Ғазо – Хавфсизлик Кенгаши ва Тинчлик кенгаши қарорининг аччиқ мевасини тотмоқда

Матбуот баёноти
Ғазо – Хавфсизлик Кенгаши ва Тинчлик кенгаши қарорининг аччиқ мевасини тотмоқда
Хавфсизлик Кенгаши қарори қабул қилинганидан саноқли кунлар ўтибоқ, Ғазо аҳли унинг бадалини тўлай бошлади. 2025 йил 20 ноябр, пайшанба тонгига қадар — йигирма тўрт соатга етар-етмас вақт ичида — очлик азоби ва қаҳратон совуқ исканжасида қолган ўнлаб ярадорлардан ташқари, аксарияти аёллар ва болалардан иборат 34 нафар киши шаҳид бўлди. Ушбу тўкилган пок қонлар Америкага Ғазо сектори устидан васийлик ва мандат ўрнатиш ҳуқуқини берган ҳамда унга истаганча бошларни танадан жудо қилиш ваколатини топширган машъум қарорнинг асл моҳиятидир. Ушбу қарор Ғарбий соҳилдаги Фаластин аҳлининг қонлари, моллари ва ерларига нисбатан содир этилаётган жиноятларга кўз юмди. Шунингдек, Ғазодан то Ливандаги «Айнул Ҳилва» лагеригача чўзилган ҳудудларда қўлларини қонимизга ботиришлари учун яҳудийларга мутлақ эрк бериб қўйди. Ҳатто, жиноятчи яҳудий вужудининг раҳбари бугун Шом заминини худди ўз ерларидек оёқ ости қилмоқда. Туркия, Покистон, Индонезия, Саудия, Қатар, Миср, Иордания ва Амирликлар ҳукмдорлари эса, Хавфсизлик Кенгаши қарорини у ҳали эълон қилинмасданоқ қўллаб-қувватлаган қўшма баёнотлари орқали, яҳудийларга барча минтақаларда истаган ваҳшийликларини амалга оширишлари учун гўёки яшил чироқ ёқиб бердилар. Шунингдек, Ғазони Трампга худди бир мулк сифатида ҳадя қилиб, сектор аҳолисини унга ва яҳудий вужудига «Қора уй» остонасида гўёки қурбонлик сифатида тортиқ қилдилар.
Уммат Ғазода дарёдек оқаётган қонларни, аҳолининг силласини қуритаётган очлик ва уларни бўғзидан олган қамални кўриб, ғазаб ўтида ёнаётган эди. Жиноятчи ҳукмдорларга келсак, гарчи уларнинг тиллари Ғазодаги ваҳшийликларни қораласа-да, амалда уларнинг қўллари Ғазога қарши тажовузда жиноятчи вужуднинг қонли қўллари билан маҳкам бириктирилгандир. Улар қуруқ раддиялар, сохта қоралашлар ва баёнотлар ортига яшириниб олдилар. Бироқ, қамал уларни шарманда қилмоқда, Ғазони ёрдамсиз ташлаб қўйиш уларнинг асл башарасини фош этмоқда, яҳудий вужудини қурол ва таъминот билан таъминлашлари эса жиноятларини исботламоқда.
Дарҳақиқат, ҳукмдорлар хиёнатга бурканган башараларини фош этдилар. Улар Америка ва яҳудийларга Ғазо мужоҳидларининг қуроли ва аҳолисининг қони устидан ҳукмронлик қилиш имконини тақдим этиш ҳамда секторни Америка васийлигига топшириш орқали Ислом ва мусулмонларга нисбатан ўз душманликларини ошкора эълон қилдилар. Шунча жиноятлардан кейин ҳам сукут сақлаш жоизми?! Ахир, бундай сукут уларнинг жиноятларига розилик аломати эмасми?!
Ғазода қатлиом янада авж олишидан олдин, Уммат ва унинг қўшинлари зудлик билан ҳаракатга келиши вожибдир. Аслида, ушбу мажбурият бундан бир аср муқаддам — инглизлар бу муборак заминни ўзларининг нажас оёқлари билан топтаган илк кундаёқ вожиб бўлган эди. Фаластинда тўкилаётган ҳар бир томчи қон Уммат ва унинг қўшинларининг у томон ҳаракатланишдан кечиккани сабаблидир. Зеро, Уммат ва унинг қўшинлари ҳаракатсиз ўтказган ҳар бир кун Фаластин аҳли учун янада кўпроқ қон, очлик ва хўрлик демакдир.
Эндиликда сабр косаси тўлиб тошди. Ҳукмдорлар Ғазони, унинг аҳлини, бутун Фаластин ва унинг муқаддасотларини худди бир арзимас матоҳдек осонгина пуллаб юбордилар. Бас, шундай экан, Умматнинг ғазаби шу қадар авж олсинки, у қалбларни тўлдириб, сўнг отилиб чиқувчи, барча ёвуз режаларни куйдириб кул қилувчи, барча қарор ва васийликларни эритиб йўқ қилувчи ҳамда Фаластин аҳли ва мўминларга очиқ душманлик қилаётган режимларнинг тахтларини култепага айлантирувчи қудратли вулқонга айлансин! Зеро, бу шундай ғазабки, уни фақат Масжидул Ақсода ўқиладиган озодлик намози ҳамда ушбу муқаддас даргоҳнинг яна аввалгидек Ислом ва унинг қўшини сояси остига қайтгани учун Аллоҳнинг ҳузурида қилинадиган шукрона саждасигина сўндира олади.
Ўша кун келгунга қадар, ёрдамсиз ташлаб қўйиш ва ҳукмдорларнинг қилмишлари гуноҳидан фақатгина Умматни ва унинг қўшинларини ҳаракатга келтириш йўлида жиддий фаолият олиб бораётган ҳар бир содиқ инсонгина фориғ бўла олади. Зеро, тўкилган покиза қонлар, таҳлика остидаги жонлар ва Росулуллоҳ ﷺнинг Исро маскани бўлмиш Масжидул Ақсо — буларнинг барчаси Аллоҳ ҳузурида қоим туриб, то ҳақларини тўлиқ ва бекаму кўст ундириб олмагунларича, Уммат билан ҳужжатлашадилар.
أَفَلَمۡ يَسِيرُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ فَيَنظُرُواْ كَيۡفَ كَانَ عَٰقِبَةُ ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡۖ دَمَّرَ ٱللَّهُ عَلَيۡهِمۡۖ وَلِلۡكَٰفِرِينَ أَمۡثَٰلُهَا + ذَٰلِكَ بِأَنَّ ٱللَّهَ مَوۡلَى ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَأَنَّ ٱلۡكَٰفِرِينَ لَا مَوۡلَىٰ لَهُمۡ
«Ахир улар ер юзида сайру-саёҳат қилиб, ўзларидан аввалги (пайғамбарларни ёлғончи қилиб иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини) кўрсалар бўлмайдими?! Аллоҳ уларнинг устига ҳалокат юбориб (бутунлай йўқ бўлиб кетдилар-ку)! Бу кофирлар учун ҳам худди ўша (оқибат-ҳалокат) уларнинг ўхшаши бўлур» [Муҳаммад: 10-11]
Ҳизб ут-Таҳрирнинг муборак Фаластин заминидаги матбуот бўлими




