Роҳинга инқирози учун доимий ечимларнинг йўқлиги

Матбуот баёноти
Роҳинга инқирози учун доимий ечимларнинг йўқлиги
«South China Morning Post» газетасининг 10 ноябр куни хабар қилишича, БМТ чорасиз қочқинларнинг денгизни кесиб ўтишлари ҳеч қандай тўсиқсиз давом этаверса, Жануби-Шарқий Осиё «навбатдаги гуманитар фалокат» хавфига дучор бўлишидан огоҳлантирган. Малайзия соҳиллари яқинида қайиқ чўкиб кетиши оқибатида камида 21 кишининг, жумладан, кўплаб болаларнинг ҳалок бўлиши — Мьянмадаги низолар ва қўшни Бангладешдаги вазиятнинг ёмонлашувидан қочаётган қочқинларнинг денгиз оша таҳликали сафарларининг янги тўлқини бошланаётгани ҳақидаги хавотирларни уйғотди. Малайзия минтақавий денгиз навигацияси агентлиги раҳбари Ромли Мустафонинг маълум қилишича, ҳалок бўлганлардан 12 нафарининг жасади Малайзия ҳудудида, яна 9 нафари эса қўшни Таиланд ҳудудида топилган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва халқаро агентликлар ушбу фожиани келгуси ойларда юз бериши мумкин бўлган воқеаларнинг даракчиси сифатида баҳолаб, жиддий огоҳлантириш билан чиқмоқда. Зеро, муссон мавсуми якунлангач (яъни октябрдан декабргача), денгизлар анча тинчиб, кема қатнови учун қулай вазият юзага келади. Бу эса Мьянманинг Ракхайн, Бангладешнинг Кокс-Бозор минтақаларидан денгиз орқали чиқиб кетиш имкониятини янада осонлаштиради. Маълумки, дунёдаги энг йирик қочқинлар лагерларидан бири айнан Кокс-Бозорда жойлашган бўлиб, у ерда юз минглаб роҳингалар бошпана топган. БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил давомида тахминан 7800 нафар роҳинга Мьянма ва Бангладешдан йўлга чиқиб, денгизни кесиб ўтишга уринган.
Ушбу сафарлар давомида 650 нафардан зиёд инсоннинг ҳалок бўлгани ёки бедарак йўқолгани хабар қилинган бўлиб, бу — 2015 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Роҳинга ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тармоғи «This Week in Asia» нашрига қуйидагиларни маълум қилди: «Озиқ-овқат танқислиги, ҳаракатланиш эркинлигига қўйилган қатъий чекловлар ва хавфсизликнинг тобора йўқолиб бориши ҳаётни тоқат қилиб бўлмас даражага етказди. Шу боис, кўпчилик денгиз йўлини ўзлари учун сўнгги нажот йўли сифатида кўрмоқда». Тармоқнинг қўшимча қилишича, бугунги кунда ноқонуний йўл билан одам ташувчилар қочқинларни Малайзия ёки Индонезияга ўтказиб қўйиш хизмати учун ҳар бир кишидан 3000 АҚШ долларигача пул талаб қилмоқда.
Ушбу ўзаро боғлиқ инқирозлар – яъни Мьянмадаги давомли таъқиблар, қочқинлар лагерларида ҳукм сураётган умидсизлик муҳити ҳамда минтақавий тузилма сифатида Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН) томонидан муаммога барқарор ечимларнинг таклиф этилмаётгани – инсонларни яна хатарларга тўла денгиз сафарларига чиқишга мажбур қилмоқда. Энг ачинарлиси шундаки, уларнинг аксарияти кўзлаган манзилларига ҳеч қачон етиб бормайдилар.
