Бир кунда «тўланадиган» қарз

Бир кунда «тўланадиган» қарз
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг янги парламент олдида «Қирғизистон ташқи қарзини бир кунда тўлаб қўйиши мумкин, аммо бунинг фойдаси йўқ» – дея берган баёноти нафақат иқтисодий нуқтаи назардан, балки сиёсий нуқтаи назардан ҳам кўриб чиқилиши лозим. Баёнотнинг моҳияти, далилларнинг танланиши ва урғу берилган ҳолатлар ушбу баёнотнинг аниқ манипулятив характерга эга эканлигини кўрсатади. Афтидан бу баёнот сайловолди кампаниясининг биринчи элементи кўринади.
- «Молиявий куч» риторикаси
Ташқи қарзни бир кунда тўлаб қўйиш имконияти ҳақида айтилган сўз амалда имконсиздир, шунингдек реал механизмларга ҳам асосланмаган. Бу баёнот фақат рамзий маънони ифодалайди ва жамиятда давлатнинг молиявий кучи ҳақида ижобий таассурот уйғотиб, ҳукуматнинг самарали иш олиб бораётгани ҳақида яхши тасаввур пайдо қилади. Бу иқтисодий сиёсатдаги тизимли режа эмас, балки жамиятнинг ҳис-туйғуларига таъсир қилиш орқали иқтисод давлат томонидан тўлиқ назорат қилинаётганини кўрсатувчи айёрона усулдир.
- Иқтисодий тушунчаларни чалкаштириш ва мураккаб жараёнларни содда қилиб кўрсатишга уриниш
Жапаровнинг нутқида олтин-валюта захиралари, давлат қарзи ва бюджет имкониятлари каби турли иқтисодий категориялар атайлаб чалкаштириб айтилди. Айни дамда, олтин-валюта захиралари «эркин фойдаланиш мумкин бўлган маблағлар» эмаслиги, балки улар валюта барқарорлигини таъминлаш, импортни молиялаштириш ва инқирозлардан ҳимоя қилиш каби функцияларни бажариши тушунтириб ўтилмади. Атамаларнинг бундай моҳирона комбинацияси қийин ва мураккаб жараёнларни жамоатчилик олдида осон ва содда қилиб кўрсатиб, масаланинг иқтисодий моҳиятини бошқача қилиб кўрсатади.
- «Фойдаси йўқ» деган сўз – қарамлик масаласидан қочишдир
Қарзни муддатидан олдин тўлаш «фоизлар ва жарималар туфайли фойдаси йўқ» деган баёнот кредит шартномаларининг аниқ шартларини кўрсатмасдан айтилди. Маълумотларнинг тўлиқ ошкор қилинмаслиги ташқи қарзнинг моҳиятини ва ташқи кредиторлар олдидаги сиёсий мажбуриятларни муҳокама қилишдан қочиш имконини беради. Натижада, жамоатчилик эътибори йирик давлатлар ва халқаро молия институтларига қарамлик масаласидан асоссиз ва мавҳум далилларга буриб қўйилади.
- Қарзнинг ЯИМга нисбатан кўрсатгичидан айёрона фойдаланиш
Қарзнинг ЯИМга (ялпи ички маҳсулотга) нисбатан 54%дан 25%гача камайиши муваффақиятли бошқарувнинг бевосита натижаси сифатида тақдим этилди. Бироқ, бу кўрсаткич қарз юкининг ҳақиқий сифатини очиб бермайди ва қарз олиш шарт-шароитларини, валюта хавфларини ва қарзни қайтариш муддатларини ҳисобга олмайди. Ушбу кўрсаткич мамлакатнинг реал иқтисодий ҳолатини объектив таҳлил қилиш учун ишлатилмайди, балки фақат ҳукумат ўзига ўзи ҳисобот бериш мақсадида ишлатилмоқда.
- Қарз модели сиёсий назорат воситасидир
Баёнотдаги қарз модели ҳеч қандай танқидий назар билан кўриб чиқилмаган. Айни пайтда, ташқи қарзларнинг сақланиб қолиши молиявий оқимлар устидан назоратни кучайтиради, ресурсларни қайта тақсимлаш имкониятларини кенгайтиради ва иқтисодий қарорлар учун жавобгарликни кечиктиришга имкон беради. Қарзни тўлашга қодирлик ҳақида эълон қилиш ва айни пайтда бу қадамдан бош тортиш қулай позицияни вужудга келтиради. Аниқроқ айтганда, ҳукумат ҳеч қандай хавфли қадамлар қўймасдан ўз кучини намойиш қилмоқда.
- Баёнотнинг яқинлашиб келаётган сайловларга нисбатан кайфияти
Мураккаб масалаларни соддалаштириш, «молиявий мустақилликка» таяниш, президентнинг шахсий ролига урғу бериш ва ҳиссиётларга тўла шиорлар – бу баёнотнинг иқтисодий сиёсатда бетарафликка асосланмаганлигини кўрсатади. Шунинг учун, бу сўзлар муддатидан олдин расмий чекловлар ва жамоатчилик танқиди бўлмаган ҳолатда айтилган сайловолди мурожаат ҳисобланади.
Хулоса
Ташқи қарз ҳақида берилган баёнот дастлаб иқтисодий эмас, балки сиёсий вазифани бажармоқда. Аниқроғи, бу сўзлар мамлакатнинг ҳақиқий чекловлари, хавф-хатарлари ва мустамлакачиларга қарамлигини яшириш билан бирга кучли ва мустақил ҳукумат қиёфасини тақдим этмоқда. Шунинг учун, бу ерда гап жамоатчиликни ҳақиқий маълумот билан таъминлаш ҳақида эмас, гап ҳозирдан бошлаб манипулятив баёнотлар орқали сайловлардан олдин жамоатчилик ишончини қозониш ҳақида кетмоқда.
Ҳужжат Жамия




