Мақолалар

Қирғизистондаги диний сиёсат

Қирғизистондаги диний сиёсат

Қирғизистон президенти ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар бўйича миллий агентликнинг раҳбари Азамат Юсупов давлатнинг диний сиёсатни чекловчи мақсадларини очиқчасига тан олди. Бу ҳақида у 24.kg нашрига берган интервюсида маълум қилди.

Дин ишлари бўйича миллий агентлик раҳбарининг тўлиқ интервюсини келтирмасдан, фақат унинг баёнотларидаги диний соҳани чекловчи сиёсат аниқ кўриниб турган баъзи ҳолатларни келтириб ўтамиз.

  1. Сиёсатнинг умумий йўналиши

Авваламбор, ушбу интервю Қирғизистонда диний соҳа устидан давлат назоратини кучайтиришга қаратилган барқарор тенденциясини аниқ кўрсатди. Диний эркинлик ва низоларнинг йўқлиги ҳақидаги риторикага қарамай, таклиф қилинган чоралар диний фаолиятни изчил равишда чеклаб, уни тартибга солиш ва марказлаштиришга қаратилган.

Расман белгиланган мақсад «тартибга солиш» ва «сифатни яхшилаш» бўлса-да, амалда бу диний ташкилотларнинг мустақиллигини чеклашга хизмат қилмоқда.

  1. Диний инфратузилмани чеклаш

Ҳукумат диний бинолар қурилишини қаттиқ назорат остига олди: янги иншоотлар фақат қўмита рухсати билан қурилади ва унинг бир неча километрлик яқинида бошқа диний иншоотлар бўлмаслиги шарт қилинади. Хусусий ерларда қурилишни тақиқлаш орқали ташаббускор гуруҳлар инфратузилмани мустақил равишда ривожлантириш имкониятидан маҳрум қилинди. «Сон эмас сифат» шиори мафкуравий баҳона сифатида қўлланилиб, диний маконларнинг отриши чекланмоқда. Булар устидан назорат олиб бориш давлат ва расмий диний маъмурият қўлига топширилган.

  1. Диний иншоотларни марказлаштириш

Барча диний иншоотлар Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг ёки давлат органларининг қарамоғига ўтказиб берилмоқда. Мулкни инвентаризация қилиш ва ўтказиб бериш диний инфратузилманинг давлатга ўтказилишига олиб келди. Бу хусусий ёки жамоий диний ташаббусларини йўққа чиқариб, диний ҳаётни тўлиқ бюрократик бошқарувга қарам қилиб қўймоқда.

  1. Диний таълимни назорат остига олиш

Фатво чиқаришни монополиялаштириш, китоблар, ўқув дастурлари ва лойиҳаларни тасдиқлашни талаб қилиш – буларнинг барчаси ҳар қандай диний контентни олдиндан назорат остига олиш учун шароит яратади. Давлат чизиб берган чизиқдан чиққан ҳар қандай диний арбоб қонунбузар ҳисобланиб, унга ўз ҳолича диний ишлар билан шуғулланиш тақиқланади. Натижада, давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган «расмий диний версия» устунлик қилиб, бошқа ҳаракатлар босим остида қолмоқда.

  1. Рақамли майдонда динни назорат қилиш

Интернетда иш олиб борадиган диний даъватчиларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш диний баёнотларни лицензияланган фаолиятга айлантирмоқда. Ижтимоий тармоқларни назорат қилувчи идоралар рақамли майдонда диний соҳани тўлиқ назорат остидаги зонага айлантирмоқда. Шунинг учун ҳар қандай мустақил фикр «ноқонуний ҳаракат» деб ҳисобланиши ва эркин диний мунозаралар олиб бориш чекланиши мумкин.

  1. Даъватни чеклаш

Уйма-уй юриб даъват қилишни тақиқлаш ва даъват ишларини бутунлай Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг назорати остидаги масжидларга ўтказиш диний ғояларни тарқатиш имкониятини йўққа чиқаради.

Даъват йўналишлари ва даъват олиб бориладиган жойлар диний тузилмалар ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тасдиқланиш мажбурийлиги сабабли, жамоаларнинг мустақил фаолияти кескин камаяди.

