Путиннинг Қирғизистонга ташрифи

Путиннинг Қирғизистонга ташрифи
25 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Қирғизистонга келди. 26 ноябрь куни “Интимак Ордо” қароргоҳида Жапаров ва Путин ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди ва икки томонлама музокаралар бошланди.
Жапаров Россиянинг инфратузилма, энергетика, саноат ва гуманитар соҳаларда Қирғизистонга кўрсатаётган ёрдамини юқори баҳолашини билдирди. У илм-фан, маданият ва миграция сиёсати соҳаларидаги ўзаро ҳаракат олиб бориш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши эканлигини таъкидлади. Жапаровнинг сўзларига кўра, Қирғизистон ташқи савдосининг қарийб тўртдан бир қисми Россия билан олиб борилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялари 110 миллион долларни ташкил этган. Мамлакатда Россия иштирокидаги 1800 дан ортиқ компаниялар фаолият юритмоқда.
Жапаров Россиядаги қирғиз мигрантлари масаласи ҳақида гапирар экан, ватандошларимизнинг Россия ҳудудида қонуний юришини таъминлаш, уларга муносиб иш шароитларини яратиш ва ижтимоий кафолатлар беришдан ҳар иккала томон ҳам манфаатдор эканлигига урғу берди.
Ўз навбатида, Путин ҳам Қирғизистонга киргизилган Россия инвестицияларининг ҳажми қарийб 2 миллиард долларга етганини таъкидлади. “Биз икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалаларини алоҳида назорат қиламиз” деди у. Шунингдек, Путин Қирғизистонда рус тили эркин қўлланилаётганини ва расмий мақомга эга эканлигини айтиб ўтди. Музокаралар натижасида бир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Путиннинг 25 ноябрда бошланган ташрифи Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти саммитидан сўнг 27 ноябр куни ниҳоясига етди.
Путиннинг ташрифига катта делегация ҳамроҳлик қилди. Бу ҳолат Россия Қирғизистонга, қолаверса Марказий Осиёга ҳам алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат беради. Россия Украина уруши билан ўралашиб, санкциялар гирдобида қолган бир пайтда йирик давлатлар ўртасида Марказий Осиё учун кураш кучайиб бормоқда. Россия ҳам ўзининг анъанавий “мустамлакаси” ва “орқа ҳовлиси” деб ҳисоблаган минтақани йўқотмаслик учун саъй-ҳаракатларини кучайтиришга мажбур бўлмоқда. Чунки Америка C5+1 форматида Марказий Осиёга суқулиб кириб, ўз таъсирини кенгайтиришга ҳаракат қилишни бошлади. Яқинда АҚШда бўлиб ўтган ушбу саммитда (асосан Қозоғистон ва Ўзбекистон билан) миллиардлаган долларлик шартномалар имзоланди.
Марказий Осиё билан чегарадош бўлган Хитой эса минтақа мамлакатларида иқтисодий ва сиёсий таъсирини кенгайтириб бормоқда. Масалан, Қирғизистон Хитойдан 1,58 миллиард доллар қарздор, Қозоғистон эса 10,2 миллиард доллар қарздор, Ўзбекистон бу рақамни ошкор қилмайди, лекин у ҳам Хитойдан катта қарз олгани маълум, Тожикистон қарийб 1 миллиард доллар қарздор, Туркманистон ҳам ташқи қарзини ошкор қилмайди.
Бундан ташқари, Хитой ташқи савдода ҳам биринчи ўринда туради. 2024 йилда Хитой ва Қирғизистон ўртасидаги савдо 5,6 миллиард долларга етди, Россия билан эса 3,9 миллиард долларни ташкил этди. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида Хитойнинг Қирғизистонга тўғридан-тўғри ётқизган инвестициялари 166,3 миллион долларни ташкил этган бўлса, Россиянинг улуши 106,3 миллион долларни ташкил этди. Шунингдек, тоғ-кон соҳасидаги кончилик лицензияларининг қарийб 80 фоизи Хитой ширкатларига берилган.
