Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносидаги қийноқлар фош этилди

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносидаги қийноқлар фош этилди
“Freedom for Eurasia” ташкилоти Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланганлиги ва ёмон муомала қилинганлиги ҳақида ишончли далилларни эълон қилди. Ушбу хулосалар сўнгги ойларда собиқ маҳбуслар билан ўтказилган бир нечта мустақил интервюларга асосланган.
Хабарларга кўра, ижтимоий тармоқларда ҳукуматга нисбатан танқидий постлари учун ҳибсга олинган маҳбуслар Бишкек шаҳрида янги қурилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносининг ертўласига ташланган. Улар деразаси бўлмаган катта хонага олиб кирилгани ва у ерда аввалги зўравонликдан қолган қон ва бошқа биологик суюқликларни кўрганлиги ҳамда қичқириқлар ташқарига эшитилмаслиги учун деворлар юмшоқ, овоз ўтказмайдиган изоляция билан қопланганлиги ҳақида айтиб беришган.
Жабрланувчилар хонада қуйидаги қийноқ қурилмалари мавжудлигини билдиришган:
- электр токига қўйиш мосламалари;
- пластик таёқчалар;
- ҳаво бермай қийнашда ишлатиладиган полиэтилен пакетлар;
- сувга димиқтириш учун ишлатиладиган катта сув идишлари.
Ҳибсга олинганлар доимий равишда калтакланганликлари, электр токига қўйилганликлари, бошларига полиэтилен пакетларини кийгизиб, нафас олдирмай қийноққа солинганликлари ва сувга димиқтирилганликлари ҳақида айтиб беришган. Кўпчилик қаттиқ психологик босим остида ўзлари қилмаган «жиноятлари» учун камера олдида «узр сўрашга» мажбур қилинган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан қийноққа солинганларнинг аксарияти сохта «экстремизм»да айбланган даъватчилардир. Бу мусулмонлар доимий равишда ўғирлаб кетиш, калтаклаш, жинсий аъзоларига электр токи қўйиш ва сувга димиқтириш каби ваҳшийликларга дучор бўлишган.
Даъват юкини кўтарган мусулмонларга қарши бундай ваҳшийликлар фақат «Роббим Аллоҳ» деганлари учунгина амалга оширилмоқда. Ўзларини мусулмон деб ҳисоблайдиган бу раҳбарлар кимнинг буйруқларини бажармоқда? Ғайриинсоний жиноятлар содир этаётган хавфсизлик кучлари кимга суянмоқда?!
Шу ўринда ҳукуматнинг югурдагига айланган хавфсизлик кучларига айтар сўзимиз шуки, сизлар 2005, 2010 ва 2020-йиллардаги давлат тўнтаришларида қандай ҳор аҳволга тушганингизни унутдингизми? Халқ ўзига нисбатан қилинган адолатсизликлар ва зулмларни ҳеч қачон кечирмайди! Шундай экан, ўтмишдан ибрат олинг ва мусулмонларга қилаётган зулмингизни тўхтатинг! Аксинча, халқларнинг хавфсизлигини ҳимоя қилинг ва охиратингизни ўйланг!
Бундай зулмлар ҳукуматнинг халқ учун қайғураётгани ҳақидаги даъвосини йўққа чиқариб, халқнинг ҳукуматга бўлган ишончига путур етказади. Ҳар бир ҳукумат ўз салтанатида халқнинг қўллаб-қувватловига таянади. Халқнинг қўллаб-қувватлови эса ишончидан келиб чиқади. Бугун ҳукумат бир инсоннинг ишончидан чиқса, эртага албатта кўпчиликнинг ишончини йўқотади. Ҳокимият ҳам, дунёнинг бошқа матолари каби, “бугун бор, эртага йўқ”.
Аллоҳ Таоло айтади:
وَتِلۡكَ ٱلۡأَيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيۡنَ ٱلنَّاسِ
“Бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз”. [3:140]
Мусулмонлар ҳеч бир золимнинг зулмидан ёки ҳеч бир маломатчининг маломатидан қўрқиб, Исломни ҳаётга қайтариш ҳаракатларини бир лаҳза ҳам тўхтатган эмаслар. Буни қотил Каримовнинг қамоқхоналарида зулм туфайли шаҳид бўлган ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолган минглаб мусулмонларнинг ҳикоялари тасдиқлаб турибди.
Шунинг учун очиқ айтамизки, зулм ва қўрқитиш сиёсати даъватчиларнинг Исломни қайта тиклаш иродасини асло синдира олмайди ва уларнинг қалбларида алангаланган нурни ҳеч қачон сўндира олмайди.
Аллоҳ Таоло золимларни зулмдан қайтариб, уларнинг оқибати оғир бўлиши ҳақида шундай огоҳлантиради:
ولاَ تَحْسَبَنَّ اللَّهَ غَافِلاً عَمَّا يَعْمَلُ الظَّالِمُونَ إِنَّمَا يُؤَخِّرُهُمْ لِيَوْمٍ تَشْخَصُ فِيهِ الأَبْصَار
«Сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли қиёмат) кунига қолдирмоқда, холос». [14:42]
Мумтоз Мавароуннаҳрий




