Мустамлакачиликка йўл очган C5+1 саммитлари

Мустамлакачиликка йўл очган C5+1 саммитлари
2025 йил 20 декабр куни Токиода “Марказий Осиё + Япония” (CA+JAD) мулоқот саммити ниҳоясига етиб, Токио декларацияси қабул қилинди. Ушбу декларация Япония билан Марказий Осиёнинг бешта давлати: Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларни чуқур ва кўп қиррали стратегик ҳамкорликка айлантирувчи муҳим йўл харитаси ҳисобланади.
Япония Бош вазири Такаити Санаэ шанба куни бўлиб ўтган учрашув бошида Токио саммитига мезбонлик қилиш катта шараф эканлигини таъкидлар экан, ушбу давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашувлари ва бошқа тадбирлар 20 йилдан ортиқ вақтдан бери ўтказиб келинаётганини билдирди. Япония Бош вазири Марказий Осиёдаги вазиятнинг кескин ўзгариши билан минтақавий ва халқаро ҳамкорлик янада муҳим аҳамият касб этаётганига урғу берди.
“Токио декларацияси”да раҳбарлар иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ва прагматик ҳамкорликни ривожлантириш устида ишлашларини билдиришди. Шунингдек, декларацияда Япония кейинги беш йил ичида Марказий Осиёда жами 3 триллион иен ёки тахминан 19 миллиард долларга тенг бизнес лойиҳаларини амалга ошириши айтилган.
Раҳбарлар муҳим минераллар таъминотини кучайтириш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳақида келишиб олишди. Декларацияда сунъий интеллект соҳасида шерикчиликни ривожлантириш учун ҳамкорликни йўлга қўйиш, “Транскаспий халқаро транспорт йўналиши” бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва Марказий Осиё билан Европани боғлайдиган йўлни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилган.
Деярли тўрт йилдан бери давом этиб келаётган Украина уруши, шубҳасиз, Марказий Осиё мамлакатларига таъсир кўрсатди. Аниқроқ айтганда, бу уруш Марказий Осиё минтақасидаги Россиянинг таъсирини заифлаштирди. Шунингдек, Россияни ҳолсизлантириб, минтақага нисбатан эътиборини камайтирди. Сиёсий жиҳатдан Марказий Осиё мамлакатлари Украина масаласида Россиянинг позициясини қўлламайди ва шу билан бирга улар Россияга қарши позициядан ҳам узоқ. Бундай вазиятда Марказий Осиё мамлакатлари кўп векторли ташқи сиёсат юритишга интилмоқда.
Юзага келган бундай шароитлар АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой каби йирик давлатларни Марказий Осиёга кўпроқ эътибор қаратишга ва минтақада ўз таъсирини ўрнатишга ундамоқда. Чунки Марказий Осиёда АҚШнинг стратегик мақсадлари бор. Бошқача айтганда, ҳозирда АҚШ Хитойни ўзининг асосий рақиби сифатида белгилаб, уни жиловлаш стратегиясини қабул қилган. Марказий Осиё эса, Хитой билан чегарадош ва Хитойнинг ғарбий дарвозаси ҳисобланади.
Марказий Осиё Хитой учун ҳам жуда муҳим. Чунки Марказий Осиё унинг ғарбий дарвозаси бўлгани учун ҳам «Бир йўл – бир камар» лойиҳаси ушбу минтақадан ўтади. Шунингдек, Россия Украинадаги уруш туфайли санкцияларга дучор бўлганлиги сабабли, Хитой Россия орқали Европага олиб борадиган йўлга муқобил йўлларни ривожлантиришдан манфаатдор. Европа Иттифоқи ҳам айнан мана шу муқобил йўлларни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Бундан ташқари, бугунги кунда юқори технологияли ускуналар ва яшил энергияга урғу берилиб, электр транспорт воситалари ривожланаётган бир пайтда ноёб металлар йирик давлатлар ўртасидаги муҳим кураш объектига айланди. Аниқроқ айтганда, Марказий Осиё мамлакатлари ушбу ресурсларга бой ва минтақа бу соҳада катта салоҳиятга эга. Масалан, Қозоғистон никел захиралари бўйича дунёдаги энг илғор йигирмата мамлакат қаторига киради. Мамлакатда тахминан 1,5 миллион тонна никел мавжуд, шунингдек, катта ҳажмда, яъни 50-100 минг тонна литий ресурсларига эга. Қирғизистонда фақат Қизил-Омполдаги титаномагнетитнинг тахминий захиралари 20 миллион тоннага етади. Кутессай-2 конидаги ноёб металлари захиралари эса тахминан 60 минг тоннани ташкил этади. Ўзбекистонда уран захиралари 139 минг тоннадан ортиқ, литий захиралари эса 123 минг тоннадан кўпдир. Марказий Осиёнинг ноёб металлари соҳасидаги бу ҳолати ва унинг географик жойлашуви йирик давлатларни ушбу минтақа учун курашни кучайтиришга ундамоқда. Шунинг учун улар бирин-кетин “C5+1” форматида саммитлар ташкил этишяпти.