Қарийб йигирма йилдирки, амалдаги режим Ракхайн инқирозига барқарор ечим топа олмади. Аксинча, у роҳингалар азоб-уқубатларининг такрорланувчи муссон шамоллари воситасида жиловланишига йўл қўйиб беряпти. Бундай нобарқарор ечимнинг сабаби шундаки, масъул томонлар — хусусан, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН), ушбу ташкилотга аъзо мусулмон мамлакатлари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти — муаммога фақатгина юзаки ечимларни тақдим этмоқда. Улар ўз ваколатларининг чекланганлиги, миллий хавфсизлик масалалари ёки иқтисодий манфаатларни рўкач қилган ҳолда, ўзларида ҳеч қандай жавобгарлик йўқлигини баҳона қилмоқдалар. Дарҳақиқат, улар сохта миллатчилик тушунчасини ўзида мужассам этган секуляр капитализмнинг «ҳаловат доираси»да қолишни танлаганлар.
Бундан ташқари, мазкур ҳукмдорлар барқарор ва альтернатив ечимлардан атайин кўз юмиб келмоқда. Боиси, уларнинг бирортаси ҳам Исломни тузум сифатида қабул қилишга тайёр эмас. Чунки улар Аллоҳ ва Унинг Росули ҳидоятига мувофиқ «энг яхши Уммат» сифатидаги ўз исломий рисолатларини, мақсад ва интилишларини бой берганлар. Ҳолбуки, Ислом самарали ва барқарор ечимларга эга экани кундай равшандир. Аллоҳ Таоло айтади:
وَإِنِ ٱسۡتَنصَرُوكُمۡ فِي ٱلدِّينِ فَعَلَيۡكُمُ ٱلنَّصۡرُ
«Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам бериш зиммангиздадир» [Анфол 72]
Шундай экан, Ислом Индонезия, Малайзия ва Бангладешдаги мусулмонларнинг раҳбарларига роҳинга қочқинлари учун зудлик билан, фавқулодда ёрдам чораларини кўришни буюради. Мазкур чора-тадбирлар қуйидагиларни қамраб олмоғи лозим:
- Роҳинга қочқинлари учун мамлакат чегараларини очиб бериш;
- Ҳануз денгизда сарсон бўлиб юрганлар учун қутқарув гуруҳларини юбориш;
- Уларнинг барча эҳтиёжларини қондириш ва ғамхўрлик кўрсатиш;
- Роҳинга мусулмонларига нисбатан содир этилаётган зулм ва ваҳшийликларга чек қўйиш учун Мьянманинг қатағон режимига сиёсий босим ўтказиш;
- Ва ниҳоят — агар сиёсий босим эътиборсиз қолдирилса, Ислом ва мусулмонлар шаънини ҳимоя қилиш учун армияни сафарбар этиш лозим!
Бироқ, ушбу чора-тадбирлар қачонки мусулмон юртларининг раҳбарлари ўз «ҳаловат доиралари»дан чиқиб, капиталистик тузумдан воз кечсалар ва эски тартиб-тизимга нисбатан ҳамиша таҳдид сифатида кўриб келинган Исломий тузумга юзлансалар, ана шундагина кутилган самарани бериши мумкин. Зеро, фақат Ислом тузумигина мусулмонларни зулм исканжасидан озод этиш ҳамда улар қаерда бўлишларидан ва бу қандай бадал талаб қилишидан қатъи назар, қонлари ва номусларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча восита ва усулларни ишга солади. У бу йўлда жамики сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятини тўлиқ сафарбар этади. Негаки, Халифалик мабдаий давлат бўлиб, у тор доирадаги миллий манфаатлар ёки иқтисодий фойдаларга асосланиб иш тутмайди. Аксинча, инсон қадр-қимматини юксалтирувчи ҳамда мусулмонларнинг қонини муҳофаза қилишни вожиб этувчи Исломнинг юксак ахлоқий қадриятларига таянади. Зеро, Набий ﷺ айтганларидек
«إِنَّمَا الْإِمَامُ جُنَّةٌ يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَى بِهِ»
«Албатта, имом-халифа қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади». (Имом Муслим ривояти).
Ҳизб ут-Таҳрирнинг марказий матбуот бўлими аёллар қаноти




