Мақолалар

Молиявий жосуслик

Молиявий жосуслик

Миллий банк пул алмаштириш шохобчалари учун янги қоидалар жорий қилди. 14 январдан бошлаб йирик ёки ностандарт операцияларни амалга ошириш чоғида пул алмаштириш шохобчалари Қирғизистон фуқароларининг ҳам, чет эл фуқароларининг ҳам ҳужжатларини ва маблағ манбаларини текшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Миллий банк қарорининг асосий талаблари қуйидагилардан иборат: 100 минг сўмдан 1 миллион сўмгача бўлган операцияларда мижознинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинади; 100 минг сўмдан ортиқ операциялар рўйхатдан ўтказилиши шарт; айрим тоифадаги мижозлар маблағларнинг манбасини кўрсатиши лозим бўлади; пул алмаштириш шохобчаларидаги ходимлар мижозларнинг Қирғизистон ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг санкциялар рўйхатида бор-йўқлигини текширишлари шарт; хавфли деб ҳисобланган операциялар учун қўшимча ҳужжатлар сўралади ва пул алмаштириш шохобчасининг раҳбари уларни амалга оширишга рухсат бериши зарур бўлади; Агар нақд хорижий валюта операцияларида шубҳали операциялар аломатлари мавжуд бўлса, банк, МФC, МCC, КС, ихтисослаштирилган молия институтлари ва айирбошлаш шохобчалари, амалга оширилган операциялар суммаси миқдоридан қатъий назар, шубҳали операция аниқланганидан кейин 5 (беш) соат ичида, бу ҳақда молиявий разведка агентлигига хабар беришлари шарт.

14 январдан бошлаб Қирғизистондаги пул айирбошлаш шохобчалари мижозларнинг ҳужжатларини текшириш ва пул манбасини очиқлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Расмийларга кўра, ушбу қарор пул ювишга ва молиявий жиноятларга қарши курашни кўзда тутади. Бироқ, аслида кимлар текширилади? Ҳақиқат шуни кўрсатадики, мураккаб схемалар орқали миллионлаб пулларни олиб чиқиб кетганлар эмас, балки пул айирбошлаш шохобчаларида нақд пул ушлаб турган оддий одамлар текширилади.

Аслида, кўпчилик одамлар ҳаётда молиявий қоидаларга амал қилиб яшамайди. Масалан, пул йиллар давомида тўпланади, қариндошлар беради, чет элдан олиб келинади, қўшимча ишда тушади ва бу ҳолатларда сертификат, шартнома ёки муҳр керак бўлмайди. Бу пуллар тамоман қонуний бўлса ҳам, бироқ янги қабул қилинган қарорга кўра, у автоматик равишда «шубҳали» бўлиб қолади.

Натижада, одам ноқулай аҳволга тушади: у ҳеч бир қонунни бузмаган бўлса ҳам, ўзини оқлашга мажбур бўлади. Суд олдида эмас, балки пул айирбошлаш шохобчаси олдида ўзини оқлашга ёки «пора» беришга мажбур бўлади.

Янги талабларга кўра, мижозлар ва уларнинг молиявий операциялари ҳақида кўп йиллар давомида маълумот тўплаш ва сақлаш керак бўлади. Ким, қачон ва қанча пул алмаштирилгани, пул қаердан келгани, қандай ҳужжатлар тақдим этилгани – буларнинг барчаси қайд этилади. Бундай чоралар билан давлат ўз фуқароларининг молиявий фаолиятини тўлиқ назорат қилишга йўл топади.

Бундан ташқари, маълумотлар, ошкор бўлиб кетиши мумкин, айниқса бизнинг мамлакатимизда бундай бўлмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Бу жуда хавотирли. Молиявий маълумотлар энг муҳим маълумотлардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда одамлар ўзларининг молиявий маълумотларини ишончли ҳимоя остида, деб билмайди.

Умуман олганда, ушбу қарор оддий фуқароларнинг молиявий фаолияти устидан тўлиқ назоратни ўрнатишга олиб келади. Шунинг учун, одамлар, гарчи бирор бир жиноят қилганликда гумон қилинмаса ҳам, валюта алмаштиришда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини ва пулларининг манбасини очиқлашга мажбур бўлади.

Бу Ислом шариатига зиддир. Агар мижоз жиноятда гумон қилинган шахс бўлса, албатта бу бошқа масала. Аммо бу ерда фуқаролар оммавий кузатув остига олинмоқда. Бу эса, одамлар устидан жосуслик қилиш ва тўлиқ назорат ўрнатиш демакдир. Ҳужурот сурасининг 12 оятида Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُواْ ٱجۡتَنِبُواْ كَثِیرࣰا مِّنَ ٱلظَّنِّ إِنَّ بَعۡضَ ٱلظَّنِّ إِثۡمࣱۖ وَلَا تَجَسَّسُواْ

«Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар»

Росул A эса бундай дедилар:

«إِيَّاكُمْ وَالظَّنَّ فَإِنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ، وَلاَ تَحَسَّسُوا، وَلاَ تَجَسَّسُوا، وَلاَ تَنَافَسُوا، وَلاَ تَحَاسَدُوا، وَلاَ تَبَاغَضُوا، وَلاَ تَدَابَرُوا، وَكُونُوا عِبَادَ اللَّهِ إِخْوَانًا»

«Сизлар гумондан жуда эҳтиёт бўлинг, чунки гумон гапнинг энг ёлғонидир, гап пойламанглар, жосуслик қилманглар, бир-бирингизга рақиб бўлиб талашманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингизни ёмон кўрманглар, бир-бирингизга душманлик қилманглар, Аллоҳнинг ўзаро биродар бандалари бўлинглар». (Бухорий ва Муслим ривояти).

‏ إِنَّ الأَمِيرَ إِذَا ابْتَغَى الرِّيبَةَ فِي النَّاسِ أَفْسَدَهُمْ

“Одамларга гумон билан қараган ҳукмдор уларни бузади”. (Абу Довуд ривояти).

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button