Яман масаласининг бу қадар кескинлашуви ортида нима турибди?

بسم الله الرحمن الرحيم
Саволга жавоб
Яман масаласининг бу қадар кескинлашуви ортида нима турибди?
Савол: Яман Президентлик кенгаши аъзоси Айдарус аз-Зубайдий қўмондоилигидаги «Ўтиш даври кенгаши» кучлари Ҳадрамавт ва Маҳра вилоятларига ўз кучларини ёйишга киришганидан кейин вазият ниҳоятда чигаллашиб кетди. Кенгаш раиси Рашод ал-Алимий Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) билан тузилган «Муштарак Мудофаа шартномаси»ни бекор қилиб, Амирлик қўшинларидан 24 соат ичида Яманни тарк этишни талаб қилди. Саудия Арабистони бу қарорни дарҳол қўллаб-қувватлади ва Мукалла портидаги БАА қурол-яроғ омборларини бомбардимон қилди. Саудия Рашод БААдан ал-Алимийнинг талабини қабул қилиб, ўз кучларини Ямандан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Шундан кейин БАА кучлари олиб чиқиб кетилди, аз-Зубайдий эса Амирликларга қочиб кетди. Хўш, Яман масаласининг бу қадар кескин тус олиши ортида нима турибди? Британия Ямандаги югурдак вассалларидан маҳрум бўлмоқдами? Ва бу можаронинг халқаро кўлами борми?
Жавоб: Вазиятни ойдинлаштириш учун, аввало, бу инқироз қандай шаклланганини, ва бу ҳодисалар қандай натижалар ва вазиятларга олиб келиши мумкинлигини баён қиламиз:
Биринчи: Инқироз шаклланишининг маҳаллий кўлами
- Инқирознинг бошланиши: Зоҳиран қараганда бу инқироз, Яман жанубида алоҳида давлат тузиш лойиҳасини қаттиқ туриб қўллаб-қувватлаб келаётган тараф – «Жанубий ўтиш даври кенгаши» ўз кучларини Ҳадрамавт ва Маҳра устидан назорат ўрнатиш учун олдинга силжитиб, Амр ибн Ҳабриш қўмондонлигидаги «Қабилалар иттифоқи» кучларини нефть иншоотларидан сиқиб чиқарган пайтдан бошланди. “Ямандаги «Жанубий Ўтиш даври кенгаши» (Southern Transitional Council, STC) га содиқ кучлар пайшанба эрталаб Ҳадрамавтнинг Масила минтақасидаги нефть ширкатларига қарашли позициялар устидан ўз назоратини ўрнатганини эълон қилди. Бу нефт далаларини, иншоотлар теварагини ва таъминот йўлларини қамраб олган ҳарбий жойлашув ортидан юз берди. Бу ҳолат Ҳадрамавт қабилалари иттифоқи кучлари айрим нуқталарда бўлиб ўтган тўқнашувлар ортидан минтақадаги ўз позицияларидан чекинганидан кейин юзага келди— BBC, 2025 йил 4 декабрь).
- Саудиянинг аралашуви: ал-Жазира 2025 йил 3 декабрь: Муҳаммад ал-Қаҳтоний бошчилигидаги Саудия делегацияси Ҳадрамавт маркази Мукалла шаҳрига келди. У томонларни тўплади ва кескинликка барҳам бериш бўйича келишувга эришилди, ва бу келишув бўйича меморандум имзоланди. “Хадрамавт муҳофазаси Медиа офиси ўз баёнотида билдиришича, келишувни Хадрамавт муҳофиз (губернатори) и Солим Аҳмад ал-Хунбуши ва муҳофазанинг биринчи вакили, Хадрамавт қабилалари иттифоқи раиси шайх Амр ибн Али ибн Ҳабриш имзолади (Sky News, 2024 йил 4 декабрь). Саудия делегацияси келишув ижросининг кафили сифатида Хадрамавтда қолиши бўйича келишувга эришилди.