2025 йил 3-4 апрель кунлари Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида биринчи “Европа Иттифоқи-Марказий Осиё” саммити бўлиб ўтди. Европа Иттифоқи раҳбарлари ва Марказий Осиёнинг бешта давлати президентлари ҳамкорликнинг янги йўналишини белгилаш учун учрашдилар. Саммит давомида Европа Иттифоқи 2024 йилги Глобал ўсиш стратегияси доирасида ваъда қилинган 10 миллиард еврога қўшимча, 12 миллиард евро миқдоридаги инвестиция пакетини таклиф қилди.
2025 йил 17 июнда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида иккинчи Хитой-Марказий Осиё саммити бўлиб ўтди. Ушбу саммитда Хитой ва Марказий Осиёнинг бешта давлати: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этди.
8-10 октябрь кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Марказий Осиё-Россия форматида иккинчи саммит бўлиб ўтди. Уч кун давом этган саммитнинг асосий мақсади Москванинг минтақадаги таъсирини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё билан Россия ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришдан иборат бўлди.
6 ноябрь куни Вашингтонда C5+1 саммити бўлиб ўтди. Унинг доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп тарихда биринчи марта Оқ уйда Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари билан учрашди. Саммит АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилди. Саммит натижасида, муҳим хомашё, инвестиция, транспорт, сув ресурсларини бошқариш ва янги технологиялар каби соҳаларни ўз ичига олган янги шартномалар имзоланди. Трамп маъмурияти Марказий Осиё мамлакатлари билан умумий қиймати 12,4 миллиард долларга тенг йирик савдо шартномаларини имзолади. Улардан энг каттаси Boeing компанияси билан Uzbekistan Airways компанияси ўртасида тузилган 8 миллиард долларлик шартнома бўлди. Яна бир муҳим келишув локомотив қисмларини ишлаб чиқарувчи Американинг Wабтеc компанияси билан Қозоғистон ўртасида тузилган 4,2 миллиард долларлик шартнома бўлди.
Шу тарзда «Марказий Осиё + Япония» саммити ташкил этилмоқда. Аслида, Япония биринчи бўлиб 2004 йилда «C5+1» саммитини бошлаган эди. Ушбу саммит АҚШ манфаатларига хизмат қилишига шубҳа йўқ. Чунки Япониянинг махсус ташқи сиёсати АҚШ таъсир доирасидан ташқарига чиқмайди. Ушбу саммит Япониянинг муҳим минералларга эга бўлиш каби шахсий манфаатларидан ташқари, АҚШ манфаатларига хизмат қиладиган мақсадларни ҳам назарда тутади. Бу мақсадларнинг энг муҳими Россия ва Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги таъсирини ва иқтисодий устунликларини чеклашдир. Шунинг учун Марказий Осиёда анъанавий таъсирга эга бўлган Россия ва минтақада катта иқтисодий таъсирга эга бўлган Хитой бундай саммитларга эҳтиёткорлик билан қараб, Марказий Осиё устида курашни янада кучайтирмоқда.
Мустамлакачилик даври тугади, деганлар адашадилар. Бир пайтлар мустамлакачилик тўғридан-тўғри босқинчилик орқали амалга оширилган бўлса, бугунги кунда мустамлакачилик бошқача форматда амалга оширилмоқда. Мустамлакачиларнинг мақсади минтақада ўз товарларини сотиш ва минтақа ресурсларини талон-тарож қилишдир. Бунинг учун улар минтақадаги таъсирини кенгайтирб, мамлакатларни мустамлакачилик битимларини қабул қилишга мажбур қилади. Натижада, маҳаллий халқ бундан зарар кўради. Улар шунчаки янги даврнинг мустамлакачилик қурбонларига айланадилар. Шунинг учун биз мусулмонлар бундай хўрликка ва мол-мулкларини талон-тарож қилинишига йўл қўймаслигимиз керак. Бундай саммитлар ва инвестиция деб мақталган келишувлар мустамлакачиларнинг мамлакатларимизга кириб келиши ва ресурсларимизнинг талон-тарож қилинишига йўл очади. Бунинг олдини олиш учун биз капиталистик мафкурадан воз кечишимиз ва Исломга тўлиқ амал қилишимиз лозим. Ислом нафақат Марказий Осиё давлатларини, балки бутун Исломий ўлкаларни бирлаштиради ва уни энг юқори мақомга олиб чиқади.
Ҳорун Абдулҳақ