  1. Ташқи таъсирни тартибга солиш

Чет элда диний таълим олишни чеклаш, тасдиқланган университетлар рўйхатини тузиш, вояга етмаганлар учун таълим олиш йўлларини кўрсатиш ва ўқишни битириб келганларни мажбурий қайта тайёрлаш – буларнинг барчаси диний фикрни буғиб қўядиган филтрга айланмоқда. Маҳаллий диний муҳитни халқаро ҳамжамиятлардан ажратиш учун хорижий диний ташкилотлар рўйхатдан ўтказилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, назоратни янада кучайтиради.

  1. Сиёсий фаолиятга чекловлар

Диний ваколат берилган кишиларга беш йил давомида сиёсатга аралашишни чеклаш – бу диний раҳбарларга сиёсий фаолият олиб боришни тақиқлаш учун ишлаб чиқилган янгича усулдир. Бунинг натижасида, динни жамиятга ва сиёсий жараёнларга таъсири камаяди ва шу билан бирга, диний арбоблар сиёсатда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлиб, ўз соҳаларига чекланиб қолади.

  1. Ҳаётдаги диний кўринишларга аралашиш

«Ёқимсиз диний кўринишлар» баҳонасида юзни ёпувчи кийимларни тақиқлаш – бу диний кўринишларни назорат қилишга уринишдир. Шу йўл билан хавфсизлик ҳақида келтирилган расмий аргументлар аслида диний эркинликнинг индивидуал кўринишларини тартибга солиш учун яширин восита сифатида ишлатилмоқда.

  1. Қўмитанинг назорат роли

Эътиқод эркинлигини қўллаб-қувватловчи орган сифатида расман тақдим этилган Миллий қўмита аслида назорат структураси сифатида иш олиб бормоқда. У илоҳиёт, инфратузилма, таълим-тарбия, оммавий баёнотлар ва сиёсий фаолият каби масалаларга аралашмоқда. Ташқаридан ҳамкор сифатида кўринса-да, юқорида тилга олинган агентлик аслида назоратчи механизми вазифасини бажаради. Уни «қўй терисини ёпинган бўри» дейиш мумкин. Бундан кўзланган мақсад динни давлат назорати остига олишдир. Шунинг учун бу ташкилот динни қўллаб-қувватламайди ҳам, ривожлантирмайди ҳам.

  1. Умумий йўналиш

Ушбу ўзгаришлар диний соҳани тўлиқ назорат қиладиган, тартибга солинган ва мустақил ташаббуслардан йироқ ҳамда юқоридан бошқариладиган тизимни шакллантирмоқда. Сифатни яхшилаш ва радикализмнинг олдини олиш риторикаси билан бир қаторда, диний автономияни изчил камайтириш амалга оширилмоқда. Натижада, Қирғизистонда дин борган сари жамият ҳаётининг давлат томонидан тартибга солинадиган тармоғига айланиб бормоқда. Диний эркинлик эса фақат оғизда қолмоқда, ҳақиқий диний фаолиятга фақат қатъий белгиланган қоидалар доирасида рухсат этилади.

Хулоса

Юқорида тавсифланган тизимга биноан ва содир бўлаётган воқеаларга кўра, мусулмонлар бу ҳолатни ҳақиқий диний эркинлик деб ҳисоблай олмайди. Расман эълон қилинган эркинликлар ҳозирги кунда юз бераётган диний фаолиятни филтрлаш, қаттиқ назорат остига олиш ва бўйсундириш бўйича саъй-ҳаракатларнинг мутлақо аксидир.

Шундай экан, сиёсат мусулмонлар билан ҳамкорликка асосланмаганлигига яна қандай далил керак? Давлат мусулмонларга нисбатан мутаассибона сиёсат юритиб, оммавий ахборот воситалари орқали динга қарши адолатсиз кураш олиб бормоқда ва бу мақсадга эришиш учун турли маъмурий воситаларни ишга солмоқда.

Албатта, бу давлат ва диний жамоалар ўртасидаги ишонч даражасининг пасайишига олиб келади. Диний соҳани қўллаб-қувватлаш ва эркинлик ҳақидаги сўзлар эса, ҳақиқатга мос келмайдиган ва фақат битта мақсадни кўзлайдиган декларацияга айланади. Бундан кўзланган мақсад Исломнинг ривожланишига қарши туриш ва босқинчиларнинг режаларини амалга ошириб беришдир!

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button