- Келишувнинг бузилиши: «Ҳадрамавт қабилалар иттифоқи» раиси шайх Амр бин Ҳабришнинг айтишича, – (у шарқий Яман нефт муҳофазасининг автоном бошқарувини талаб қилиб чиқяпти) – Хадрамавт ташқи қуролли босқинга учрамоқда, унда соҳил ва тепаликдаги позициялар нишонга олиниб, нефт иншоотларига таҳдид туғилмоқда. У телевидениеда сўзлаган нутқида «Жанубий Ўтиш даври кенгаши» кучларини дронлар ёрдамида хиёнаткорона ҳужум қилишда айблаб, бу – иттифоқ билан Хадрамавтдаги маҳаллий ҳокимият ўртасида тузилган келишувни очиқдан-очиқ бузиш эканини, бунинг оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар борлигини айтди (Al-Araby Al-Jadeed, 2025 йил 9 декабрь). Саудия эса жараённинг бундай тус олганини рад этди. “Яман томони дан белгиланган махсус комиссия раиси ва ҳозирда Хадрамавтда бўлиб турган Саудия делегацияси бошлиғи бригада генерали Муҳаммад Қаҳтоний ўз мамлакатининг муҳофаза барқарорлигини қўллаб-қувватловчи позициясини яна бир бор таъкидлар экан, бирон-бир ишни куч билан зўр бериб тиқиштиришга қаратилган ҳар қандай уринишларни қатъиян рад этди.
- Марказий ҳукуматнинг позицияси: Яман Президентлик қўмондонлик кенгаши раиси Рашод ал-Алимий Саудия билан бир хил позицияни эгаллади. У тинчлик ва барқарорликка тўсиқ бўлувчи ва қонуний ҳукумат салоҳиятларини бузувчи ҳар қандай якка тартибдаги ҳаракатларни қатъиян рад этишини урғулар экан, Хадрамавтда эришилган тинчлик келишувига тўлиқ амал қилиш зарурлигини таъкидлади. У ушбу баёнотларини муваққат пойтахт Аданни тарк қилиб, Саудия араб подшоҳлигига йўл олиши арафасида берди. (Al-Quds, 2025 йил 5 декабрь).
- Инқирознинг авж олиши: Саудия вазиятни БААнинг «Ўтиш даври кенгаши» кучларини Ҳадрамавт ва Маҳра сари силжитишидан олдинги ҳолатига қайтариш бўйича уринишлари самара бермай, боши берк кўчага кириб қолгач, инқироз янада кучайди ва регионал кўлам тусини ола бошлади. Рашод ал-Алимий сешанба куни БАА давлати билан тузилган муштарак мудофаа келишувини бекор қилиш ҳақида қарор чиқариб, Амирликлар кучларининг Ямандан чиқиб кетиши учун 24 соат муҳлат берди (RT, 2025 йил 30 декабрь). У Мудофаа вазирлигига бўйсунувчи «Ватан қалқони» (Dir’ al-Watan) кучлари ҳаракатга келиб, икки муҳофазадаги барча ҳарбий лагерларни қўлга олиши ҳақида буйруқ ҳам берди.
- Саудиянинг қатъий чоралари ва кескинликнинг авж олиши: Саудия бу қадамни дарҳол қўллаб-қувватлади. Шундан кейин инқироз янада авж олди. Саудия кучлари БАА томонидан «Ўтиш даври кенгаши»ни қўллаш учун Мукалла портига юборилган қурол-яроғ ва ўқ-дори захираларини бомбардимон қила бошлади. (Ямандаги Саудия бошчилигидаги коалиция сешанба куни чекланган ҳарбий операция ўтказилганини, унда БААдан Ҳадрамавт Мукалло портига келган қурол-аслаҳа ва жанговар машиналар нишонга олинганини эълон қилди — Sada News, 2025 йил 30 декабрь). Шу тариқа, Ямандаги инқироз кескин тус олди, уни ҳал қилиш бўйича дипломатик уринишлар муваффақият қозонмади, оқибатда у яна-да авж олиб, регионал тусга кирди. Натижада. Саудия Президентлик кенгашидан БААни Яман ҳудудидан ҳайдаб чиқаришни талаб қилди, шундан кейин Саудия Амирликлар Хадрамавтдаги ўтиш даври кенгашига юборган қурол-аслаҳаларни бомбалаб, Саудия билан Амирликлар ўртасида 2017 йилдаги Саудия-Қатар инқирозига ўхшаш кескин вазият келиб чиқиши мумкинлиги билан таҳдид қилди.