Кўриниб турибдики, Россия Қирғизистондаги иқтисодий мавқеини Хитойга бой бермоқда. Хитой Қирғизистонда энг катта иқтисодий таъсирга эга давлатга айланди. Бу иқтисодий таъсир, шубҳасиз, сиёсий таъсирга олиб келади. Ушбу сабаблар, шунингдек, Трамп даврида АҚШнинг Марказий Осиёга кескин аралашуви Россияни Қирғизистондаги таъсирини мустаҳкамлашга мажбур қилмоқда.
Россия ҳам «юмшоқ куч»га эътибор қарата бошлади. Россияпараст «Номад» телеканалининг ишга туширилиши, рус тилида таълим берувчи 9та мактабнинг қурилиши, «Евроосиё» деб номланган рус тили ва маданияти маркази – буларнинг барчаси Россиянинг таъсирини кучайтирадиган «юмшоқ куч»лар ҳисобланади. Бу муассасалар Россияни безаб кўрсатиб, унинг позициялари ва фикрларини қабул қилишга ундайди. Айни пайтда, Қирғизистон ҳали ҳам Россиянинг мамлакатга бевосита таъсир қилувчи «ричаг»ларидан халос бўлгани йўқ. Биринчи «ричаг» – бу нефт маҳсулотларидир. Деярли барча нефт маҳсулотлари Россиядан импорт қилинади.
Иккинчи «ричаг» – бу Россияда юрган мигрант ватандошларимиздир. Ҳозирда Россияда ярим миллионга яқин ватандошларимиз бор. Бундан ташқари, Россия мигрантларга қарши қонунларни кучайтирмоқда. Натижада ватандошларимиз турли хил ҳуқуқбузарликларга дуч келмоқда. Бу йил Россиядаги мигрантлар болаларининг атиги 20 фоизи мактабга қабул қилинди.
Шунингдек, иқтисодий алоқалар ҳам Россиянинг таъсир ўтказиш воситаларидан биридир. Масалан, тикувчилик билан шуғулланадиган кўплаб тадбиркорлар бор ва кўплаб оилалар уларнинг ортидан тирикчиликларини ўтказиб келади. Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишимизга қарамай, яқинда Россия санитария ҳолатини баҳона қилиб, импорт товарларига чекловлар жорий қилди. Бунинг ортидан бошқа товарлар қатори, тикувчилик маҳсулотлари ҳам Россияга экспорт қилинмайдиган бўлди. Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида ҳам кузатилмоқда. Аслини олганда, Россия ва Қирғизистон ўртасидаги савдо муносабатларига назар ташласак, салбий сальдо жуда юқори. 2025 йилнинг дастлабки етти ойи натижаларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо 1,9 миллиард долларни ташкил этган. Қирғизистон Россияга 326,4 миллион долларлик товар экспорт қилган бўлса, Россиядан 1,6 миллиард долларлик товарлар импорт қилган. Умуман олганда, Қирғизистоннинг ташқи савдо балансидаги салбий сальдоси йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Аслида, йирик давлатлар ҳар доим мана шундай устувор мустамлакачиликни қўлга киритишга интилади. Улар ўз таъсири остидаги мамлакатларнинг минерал ресурсларини талон-тарож қилиб, ўзининг товарларини шу мамлакатларга қиммат баҳога сотади. Бунинг учун улар “қаттиқ” ва “юмшоқ” кучларни ишга солади, турли ҳарбий, иқтисодий ва маданий ташкилотлар билан бошқа мамлакатларни кишанлаб олади.
Шунинг учун улардан ва уларнинг турли ташкилотларидан қутулиш керак. Акс ҳолда кучли давлат қуриш ва фаровон ҳаёт кечиришнинг имкони бўлмайди. Мусулмонлар мустамлакачиларнинг кишанларини парчалаб, Ислом асосида бирлашмагунча ва ягона давлат тикламагунча Исломий ўлкаларнинг ер ости ва усти бойликлари турли кучлар тарафидан талон-тарож қилинишда давом этаверади.
Ҳорун Абдулҳақ




