Онасини ўлдирган манқуртни биласизми?

Онасини ўлдирган манқуртни биласизми?
بسم الله الرحمن الرحيم
Чингиз Айтматовнинг «Кылым карытар бир күн» романида манқурт – асир тушган, онгсиз қул, хўжайинига сўзсиз итоат қиладиган ва хотирасини йўқотган шахс сифатида тасвирланади.
Романда асирнинг сочи олиб ташланади ва бошига янги сўйилган туя териси қопланади. Сўнг қўл-оёқлари боғланиб, боши ерга тегмаслиги учун бўйнига катта тахта қўйилади ва бир неча кун чўлда шу ҳолатда ташлаб қўйилади. Чўл қуёши остида туя териси қотиб, тиришади ва бечора асирнинг бошини сиқа бошлайди, тиконлар каби ўса бошлаган сочлари терисига ботиб, қаттиқ оғрита бошлайди, бунинг устига, чанқоқлик ҳам уни чидаб бўлмас оғир аҳволга солиб қўяди.
Маълум вақтдан сўнг асир ўлади ёки хотирасини бутунлай йўқотиб, ҳақиқий содиқ қулга айланади. Хўжайинларига итлар каби итоаткор бўлган Манқурт қуллар оддий қуллардан кўра қадрлироқ саналади.
«Кылым карытар бир күн» романида Найман қабиласининг раҳбари Доненбайнинг ўғли, ёш мерган Жоламан Жунгжанлар томонидан асирга олиниб, манқуртга айлантирилади. Ўғли учун қайғу чеккан Найманлик она ўғлини узоқ вақт излаб, ниҳоят топади. Бироқ, манқурт ўғли уни танимайди. Таниш у ёқда турсин, хўжайинининг буйруғига биноан ўз қўли билан камондан онасининг юрагига ўқ узади…
«Манқурт» сўзи ўз тарихини, насл-насабини ва ўзлигини унутган одамга нисбатан мажозий маънода ишлатилади. Ушбу атама публицистикада ўз қадриятларини, аслини ва ўзлигини унутган одамнинг рамзига айланди. Бу сўздан келиб чиққан манқуртизм атамаси ҳам луғутга қўшилди. Бу сўз, айниқса, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Татаристон ва Бошқирдистонда ўз миллий маданиятига бефарқ бўлмаганлар учун ҳақоратга айланди.
Ёзувчи Чингиз Айтматов бугунги авлод вакилларини мана шундай ўзлигини йўқотган, аммо қўлидан ҳамма иш келидаган манқуртга ўхшатган. Ўзлигини билмаган авлод ўз ватандошларини «халқ душмани» сифатида қамаб, ўлдиради. Унга бу ҳуқуқни, бу лавозимни берган киши унинг хўжайини бўлади. У фақат хўжайинлари буюрган нарсани қилади. У эртаю-кеч ўша хўжайинларини рози қилишга ҳаракат қилади.
Аллоҳ Таоло бизга Қуръони Каримм ва Пайғамбари Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам) орқали Исломни неъмат қилиб берди. Биз унга қулоқ солиб, шариатга мувофиқ яшаганимизда, биз ҳар бир соҳада етакчилик қилган умматга айландик, бошқаларга қандай яшашни ўргатдик. Нафақат адабиётда, балки астрономия, математика, кимё, физика, тиббиёт каби турли соҳаларда ҳам биздан буюк олимлар етишиб чиқди, кашфиётлар биздан бошланди, армиямизга душманлар томонидан «енгилмас», деган унвон берилди ва ҳоказо…
Ижтиҳодни тўхтатиб, оммавий равишда тақлидга ўтганимиздан сўнг, фикр юритишни тўхтатдик. Юқорида тилга олинган романдаги ўз онасини ўлдирган ва душманлари томонидан «қаҳрамон» деб номланган «Жоламан» образи сингари, ўз олимлари ва даъватчиларига қарши чиққан манқурт бўлиб, Қуръонда айтилганидек, ҳақиқатни ва насиҳатни тушунмаган итларга айланиб қолдик. Манқуртизм балоси кенг тарқалди. Манқуртларни итларга қиёслаш Қуръонда ҳам келган. Аллоҳ Таоло “Аъроф” сурасида айтади:
وَٱتۡلُ عَلَیۡهِمۡ نَبَأَ ٱلَّذِیۤ ءَاتَیۡنَـٰهُ ءَایَـٰتِنَا فَٱنسَلَخَ مِنۡهَا فَأَتۡبَعَهُ ٱلشَّیۡطَـٰنُ فَكَانَ مِنَ ٱلۡغَاوِینَ () وَلَوۡ شِئۡنَا لَرَفَعۡنَـٰهُ بِهَا وَلَـٰكِنَّهُۥۤ أَخۡلَدَ إِلَى ٱلۡأَرۡضِ وَٱتَّبَعَ هَوَىٰهُۚ فَمَثَلُهُۥ كَمَثَلِ ٱلۡكَلۡبِ إِن تَحۡمِلۡ عَلَیۡهِ یَلۡهَثۡ أَوۡ تَتۡرُكۡهُ یَلۡهَثۚ ذَّ ٰلِكَ مَثَلُ ٱلۡقَوۡمِ ٱلَّذِینَ كَذَّبُوا۟ بِـَٔایَـٰتِنَاۚ فَٱقۡصُصِ ٱلۡقَصَصَ لَعَلَّهُمۡ یَتَفَكَّرُونَ
«(Эй Муҳаммад), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг — у қимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди. Агар хохласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи-нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг”. [7:175-176]
Шу каби юзлаб оятларда Аллоҳ Таоло ақлимизни ишга солишга, фикр юритишга буюрган.
