Мақолалар

Ваколатсиз қурултой: Қурултой билан Шўро ўртасидаги фарқ

Ваколатсиз қурултой: Қурултой билан Шўро ўртасидаги фарқ

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бишкек шаҳар ҳудудидан келган делегатнинг “Халқ қурултойи делегатларига бир йиллик мандат бериш ва уларнинг ваколатларини кенгайтириш” таклифига изоҳ берди.

Президентнинг сўзларига кўра, қурултой ҳукумат билан минтақалар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатувчи платформадир. Бир чақириқ давомида барча қишлоқларга бориш имкониятига эга бўлмаган депутатлардан фарқли ўлароқ, деярли ҳар бир аҳоли пунктининг вакиллари қурултойга келиб, ўз муаммоларини тўғридан-тўғри билдиришлари мумкин.

Садир Жапаров делегатларнинг ваколатларини кенгайтириш масаласида шошилмасликка чақирди. У бир-икки йил муддатга сертификатлар бериш уларнинг баъзи жойларда қишлоқ ҳукуматлари ва ҳокимлар томонидан суиистеъмол қилинишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Халқ қурултойининг мақсади

Президентнинг халқ қурултойини «мулоқот платформаси» сифатида баҳолашидан “унинг бундан кўзлаган асл мақсади нима”, деган савол туғилади. Агар бу органнинг мандати ёки белгиланган ваколатлари ё маъмурий қарорларга таъсир кўрсатиш механизмлари бўлмаса, у ҳолда унинг халқ билан ҳар доимги учрашувлари билан мансабдор шахсларнинг кўчма учрашувлари ўртасида қандай фарқ бўлиши мумкин? Ваҳолангки, қарор қабул қилиш тизимига киритилмаган бундай «мулоқот» ҳеч қанча вақт ўтмай, фуқаролар иштироки тассаввурини пайдо қиладиган оддий расмиятчиликка айланиб қолади ва ҳукумат бунинг учун ҳеч қандай жавобгарликни ўз зиммасига олмайди.

«Ҳали эрта» деган фикр ҳақида

«Ваколатларни кенгайтириш вақти ҳали келмади» деган сўз дастлаб ишонарли эшитилади. Қурултой тўрт йилдан бери фаолият юритиб келаётган бўлса-да, шунча вақт давомида унинг ривожланиш концепцияси ва ишининг асосий мақсади ҳақида етарлича тушунча берилган эмас. Агар бу институт ҳақиқатан ҳам «шаклланиш жараёнида» бўлса, унда ҳеч бўлмаганда унинг институционал жараёнининг дастлабки босқичларини кўрган бўлар эдик. Аниқроғи, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш, вазифаларни белгилаш ва ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари билан ўзаро ҳаракат механизмларини ишлаб чиқиш босқичлари сезилган бўлар эди. Бироқ, амалда бундай қадамларнинг ҳеч бири амалга оширилмаётгани ва ҳукуматнинг «вақт талаб қилади», деган сўзи унинг эҳтиёткорлик билан ёндашувидан далолат бермайди, балки бу муҳокамадан қочиш учун баҳонадир.

Ваколатларни суиистеъмол қилиш таҳдиди ҳақида

Делегация сертификатларидан фойдаланишда ваколатларни суиистеъмол қилиш эҳтимоли ҳақидаги хавотирлар ҳаммага баробар қўлланмайдиган характерга эга. Чунки, бундай суиистеъмолларни ҳукуматининг ҳар бир соҳасида – маҳаллий ўзини ўзи бошқаришдан тортиб, юқори давлат муассасаларигача кўриш мумкин. Бироқ, президент айтган «ҳуқуқий давлат»да бу ваколатлардан воз кечиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Аксинча, «ҳуқуқий давлат» уларни аниқ тартибга солишга шошилиши керак. 2005 йилдан кейинги салбий натижаларга тўнкаб қўйиш, аслида, халқнинг ҳис-туйғулари билан ўйнаш билан баробардир. Бугунги кунда президент бундай хатарларнинг олдини олиш учун турли механизмлардан фойдаланиш ўрнига, халқнинг ҳис-туйғуларига мос келадиган сўзлар билан кифояланмоқда.

Парламент билан «рақобат» ҳақида

Қурултойнинг парламент билан рақобатлаша бошлашидан қўрқиш халқ вакиллиги ролига шубҳа туғдиради. Агар жамоат манфаатларини ифода этишнинг бошқа бирон бир шакли Жогорку Кенеш учун таҳдид сифатида қабул қилинса, у ҳолда муаммо қурултойда эмас, балки умумий вакиллик механизмларининг заифлигида бўлади. Ҳукумат вазифаларни тақсимлаш ва мувозанатни излаш ўрнига, олдиндан ўзи учун хавфсиз бўлган – салмоқсиз ва таъсирсиз орган моделини таклиф қилмоқда.

Қурултой Шўрога мос келадими?

Қурултой фаолиятини тўлиқ оқлаш учун диний фаоллар қўшимча равишда халқ қурултойи Исломдан олинган ва «Шўро» функцияларига ўхшашдир, деган фикрни илгари сурмоқда. Бироқ, яхшироқ ўрганиб чиқилса, бу ўхшашлик жуда бўрттириб юборилганлиги аён бўлади. Бу икки институт ўртасидаги «ташқи ўхшашлик» бўлишига қарамай, уларнинг фаолият тамойиллари, ҳуқуқий асослари ва мажбуриятлари бутунлай бошқача.

Исломда Шўро фақат маслаҳатлашув формати ёки мавҳум «мулоқот платформаси» эмас. Бу бошқарувнинг асосий элементларидан бири ва ҳукумат қонунийлигининг муҳим манбаидир. Шўро қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этади, жамоий жавобгарликни вужулга келтиради ва энг муҳими, ҳукмдорларнинг якка ҳукмронлигини чеклайди. Кенгашнинг фикрини эътиборсиз қолдириш эса бошқарув нормаларини бузиш ва ҳукуматга бўлган ишончни йўқотиш ҳисобланади.

Ҳозирги халқ қурултойига қарайдиган бўлсак, у юқоридаги шартларга жавоб бермайди. У қарор қабул қилиш тизимига яқиндан интеграциялашган эмас, юридик тарафдан маъқулланган мақомга ҳам эга эмас, шунингдек унинг ҳукуматга таъсир кўрсатиш механизми ҳам йўқ. Қурултойнинг таклифлари мажбурий тарзда кўриб чиқилмайди. Ҳатто қурултойнинг ўзи давлат органлари билан биргаликда иш юритмайди ва мувозанатни сақлаш тизимининг элементи ҳисобланмайди. Шунга кўра, қурултой нафақат Ислом нормаларига жавоб бермайди, балки унингдунёвий конституциявий қонунлардаги ўрни ҳам жуда ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Демак, Шўрони қурултойга қиёслаш унга диний ва маданий тус беришга уриниш вазифасини бажармоқда. Бироқ, бу ҳақиқий институционал ўхшашлик мавжудлигини акс эттирмайди. Бу қиёслаш орқали мусулмонлар учун муҳим бўлган Шўронинг ваколати яширилмоқда. Айни пайтда қурултойнинг ҳукумат тузилмасидаги ўрни ва вазифаси аниқ очиқланмаяпти.

Латифул Расйх

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button