Муфтийнинг мурожаати тингланди, лекин уни ким бажаради?

Муфтийнинг мурожаати тингланди, лекин уни ким бажаради?
Қирғизистон бош муфтийси Абдулазиз Қори Зокиров муборак Ражаб, Шаъбон ва Рамазон ойларининг бошланиши муносабати билан қилган ҳафталик мурожаатида бозордаги олиб сотарлик қилиш, иҳтикор (монополия) билан шуғулланиш ва асосий эҳтиёж моллари нархларини оширишни қоралади. У, айниқса, иқтисодий қийинчиликлар пайтида ортиқча фойда олишга интилиш шариат стандартларига зид эканлигини ва бу Қуръонда ҳам, Росулуллоҳ ﷺнинг ҳадисларида ҳам қораланганлигини таъкидлади. Муфтий Ислом савдо қилиш ва фойда топишга рухсат беришини билдирар экан, лекин бу одиллик, ҳалоллик ва жамият олдидаги масъулият доирасида бўлиши кераклигини эслатиб ўтди. Шунингдек, у агар нархларнинг ўсиши табиий сабаблар туфайли эмас, балки сотувчиларнинг очкўзлиги туфайли юзага келса, давлат бу масалага аралашишга мажбур бўлишидан огоҳлантирди.
Албатта, бундай мурожаат жамият одоб-ахлоқи учун муҳим бўлиб, Исломнинг ижтимоий йўналишга ҳам эга эканлигини кўрсатади. Бироқ, Исломнинг ҳаётдан четлатилганлиги шуни кўрсатмоқдаки, бундай ҳолатда ҳатто ҳадис ва оятларни ўз ичига олган хутбалар ҳам чуқур томир отган иқтисодий қонунбузарликларни жиловлаш учун етарлича таъсир қилмайди. Афсуски, муфтий диний муассаса сифатида ижроийя ҳокимиятининг қуролларига эга эмас. Яъни у бозорни назорат қилиш, монополияларни чеклаш ёки олиб-сотарларни жазолаш ҳуқуқига эга эмас. Бу ваколатлар муфтийнинг масъулиятидан ташқарида бўлиб, унга тааллуқли эмас.
Шунинг учун, ҳақиқий маъмурий чоралар кўрилмай туриб, давлат назорати, нархларни тартибга солиш, монополияга қарши сиёсат ва қонунбузарликлар учун жавобгарлик ҳақида қилинган хутбалар жамиятнинг фақат Аллоҳдан қўрқадиган қисмигагина таъсир қилиши мумкин. Аммо фақат фойдани оширишга интиладиган кишилар учун бу мурожаат таъсир қилмайди. Шунинг учун, бундай мурожаатлар савдогарларга сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмайди ва жамият капитализмнинг татбиқ этилиши оқибатларидан азият чекишда давом этаверади.
Айни пайтда, муфтийнинг мурожаати Ислом фақат ибодат масалаларига чекланган деган кенг тарқалган тушунчани йўққа чиқармоқда. Албатта, Исломда иқтисод, таълим, сиёсат ва ижтимоий адолатни жамият ҳаётининг асосий соҳаларидан ҳисобланади. Шариатда жамиятни иқтисодий зулм ва сунъий нархларнинг ошишидан ҳимоя қилиш фақат шахсий одоб-ахлоқ масаласи эмас, балки ҳукуматнинг бевосита бурчи эканлиги аниқ таъкидланган.
Демак муаммо Исломий қарашнинг йўқлигида эмас, балки унинг тўлиқ татбиқ этилмаганлигидадир. Ислом давлат, жамият ва шахсларнинг муаммоларини ҳал қила оладиган тўлақонли тузумдир. Ислом тузумида одоб-ахлоқ тамойиллари институционал ва маъмурий механизмлар билан мустаҳкамланади. Шунинг учун, агар Ислом тўлиқ амалга оширилмаса, бундай одоб-ахлоққа бўлган чақириқлар – улар тўғри бўлишидан қатъи назар – самарасиз бўлиб қолаверади!
Абду Шукур