Манқуртизм балосига дучор бўлган ИНСОН – фикрлаш қобилиятини йўқотган бечора кимсадир. Ундай кимсаларга тўғри фикрларни тушунтиришнинг ўзи етарли эмас, уларнинг фикрлаш функцияси мустамлакачилик сиёсати натижасида ривожланган ва касалланган. Бундай одамларни урф-одат тузатади. Фикрлаш, ҳақиқат ва адолатни ҳукмрон қилишга ҳисса қўшиш ва Исломни ўрганишга кўпроқ аҳамият бериш орқали биз ўзимизни ҳам, манқуртизм балосига дучор бўлган биродарларимизни ҳам ва келажак авлодларни ҳам манқуртизм балосидан қутқариб қолишимиз мумкин, иншаАллоҳ.
Агар биз Исломни тушунмасак, ишларимизни Аллоҳ Таоло рози бўладиган тарзда қила олмаймиз. Амалларимиз номи бор, лекин маъноси йўқ ишлар бўлиб қолади. Масалан, биз, мўмин мусулмонлар, Аллоҳ Таоло ҳамма нарсани йўқдан яратган Яратгувчи эканлигини тан олиб, иймон келтирганмиз (Алҳамдулиллаҳ). Насиҳат диннинг асосидир, намоз эса, мусулмонни куфрдан ажратиб турувчи устундир. Демак, биз Аллоҳга холис бўлишимиз лозим, яъни 5 вақт намозни суннатлари билан ўқиганимизда, 32 марта: Биз фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз (اياك نعبد و اياك نستعين), деб ваъда берамиз. Ваъдамизни ҳар бир ракатда янгилаймиз. Агар манқурт бўлмай, нима деяётганимизни ёки ҳеч бўлмаганда намозда ўқиётган Фотиҳа сурасининг маъносини тушунсак, ўз нафсимизга ёки ўзимизга ўхшаган одамлар чиқарган ҳукмларга қулоқ солмай, фақат шариатга мувофиқ яшаймиз, ва шунда биз Аллоҳга холис бўлиб, Унинг розилигига эришамиз, иншаАллоҳ. Ноҳақликда қолишдан кўра, кеч бўлса ҳам, ҳақиқатга қайтиш, афзалдир, ҳали ҳам кеч эмас, тирик эканмиз, демак тавба эшиклари очиқ ва хатолар ва камчиликларни тузатиш имкони мавжуд. Оятларнинг маъносини тўғри тушуниб, уларга амал қилиш ва улардаги ҳақиқатни таъвил қилмасдан ёки бузмасдан баён қилиш орқали биз Қуръонга холис бўламиз. Жайномоз устида Аллоҳга очиқ юз билан юзланамиз, қалбларимиз иймон билан шодланади ва хотиржамлик неъматига эришамиз.
