Мақолалар

Франциянинг Жазоирдаги жиноятлари

Франциянинг Жазоирдаги жиноятлари

Жазоир Миллий Халқ Ассамблеяси Франциянинг 1830-1962 йиллар оралиғида мамлакат устидан ҳукмронлик қилган мустамлакачилик даврини давлат жинояти ва халқаро ҳуқуқни бузиш, жумладан, инсониятга қарши жиноят содир этиш сифатида расман тан олган қонунни бир овоздан қабул қилди.

Ҳужжатда Франция томонидан содир этилган жиноятлар: оммавий қирғинлар, судсиз амалга оширилган қатллар, мунтазам қийноқлар, мажбурий депортациялар, Саҳрои Кабирда ўтказилган ядровий синовлар, минерал ресурсларни талон-тарож қилиш ҳамда маданий ва диний меросни йўқ қилиш жиноятлари батафсил баён этилган.

Франция Жазоирни босиб олишни 1830 йилда бошлади ва бу 1962 йилгача давом этиб, Жазоир 132 йил давомида мустамлака остида қолди. Франциянинг мустамлака қилиш даври мисли кўрилмаган шафқатсизлик билан тавсифланади:

Жазоирни босиб олиш ва мустамлакачиликнинг дастлабки йиллари (1830–1870 йиллар):

Француз қўшинлари «ўт қўйилиб, кули кўкка совурилган ер» сиёсатини олиб боришди: қишлоқлар талон-тарож қилиниб, экинлар вайрон қилинди, оммавий ирғинлар ва қатллар амалга оширилди. Тарихчиларнинг билдиришича, 3 миллион Жазоир аҳолисининг йўқотишлари тахминан 500 мингдан 1 миллионгача етган. Бен Кирнан каби баъзи тадқиқотчилар бу даврни хунрезлик даври, деб атайди.

Тутун билан бўғиб ўлдириш (1844–1845):

Француз қўшинлари оддий қабила аъзоларини ғорларга қамаб, ғор оғзида олов ёқишди. Натижада одамлар тутун ичида бўғилиб ўлишди. Энг машҳур воқеа 1845 йил июн ойида Даҳра минтақасида содир бўлди, унда полковник Пелиссьенинг буйруғиги кўра, 500 киши билан 1500 киши оралиғида инсонлар ҳалок бўлди.

Сетиф ва Ҳелмадаги қирғинлар (1945й):

1945 йил 8 май, Германия капитуляцияси (таслим бўлиши) белгиланган куни мустақилликни талаб қилиб тинч намойишларга чиққан жазоирликлар мустамлакачи француз армияси ва полицияси томонидан шафқатсизларча бостирилди. Турли манбаларга кўра, қурбонлар сони 6 мингдан 45 мингтагача етган.

Жазоирнинг мустақиллик учун кураши (1954–1962):

Энг қонли босқич, тизимли қийноқлар ва оммавий қатағонлар шу даврда содир бўлди. Бу даврда тизимли қийноқлар кенг қўлланилди: электр токи билан қийноққа солиш, “сув тахтаси”, яъни сувга тиқиб қийнаш усуллари кенг тус олди. Шунингдек, оммавий қатл қилиш амалга оширилиб, қишлоқлар бомбардимон қилинди ва концлагерлар ташкил этилди. 2 миллиондан ортиқ жазоирликлар мажбуран кўчириб юборилди ва 8 мингдан ортиқ қишлоқлар вайрон қилинди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, халқ талофати 400 мингдан 1,5 миллионгача етди.

Ядровий синовлар (1960–1966):

Франция Саҳрои Кабирда – атмосфера ва ер ости синовларини қўшиб ҳисоблаганда – 17та ядровий портлашни амалга оширди. Биринчи портлаш («Gerboise Bleue») 1960 йилда содир этилди ва бу портлаш Хиросимага ташланган бомба портлашидан тўрт баравар кучлироқ бўлди. Радиация минглаб одамларнинг касалланишига, мутацияларга ва ўлимларга сабаб бўлди, кўплаган ҳудудлар бугунги кунгача тўлиқ тозаланмаган.

Иқтисодий эксплуатация ва маданий вайронагарчилик:

Миллионлаб гектар ерлар жазоирликлардан тортиб олиниб, мустамлакачиларга берилди. Масжидлар бузиб ташланди, араб тили тақиқланди ва мажбурий ассимиляция амалга оширилди.

Ҳозирча Париж мазкур қонунга расман изоҳ бергани йўқ. Бироқ, Франция Ташқи ишлар вазирлиги бу ташаббусни «аниқ қасдий душманлик» деб атаб, ҳужжат халқаро ҳуқуқий кучга эга эмаслигини таъкидлади. Франция президенти Эммануел Макрон 2017 йилда мустамлакачиликни «инсониятга қарши қилинган жиноят» деб атаган эди, аммо бугунги кунга қадар расмий узр сўраш ёки компенсация (репарация) тўлаш амалга оширилмади.

Нафақат Франция, балки бошқа Ғарб давлатлари ҳам мана шундай қонли тарихларга эга. Бу мустамлакачи давлатлар ўзларининг бундай шафқатсиз жиноятларини яшириш ва ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаслик учун ҳамда мустамлакаси остидаги мамлакатларда ўз таъсирини сақлаб қолиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотини тузишди. Қандай жиноят ёки геноцид содир этган бўлишидан қатъи назар, улар ҳеч қачон жавобгарликка тортилмайди. Чунки БМТ қонунлари уларга йўл очиб беради. Бошқача қилиб айтганда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзоси (АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой) рози бўлмагунча, ҳеч қандай резолюция қабул қилинмайди. Чунки улар вето ҳуқуқига эга. Шунинг учун уларга қарши ҳеч қандай резолюция қабул қилиниши мумкин эмас. Демак, ҳеч қандай таклиф ёки ҳужжат, бу давлатлар рози бўлмаса – Франция Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлаганидек – халқаро ҳуқуқий кучга эга бўлмайди. Шунинг учун улар ҳеч қачон ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам ўз жиноятлари учун жавобгарликка тортилмаган. Британиянинг ўз мустамлакаларида содир этган даҳшатли жиноятлари, Россиянинг Марказий Осиё ва Кавказдаги жиноятлари, Хитойнинг уйғурларга қарши содир этган жиноятлари ҳамда АҚШ ва Ғарбнинг Ироқ ва Афғонистонда содир этган жиноятлари туфайли миллионлаб мусулмонлар қирғин қилинди. Аммо ҳеч ким жавобгарликка тортилмади. Шунинг учун, БМТ ва унинг қалқонига айланган мустамлакачи давлатлар бошчилигидаги ҳозирги тузум йўқ қилинмагунча, мустамлакачиларнинг зулмлари ҳеч қачон тугамайди.

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button