- БААнинг «таслим бўлиши» ва чекиниши: Таҳдид давом этгач, БАА “бўйин эгиш”га мажбур бўлди ва ўз кучларини Ямандан олиб чиқишини эълон қилди. “БАА Мудофаа вазирлиги сешанба куни террорчиликка қарши кураш бўлинмаларидан қолганларини ҳам Ямандан ўз хоҳиш-иродаси билан олиб чиқиш якунланганини, бу жараён бўлинма ҳарбийларининг саломатлиги кафолатланган ва манфаатдор шериклар билан келишилган ҳолда кечганини билдирди — RT, 2025 йил 30 декабрь”. Саудия БААнинг Ямандаги югурдаклари (Айдарус ал-Зубайдий бошчилигидаги «Ўтиш даври кенгаши») га Ҳадрамавт ва Маҳрадан чиқиб кетиш бўйича ультиматум йўллашда давом этди. Кенгаш аввалида бундан бош тортган бўлса-да, кейинроқ Саудия таҳдиди остида «коалицион бошқарув» ёки «қисман чиқиб кетиш» таклифини илгари суриб, муроса қилишга уринди, “Ямандаги Жанубий ўтиш даври кучлари Хадрамавт соҳил ва водийларидаги бир неча минтақалардан чиқиб кета бошлади” (Al-Modon, 2025 йил 31 декабрь). Бироқ бу чиқиб кетиш инқирозга барҳам берувчи ечим эмас, балки алдовга яқинроқ манёвр бўлди!
- Ал-Зубайдийнинг қочиши ва Кенгашнинг тарқатилиши: 2026 йил 8 январь куни коалиция ОАВда аз-Зубайдийнинг Адан шаҳридан Сомалиленд орқали Абу-Дабига қочиб кетганини билдирди. Шундан сўнг, Саудия Мудофаа вазири мамлакат жанубидаги айрим шахслар билан маслаҳатлашган ҳолда «Ар-Риёд конференцияси»га тайёргарлик кўриш учун ташкилий қўмита тузилишини маълум қилди. 9 январь жума куни эрталаб эса «Жанубий ўтиш даври кенгаши» бош котиби Абдураҳмон ал-Субайҳий кенгаш ва унинг барча тузилмалари тарқатилганини эълон қилди. У Саудия раҳнамолигида «Жанубий кенг қамровли конференция» орқали Жанубда одилона мақсадга эришишга ҳаракат қилиб кўрилишини билдирди (Al Jazeera, 2026 йил 9 январь).
Иккинчи: Халқаро кўлам (геосиёсий ўлчов)
- Манфаатлар тўқнашуви: Албатта, бу кўлам аниқ-тиниқ кўриниб турибди. Зеро, Америка малайлари бўлмиш Саудия ҳукмдорлари АҚШ сиёсатини ижро этаётган бўлса, инглиз малайлари бўлмиш БАА ҳукмдорлари эса Британия сиёсатини амалга оширмоқда. Қарама-қарши тарафда туришганлари боис, уларнинг Ямандаги манфаатлари тўқнаш келмоқда. Натижада ўзаро тўқнашув остонасида туришибди ёки унинг эшигидан киришмоқда. Бироқ, яқин вақтгача Яманда можарога киришган ҳар икки тараф ҳам инглизпараст кучлар эди. Масалан, «Ўтиш даври кенгаши» раҳбари Айдарус ал-Зубайдий Британия малайи бўлиб, барча ҳаракатларини БАА орқали мувофиқлаштирар эди.
- Рашод ал-Алимий позициясининг ўзгариши: Президентлик кенгаши раиси Рашод ал-Алимий ҳам илгари инглизлар гуруҳига мансуб бўлса-да, бироқ у Саудияни зўр бериб қўллаб-қувватлаб, БААни Ямандан чиқаришни талаб қилиб келарди. Зеро, БАА Британиянинг Ямандаги нуфузини сақлаб қолишга хизмат қилувчи энг кучли қуролидир. Бунга ойдинлик киритиш учун қуйидагиларни айтиб ўтамиз:
- А) 2022 йилда Президентлик кенгаши тузилиб, Рашод ал-Алимий президентлик ваколатларига, қолган етти аъзо эса вице-президентлик ваколатларига эга бўлганди. Саудия ва Америка вакили бу кенгаш тузилишига – унинг кўпчилик аъзолари инглизларга бўйсунувчи сиёсий доирадан иборат эканига қарамай – рози бўлди, бунга кўп ҳам парво қилишмади. Чунки Саудия молиявий ва айниқса хавфсизлик қувватлови орқали кенгашда маҳкам ўрнашган эди. Хусусан, унинг яраштириш битимига ўтиш даврининг тўрт аъзосини киритганини ҳам ҳисобга олиш керак. Қолаверса, ал-Алимий инглизпараст бўлиб, собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳ давридан бери йирик сиёсий мансабларда ишлаб келган бўлса-да, бироқ унинг Саудияда яшаши ҳамда Саудиянинг молиявий ва хавфсизлик ёрдамларига ҳаддан ортиқ қарамлиги – буларнинг барчаси Саудиянинг унга босим ўтказишига кучли йўл очиб берди-ки, бу босим охирги пайтларда яна-да авжига чиқди.