Зарур ҳадисларни сиёсатга мос келмагани учун яширмай, балки ҳаммасини, айниқса кўпчиликни адашишдан сақлаб қоладиган бугунги кунда зарур бўлганлар ҳадисларни етказишга ҳаракат қилиш билан Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга холис бўламиз. Раҳбарларимизни муҳосаба қилиш, уларни нотўғри сиёсатдан қайтариб, адолат ва ҳақиқатга чақириш билан имомлар ва раҳбарларимизга насиҳат қиламиз. Бир-биримизни ҳақиқатга чақириш билан барчага насиҳат қиламиз. Чунки насиҳат – бу ҳақиқатнинг ғалаба қозониши, одамларни ҳақиқатга қайтариш учун қалбдан ҳаракат қилиш, ҳақиқатларни бузиб кўрсатмаслик, оят ва ҳадисларни яширмаслик, уларни бошқа маъноларда таъвил қилмаслик, мунофиқлик қилмаслик, балки холислик қиишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
الدين النصيحة قلنا لمن قال لله ولكتابه ولرسوله ولأئمة المسلمين وعامتهم
… “Дин насиҳатдир”, дедилар. Биз: Ким учун? – деб сўрадик. У киши: “Аллоҳ, Унинг Китоби, Пайғамбари, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммаси учун”, деб жавоб бердилар. (Муслим ривояти).
Шунинг учун биз динни қабул қилдик, энди мунофиқликка ҳам, риёкорликка ҳам ўрин йўқ. Дин насиҳатдир. Ҳадисда насихат диннинг бир қисми дейилмаган, балки Дин насиҳатдир, дейилган.
Қуйидаги ривоят урф-одатлар ва анъаналарни бузишдан қаттиқ қайтариб, унинг ёмон оқибатларидан огоҳлантиради:
“Йўқ, асло, Аллоҳга қасамки, сизлар албатта яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар. Сизлар албатта золимнинг қўлидан ушлаб, уни мажбуран ҳаққа бўйсундириб, ҳаққа чеклаб қўясизлар. Ёки Аллоҳ баъзиларингизни баъзиларингиз қалби билан уради, сўнгра уларни лаънатлаганидек, сизларни ҳам лаънатлайди”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Парвардигорим, бизни манқуртизмга одатланиб, яҳудийлар каби лаънатга учраган қавмга айланиб қолишдан, Ўзинг сақлагин!
Дин мавжуд экан, яъни уни қабул қилиб, амал қиладиган мўмин-мусулмонлар бор экан, одамлар ҳақиқат билан чекланади, зулм, бузғунчилик, бошқаларга зарар етказиш, бегуноҳ одамларни ўлдириш, туҳмат ва ёлғон тўхтайди, солиҳ амалларни қилиш анъанага айланади ва фаровон ҳаёт бошланади. Аллоҳ Таоло бундай мўминларга бу дунёда Ўзининг ўринбосари бўлишни, дунёда фаровон ҳаёт ва охиратда абадий жаннатни ваъда қилган. Аллоҳ ҳаргиз Ўз ваъдасига хилоф ишмайди:
وَعَدَ ٱللَّهُ ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ مِنكُمۡ وَعَمِلُوا۟ ٱلصَّـٰلِحَـٰتِ لَیَسۡتَخۡلِفَنَّهُمۡ فِی ٱلۡأَرۡضِ كَمَا ٱسۡتَخۡلَفَ ٱلَّذِینَ مِن قَبۡلِهِمۡ وَلَیُمَكِّنَنَّ لَهُمۡ دِینَهُمُ ٱلَّذِی ٱرۡتَضَىٰ لَهُمۡ وَلَیُبَدِّلَنَّهُم مِّنۢ بَعۡدِ خَوۡفِهِمۡ أَمۡنࣰاۚ یَعۡبُدُونَنِی لَا یُشۡرِكُونَ بِی شَیۡـࣰٔاۚ وَمَن كَفَرَ بَعۡدَ ذَ ٰلِكَ فَأُو۟لَـٰۤىِٕكَ هُمُ ٱلۡفَـٰسِقُونَ
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир”. [24:55].
Яна айтади:
وَٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ وَعَمِلُوا۟ ٱلصَّـٰلِحَـٰتِ سَنُدۡخِلُهُمۡ جَنَّـٰتࣲ تَجۡرِی مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَـٰرُ خَـٰلِدِینَ فِیهَاۤ أَبَدࣰاۖ وَعۡدَ ٱللَّهِ حَقࣰّاۚ وَمَنۡ أَصۡدَقُ مِنَ ٱللَّهِ قِیلࣰا
«Иймон келтириб, яхши амалларни қилган зотларни эса остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритажакмиз – улар у ерда абадий яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!» [4:122].
Адуллоҳ ибн Абдухолиқ




