгани шуни англатадики, бу уч давлат ШҲТнинг сиёсий ва мафкуравий йўналишини белгилаб, бошқалар устидан ҳукмронликни кучайтирмоқда. Расмий баёнотларда иқтисодий интеграция, рақамли ривожланиш ва логистика лойиҳалари ҳақида сўз борган бўлса-да, бу йўналишлар Марказий Осиё халқларига ҳеч қандай фойда келтирмайди. Энг муҳими, бундай ташкилотлар асосан босқинчиларнинг манфаатларига хизмат қилади. Мусулмонлар учун бундай ташкилотларга аъзо бўлиш ҳаромдир!
ШҲТнинг иқтисодий шиорлари аввал бошиданоқ ҳақиқатга тўғри келган эмас. Чунки узоқ йиллар давомида ШҲТнинг аъзоси бўлиб келган Марказий Осиё давлатлари ягона иқтисодий маконга ёки тенг ҳуқуқли инвестиция воситаларига эга бўла олмади. Инфратузилма лойиҳаларининг катта қисми Хитойнинг транзит йўлакларини узайтиришга қаратилган бўлиб, минтақа давлатларига, уларнинг қарамлигини оширишдан бошқа ҳеч қандай фойда келтирмади. Рақамли йўналиш ҳам Хитойнинг назорат системаси ва рақамли бошқарув моделидан кўчириб олинмоқда. Бу эса, ўз навбатида жамият устидан назоратни кучайтириб, Марказий Осиё халқлари учун табиий ҳолат бўлган диний жиҳатларни чекламоқда.
ШҲТнинг сиёсий ўлчовлари Марказий Осиёнинг йирик давлатларга қарамлигини кучайтирмоқда. Бу ташкилот минтақа давлатлари учун ўз ташаббусларини илгари суриш ва мустақиллигини мустаҳкамлаш платформасига айланмади. Аксинча, у Россия ва Хитойнинг минтақадаги хавфсизлик моделини қонунийлаштириш воситаси сифатида қўлланилмоқда. Мусулмонларга нисбатан душманона муносабати билан танилган Ҳиндистоннинг Ушбу ташкилотга қўшилиши вазиятни янада оғирлаштирди. Натижада, минтақанинг табиий ва ажралмас хусусияти бўлган Ислом дини таҳдид солувчи омил сифатида кўриладиган бўлиб қолди.
ШҲТнинг хавфсизлик бўйича позициялари бунинг яққол исботидир. Ташкилот ҳужжатларида ҳар қандай диний фаоллик ва экстремизмга қарши кураш зарурий сабаб сифатида белгиланган. Натижада нафақат Исломга асосланган сиёсий фаолият олиб бориш, балки Исломий таълим бериш, хайрия қилиш ёки жамиятдаги Исломий ташаббусларнинг катта қисми ҳам чекланадиган бўлиб қолди. Махсус хизматларни мувофиқлаштиришни кучайтириш, ахборот алмашиш ва РАТС ваколатларини кенгайтириш орқали Хитой ва Россия ўз юртларида мусулмонларга нисбатан қилаётган зўравонлик муносабатларини Марказий Осиё минтақасига кўчиришга ҳаракат қилмоқда. Буларнинг барчаси имомларга босимнинг кучайиши, Исломий таълимга чек қўйиш, мусулмонларнинг ҳар турли фаолиятларини таъқиқлаш ва уларни кибер-кузатув остига олишда намоён бўлмоқда.
Ўзининг мусулмон фуқароларига қарши кураши билан катта тажриба орттирган Ҳиндистон эса, ШҲТнинг бу йўналишдаги позицияларини мустаҳкамламоқда. Шундай қилиб, Хитой, Россия ва Ҳиндистон биргаликда Исломга қарши мафкуравий асосни вужудга келтирмоқда. Яъни, Ислом ё йўқ қилиниши ёки чекланиши керак. Бу билан Совет Иттифоқидан кейин аста-секин қайта тикланиб келаётган Ислом дини Марказий Осиё минтақасида яна катта босимга учраб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бу ҳаракатлар одамлар турмуш тарзида диний соҳага тобора кўпроқ босим ўтказишга олиб келади. Ҳозирги кунда интернетдаги Исломий гуруҳлар устидан назорат кучайиб бормоқда, диний таълим берувчи муассасаларга турли хил янги талаблар қўйилмоқда, бир қанча Исломий ташаббусларнинг ташкилотчилари ўзларини олиб қочишга мажбур бўлди. Натижада ёпиқ, норасмий ва ноаниқ диний вазият юзага келди. Бу келажакда давлат ва жамият ўртасидаги тафовутнинг кенгайишига олиб келади. Шунингдек бу Исломий таълимнинг сифатини пасайтиради ва хорижий олимлар билан алоқаларининг узилишига олиб келади. Расмий диний муассасалар эса, бюрократик аппарат сифатида баҳоланиб, уларга нисбатан ишонч йўқолади.
Гарчи шундай бўлса ҳам, минтақадаги мусулмонлар бу вазиятга кўникиб бормоқда. Келгуси йилларда кўпчилик ўз фаолиятини босимга мослаштиришга ва диний ўзлигини сақлаб қолиш учун янги усулларни ўйлаб топишга мажбур бўлади. Оилавий таълим шакллари ёки кичик ёпиқ таълим доираларини ташкил этиш каби.
Қисқаси, ШҲТ ўзининг ҳозирги ҳолати билан Марказий Осиёнинг ривожланишига ҳисса қўшмагани етмагандай, минтақада Исломнинг ривожланишига ҳам таъқиқлар қўймоқда. Бу эса, ШҲТ фақат босқинчилар манфаатларига хизмат қилиш учун тузилган ташкилот эканлигини тасдиқлайди. Унинг хавфсизлик архитектураси эса мусулмонларнинг ривожланишига эмас, балки уларни назорат остига олиш ва чеклашга қаратилган. 2025 йилги Москва конференцияси буни яна бир бор тасдиқлаб турибди.
Худжад Жамия