- Б) Шу боис, у «Ўтиш даври кенгаши»нинг декабрь ойи бошида Ҳадрамавт ва Маҳрага қилган ҳужумига қарши кескин позицияда турди. У нафақат қарши чиқди, балки БААни Ямандан ҳайдаб чиқариш бўйича кескин позицияни эгаллади. Ва бу табиийки, Британиянинг Ямандаги қолган-қутган нуфузига катта зарар етишига сабаб бўлади… Бу эса содиқлик ўзгарганига бир ишорадир. Зотан, унинг охирги баёноти гарчи буни таъкидламаса-да, кучлироқ эҳтимолда шундай эканини кўрсатиб турибди. «Ямандаги президентлик раҳбарият кенгаши раиси Рашод ал-Алимийнинг бугун айтишича, “Саудия билан стратегик шерикликни ҳимоя қилиш миллий масъулият бўлиб, Яман раҳбарияти бу шерикликдан келадиган ютуқларни яхши тушунади, айни вақтда у бўйича бепарволик қилиш қандай хатарлар келтиришини ҳам яхши англайди”. У ушбу шериклик Яман давлатини қайта тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашдаги асосий таянч эканини таъкидлади » (Al Arabiya, 2026 йил 1 январь). Шунинг учун ҳам Кенгашнинг йирик инглизпараст аъзолари унга ҳужум қилиб, уни иш юритишда «ўз ваколатидан чиқиб» кетганликда айблашди. Улар қўшма баёнот чиқаришди, унда айтилишича: “улар Президентлик раҳбарият кенгаши раиси Рашод ал-Алимий киришган якка тартибдаги тадбир ва қарорларни ўта хавотирлик билан кузатиб боришди, бу чоралар жумласига фавқулодда ҳолатни эълон қилиш ва хатарли сиёсий ва хавфсизликка оид тавсияларга эрк беришдан тортиб, БАА давлатини араб коалициясидан ва Яман ерларидан чиқариш даъвоси ҳам киради”. (Independent Arabia, 2025 йил 30 декабрь). Лекин ал-Алмийнинг инглизларга малайлик қилишдан Саудия малайига айланиши инглизларнинг одамларини Жанубий Яманда куни битганини англатмайди. Лекин бу нарса, айниқса Абдур Раҳмон ас-Субайҳий ўтиш даври кенгаши тарқатилганини эълон қилганидан кейин уларни анча заифлаштирди.
Учинчи: Ушбу кескин можарога диққат билан назар ташлаганда, гувоҳи бўламизки, у асосан Ҳадрамавт теварагида айланмоқда ва унинг ортидан Маҳра муҳофазаси ҳам қўшилмоқда:
- Ҳадрамавтнинг стратегик ўрни: Хадрамавтнинг ер майдони Яманнинг қарийб учдан бирини ташкил қилади. У Ямандаги узоқ уруш йиллари пайтида низолардан бир чеккада бўлди. У зимдан, Яман жанубини шимолдан ажратишга интилаётган «Ўтиш даври кенгаши» назорати остидаги минтақалардан бири деб ҳисобланиб келди. Саудиянинг у ердаги аралашуви чекланган эди. Масалан, 2024 йилда Саудия Яман ҳукумати (Рашод ал-Алимий) кучларини Ҳадрамавтга киритишни қўллаб-қувватлаган, БАА дастаклаган «Ўтиш даври кенгаши» эса бунга монелик қилган эди (Balqis, 3/06/2024). Шунинг учун Саудиянинг Хадрамавтга аралашувлари чекли бўлиб қолаверди. Бу ҳолат АҚШда Трамп ҳокимиятга келгунга қадар давом этди. Трамп келганидан кейин Саудиянинг Ҳадрамавтга аралашувлари кучайди ва БАА билан «Ўтиш даври кенгаши»га қилган охирги таҳдидлари чўққисига чиқди.
