Парламент сайловининг моҳияти

Парламент сайловининг моҳияти
30 ноябрь куни Қирғизистонда муддатидан олдин парламент сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси берган маълумотга кўра, жами 4 294 243 сайловчидан 1 584 446 нафар фуқаро овоз берган. Бу умумий сайловчилар сонининг 36,9%ини ташкил қилади. Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини 14 декабргача расман эълон қилишини маълум қилди.
Дастлабки натижаларга кўра, Жогорку Кенешнинг ушбу саккизинчи чақириғининг 61%и собиқ депутатлардан иборатлиги маълум бўлди. Бошқача айтганда, янги сайланган Жогорку Кенешдаги 90 ўриндан 55 тасини олдинги чақириқ депутатлари эгаллайди.
Бу сайлов аввалгиларга нисбатан муаммосиз ўтди ва баъзи сайловларда бўлгани каби жанжаллар такрорланмади. Ҳукуматнинг мақсади ҳам парламент сайловларини муаммосиз ўтказиб, ҳукумат тарафдорларини парламентга олиб келиш орқали Жогорку Кенеш устидан назоратни қўлга олиш эди. Бунинг учун ҳукумат сиёсий майдонни мухолифатдан тозалади ва мухолифатчилар парламентга кирмаслиги учун олдиндан турли баҳоналар билан уларни сайловдан четлаштирди.
Ҳукумат бу ҳаракатни ҳокимият тепасига келган кундан бошлади. “Ёлғон маълумотлар тўғрисида” қонунлар чиқариб, ҳукуматга қарши овозларга тўсиқ қўйди. Сўнгра мухолифатдаги сиёсий арбобларни ҳибсга олиб ёки таъқиб қилиб, сиёсий саҳнани ҳукуматга қарши бўлган сиёсатчилардан тозалади.
Шунингдек, дин соҳасидаги янги концепция туфайли диний қадриятларга амал қилувчилар сайловда қатнаша олмади. Чунки бу концепция диний шахсларнинг сайловда ва сайловолди ташвиқотида иштирок этишини тақиқлайди ҳамда сайловолди ташвиқотларида диний мавзулардан фойдаланишга йўл қўймайди. Шунинг учун, бу сайловда аввалгидек, маълум диний талабларни кўтариб чиққан номзодлар бўлмади.
Умуман олганда, жамоатчиликнинг сайловларга муносабати суст бўлди. Одамларнинг сайловларга қизиқиши, аниқроғи, уларнинг сайловлардан умидлари йилдан-йилга камайиб бормоқда. Статистикага назар ташлайдиган бўлсак, бу кўрсаткич аниқ намоён бўлади. Масалан, 1995 йилги парламент сайловида сайловчиларнинг 76 фоизи иштирок этган бўлса, 2000 йилда 64,41 фоиз, 2005 йилда 59 фоиз ва 2007 йилда 73.86 фоиз сайловчилар иштирок этди. 2010 йилда бу кўрсаткич 55,9 фоизни, 2015 йилда 59 фоизни ва 2021 йилги сайловда эса 34,94 фоизни ташкил этди. Бунинг сабаби, халқ қайси одамларни ёки партияларни сайлашидан қатъи назар, парламент халққа, унинг динига ва ғояларига қарши қонунлар қабул қилиб келмоқда. Бу ҳолат ҳукуматнинг бир қисми бўлган парламентга нисбатан халқнинг ишончи йўқолишига сабаб бўлди.
Демократик тизимда капиталистлар парламентга таъсир ўтказади. Яъни, парламентга сайланган депутатлар капиталистларнинг талабларига мувофиқ қонунлар қабул қилиб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Чунки капиталистлар депутатлар устидан ҳақиқий таъсирга эгадир. Улар депутатларга молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатади. Натижада депутатлар халқнинг эмас, ўша капиталистларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи қонунлар қабул қилади. Масалан, солиқлар турини кўпайтириш тўғрисидаги қонунлар ва чет элликларга кўчмас мулк ёки ер сотиб олишга рухсат берувчи қонунлар каби. Шунингдек, бошқа муҳим масалаларда ҳам капиталистларнинг манфаатлари ҳимоя қилиниб, оддий одамларнинг талаблари эътиборсиз қолдирилади.
Узоққа бормай, жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлган казинолар ва динга киритилган чекловлар масаласини олайлик. Бу масалаларда халқнинг ҳеч қандай фикри ёки талаби ҳисобга олинган эмас. Аксинча, халқнинг эътирозларига қарамай, казиноларга рухсат берилди. Шунингдек, халқ норози бўлса ҳам, даъватга чекловлар қўйилди ва ниқоб кийиш тақиқланди.
Биринчи масалада капиталистларнинг манфаатлари ҳисобга олиниб, казиноларга рухсат берувчи қонун қабул қилинди. Иккинчи масалада эса динни чекловчи қонун Россия ва Хитой каби мустамлакачиларнинг талабига биноан қабул қилинди. Чунки улар Исломнинг ёйилиши ва ривожланишини асло истамайди. Улар мусулмонлар Ислом асосида бирлашиб, катта кучга айланишидан қаттиқ қўрқади. Шу боис мустамлакачилар бунга йўл қўймаслик учун мусулмонларни қонун билан чеклаб, Исломнинг таъсирини йўқ қилиш талабини қўяди. Ғарб ҳам Исломнинг ёйилишига тубдан қарши. Шунинг учун, бу қонун қабул қилинганда демократия ҳақида оғиз кўпиртириб келаётган Ғарб оғзини очиб ҳам қўймади. Ваҳолангки, даъват қилиш ва ниқоб кийишни таъқиқлаш демократияда инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш ҳисобланади.
Шунинг учун парламентга халқнинг манфаатларига хизмат қиладиган орган деб баҳо бериш соддаликдир. Халқ ҳокимияти ва халқ вакили деган ялтироқ шиорлар капиталистларнинг ҳақиқий ҳокимиятини яширадиган пардалардир.
Парламент қонун чиқариш ҳуқуқи фақат Аллоҳга оид эканлигини инкор этиб, қонун чиқариш ҳуқуқини шахсларга беради. Исломда эса, қонун чиқариш ҳуқуқи фақат Аллоҳга оиддир, шунинг учун қонун Қуръон ва Суннатдан олиниши фарздир. Агар раҳбар, депутат ёки қонун чиқарувчи орган қонун чиқариш ҳуқуқини ўзига оид деб даъво қилса, бу билан ўзларини Аллоҳга тенглаштирган бўлади. Чунки улар ҳалол ва ҳаромни белгиловчи қонунларни чиқаради. Бу эса, мутлақо Исломга зиддир.
Ҳорун Абдулҳақ