- Саудиянинг Ҳадрамавтдаги фаоллиги: Саудиянинг Трамп маъмурияти ҳокимиятга келганидан кейин Хадрамавтга аралашувлари кучайганига келсак, бу аниқ кўриниб турибди. Масалан, 2025 йил бошидан Саудия Ҳадрамавтга қаттиқ босим ўтказишга киришди ва қабилалар етакчилари билан боғланиб, ўзига тобеларни пайдо қила бошлади. Саудия “йўқотган нарсаси” ни «Ҳадрамавт қабилалар иттифоқи» етакчиси ва Хадрамавт муҳофазасининг биринчи вакили Амр бин Ҳабришда топди ва уни қўллаб-қувватлаб, уни яна-да кўпроқ кучга эга бўлишга ундай бошлади. Натижада у Хадрамавтда янада кўпроқ назорат ва ҳукмронликни ўрнатишга ҳаракат қила бошлади. “2025 йил февралда бин Ҳабриш «Ҳадрамавтни ҳимоя қилиш кучлари»ни тузиш масаласини қайта кўтарди, ва бу нефт экспортини тўхтатиш эълони билан бир вақтга тўғри келди. (ал-Жазира нет/12/2025 ). Шундан кейин Саудия уни ар-Риёдга олиб келиш учун ҳарбий учоқ юборди ва унга кўплаб ёрдамлар кўрсатди, уни ар-Риёдда йирик расмийлар, жумладан Саудия мудофаа вазири ва Саудия армияси штаб бошлиғи кутиб олди (Al-Arab, 29/03/2025). У ар-Риёддан қайтгач, 35 минг жангаридан иборат 6 та ҳарбий бригада ва махсус хавфсизлик ва ёрдам кучлари каби бир неча ҳарбий қисмлар тузилганини эълон қилди. Саудия ўз одами – бин Ҳабришни нефть ширкатлари устидан назорат ўрнатишга ундагани Айдарус аз-Зубайдий бошчилигидаги «Ўтиш даври кенгаши» сабр косасини тўлдирган сўнгги томчи бўлди. Натижада у Хадрамавтни ўз назорати остига қайтариш учун енг шимарди. Инқироз “пилиги”ни алангалатган иш мана шу бўлди.
- Табиий бойликлар ва «Нодир металлар» омили: Бу ерда яна бир иш бор. У ҳам бўлса, ер майдони кенг Ҳадрамавт қимматбаҳо ерости бойликлари, жумладан, скандий каби нодир металларга бой эканлигидир. Бу нодир металлнинг мўл-кўл захиралари Хадрамавтнинг соҳил бўйи Брум Майфа ва Ҳажар шаҳарларида аниқланди, у самолётсозлик ва космик кемалар саноатида ишлатилади. Буни Aden City сайти ҳам 07.11.2025 да Хадрамавтдаги геология тасвири ҳайъатига таяниб тасдиқлади. Хадрамавтда бундай захира борлигининг аниқланиши Яманни ноёб металларнинг глобал харитасига олиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, Ҳадрамавтнинг «қора қумлари» илменит, рутил, циркон ва магнетит каби металларга ҳам бой бўлиб, халқаро корпорациялар уларга инвестиция ётқизиш учун ким ўзарга пойга бошлашган. Хадрамавтда, шунингдек, нефт, мармар ва гранит ҳам бор. Шу билан бирга, Яман Ўрта Шарқда ерости нодир металларини қазиб олувчи давлатлар рўйхатидан жой эгаллаган ягона араб мамлакати сифатида кўзга ташланади. Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган “энергетика трибунаси” 08.07.2025. Трамп маъмуриятини ўзининг кўплаб халқаро сиёсатларида, Хитойнинг ушбу нодир металларга эгалик қилиб, электрон микрочиплар саноати каби нозик соҳаларда устун бўлиб олишига қарши туриш учун ҳаракатлантираётган нарса – ана шу нодир элементлардир.
- АҚШнинг роли: Бу билан тушунуладики, Саудияни Хадрамавт барқарорлиги сафсатасига ундаган томон айнан Трамп маъмуриятидир. Натижада нефт ширкатлари устидан назорат ўрнатиш ва мухториятга чақиришни авж олдириш учун бин Ҳабриш бошчилигида қабилалар иттифоқи уринишлари юзага келди. Бу иш инглизпараст гуруҳни (БААни ва унинг «Ўтиш даври кенгаши» каби маҳаллий югурдакларини) Хадрамавтга ҳужум қилиб, унга қўшиб Маҳра устидан ҳам назорат ўрнатишга ундади. Бундан Саудиянинг, тўғрироғи Трамп маъмуриятининг “жини қўзиб”, ғазабга келди. Шундан кейин Трамп маъмурияти БАА га қарши қаттиқ чораларни кўрди. Бундай чораларга америка маъмурияти 2015 йилдаги “қатъият бўрони” операцияси чоғида икки мамлакат ўртасидаги коалициядан бери қадам қўймаган эди. Ана шу кескин чоралардан бири – БАА қуролларини бомбалаш ва унинг “Ўтиш даври кенгаши”даги тобеларига таҳдид қилиш бўлди. Бу эса Трамп маъмуриятининг масалани, яъни Хадрамавтдаги нодир металлар масаласини ўзига олишида ўта жиддий эканини кўрсатади. Демак, Америка – гарчи ўзининг югурдак қуроли Саудияга тўла ишончда бўлса ҳам – бу манзарадан ташқарида эмас. Шунинг учун ҳам АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Саудия Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳон билан боғланиб, иккаласи Ямандаги вазиятни ва региондаги хавфсизлик ва барқарорликка таъсир қилувчи масалаларни муҳокама қилишди. (RT 30/12/2025).
Тўртинчи: Хулоса
Яман майдонидаги янгича вазият шуки, Трамп маъмурияти бутун эътиборни Хадрамавтга қаратяпти. Бунга сабаб, у ерда нодир металлар борлигидир. Бу металларга эгалик Америка учун, Хитойнинг бошқа саноат соҳалари қатори ушбу нозик сектор бўйича ҳам устун бўлиб олишига қарши туриш имконини беради. Шунингдек, бу Яман етакчилари инглизлардан оғиб, Америкага малайлик қилишга ўтишлари эҳтимолини ҳам кучайтиради. Уларнинг энг машҳури президент Рашод ал-Алимийдир.. Маълумки, хитой ширкатлари Хадрамавтда нодир металларни аниқлаш бўйича разведка (қидирув) ишларини олиб бормоқда. Шунинг учун бу металлар масаласи Трампга нисбатан, уни Хитой эгаллаб олишидан олдин шошилинч ҳал қилиниши керак бўлган ишдир. Куфр давлатларининг малайлари Яманда жанг ҳаракатларини хўжайинлари истаклари рўёби учун олиб боришмоқда. Ҳа, бу малайлар айнан шунга хизмат қилишмоқда. Бу аламли ҳодисалар силсиласи нафақат Яманнинг биргина ўзида, балки Судан ва бошқа мусулмон ўлкаларда ҳам давом этмоқда, мусулмонлар – малай етакчилар уларни бор-будини(арзону қимматини) сарфлашга қизиқтириш учун алдаб, “катта фойда бор” деб уқтираётган курашларда – бир-бирларини ўлдирмоқдалар. Аслида эса бу курашлар куфр давлатларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун аланга олдирилмоқда. Бу оғриқли воқеалар занжири то Умматда энг кучли фиа(қатлам) уйғониб, ушбу қўғирчоқ ҳукмдорлар кўксини ерга топтаб, уларни оғир ҳисоб-китобга тутмагунча ҳамда адолат, раҳмат ва ҳидоят давлати бўлмиш пайғамбарлик минҳожидаги Халифалик давлатини тикламагунча давом этаверади. Шундан сўнг Ислом ва мусулмонлар учун Аллоҳ таоло самодан хайру баракот, неъмат, азизу мукаррамликни Ўзи истаганича ато этади:
إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْراً
“Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир. (Унинг хоҳишига қарши тургувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир”.
Эртанги кун уни кутгувчи учун, албатта, яқиндир.
22 ражаб 1447ҳ
11 январ 2026м




