Мақолалар

АҚШнинг Эронга ҳужуми сиёсий мағлубиятга айланмоқда

АҚШнинг Эронга ҳужуми сиёсий мағлубиятга айланмоқда

Уруш ўрнига сиёсат

АҚШ ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршилик борган сари ҳарбий мантиқ чегарасидан чиқиб, Вашингтон учун кутилмаган сиёсий муваффақиятсизликка айланиб бормоқда. Жанг майдонида кимнинг қўли баланд келиши ҳали ҳануз баҳсли бўйича қолаётган бўлса-да, сиёсий вазият буткул бошқача тус олмоқда. Бугунги манзарада Америка Қўшма Штатларининг кўраётган зарари қўлга киритаётган фойдасидан анча кўпроқдир.

Дональд Трамп ушбу кампанияни бошлар экан, асосий эътибор нишонга тез ва кескин зарба бериш орқали натижага эришишга қаратилган эди. Аниқроғи, кучли босим ўтказиш, ички барқарорликни изидан чиқариш, эҳтимолий режим алмашинуви ва ниҳоят — ғолиб позициясида туриб ўз шартларини қабул қилдириш кўзланган эди. Бироқ, бу режаларнинг бирортаси ҳам амалга ошмади. Эрон тиз чўкмади, аксинча, мазкур можарога ўз ўйин қоидаларини қўя олди, яъни қисқа муддатли тезкор амалиёт ўрнига глобал оқибатларга эга бўлган узоқ муддатли қаршилик кўрсата олди.

Бу вазиятнинг энг оғриқли нуқтаси — Ҳормуз бўғозидир. Бўғозга қўйилган тўсиқнинг ўзиёқ ҳар қандай ракета зарбасидан кўра кучлироқ зарба бўлди. Мазкур ҳолат жаҳон бозоридаги нарх-навога занжирсимон таъсир қилиб, нефть нархининг кўтарилишига сабаб бўлди. Инвесторларни ваҳима босди, дунё яна бир халқаро инқироз остонасида тургани ҳақидаги хавотирлар авж олди. Айнан мана шу нуқтада можаро минтақавий доирадан чиқиб, Америка сиёсатининг энг нозик томирига — ички осойишталик ва барқарорликка зарба берди.

Америкалик сайловчининг онгида мавҳум геосиёсат ҳақида тушунча йўқ, унинг хавотирини оширган нарса бензин нархининг тинимсиз ўсиб бораётганидир. Айнан шу кўрсаткич бугун Оқ уй ташқи сиёсатининг «муваффақиятини» белгиловчи мезонга айланиб қолмоқда.

Ғалабасиз чиқимлар

АҚШ ҳамон ҳарбий устунликни ўз қўлида сақлаб турган бўлса-да, бу устунлик очиқ жангни эмас, балки тинкани қуритиш йўлини танлаган рақиб қаршисида ожиз бўлиб қолди. Америка учун бу уруш навбатдаги ташқи сиёсий муаммолардан бири бўлса, Эрон учун — ҳаёт-мамот масаласидир. Бундай шароитда ўртадаги фарқ аён: таваккалчилик даражаси юқори бўлган томон, ҳарбий майдонда яққол ғалабага эришмаса-да, сиёсий жиҳатдан ҳамиша ютуққа эга бўлади.

Бугунги вазият ўтмишда содир бўлган аччиқ воқеаларни ёдга солади. Ўз вақтида АҚШ Ироққа бостириб кирар экан, минтақани тезкорлик билан ўз назорати остида олишига ишонганди. Афғонистонда ҳам ҳарбий аралашув орқали вазиятни жиловламоқчи бўлганди. Иккала ҳолатда ҳам натижа кутилганидек бўлмади: очиқ мағлубият тан олинмаган бўлса-да, вақт ўтиши билан мақсадлар хиралашиб, ҳарбий кампаниялар ўз маъносини йўқотди. Эндиликда худди шу тарих такрорланмоқда, аввалгилардан фарқи шундаки, бугунги ҳолат воқеалар шиддат билан ривожланиб, жаҳон иқтисодиёти ниҳоятда нозиклашиб қолган пайтда юз бермоқда.

Бундан ташқари, иттифоқчилар омили ҳам бор. Исроил босимни давом эттиришдан манфаатдор ва АҚШни вазиятни янада кескинлаштиришга ундамоқда. Форс кўрфази давлатлари эса, аксинча, эҳтиёткорликни афзал кўриб, катта урушга аралашишни исташмаяпти. Бу эса АҚШнинг анъанавий коалицияга таяниш стратегиясини пучга чиқариб, стратегик жиҳатдан мавҳумликни кучайтирмоқда.

Американинг ичидаги вазият ҳам Оқ уйга қарши йўналмоқда. Нарх-навонинг кўтарилиши, бюджетга тушаётган оғирлик, бошқа сиёсий ислоҳотларнинг тўхтаб қолиши — буларнинг барчаси ташқи кампания ички сиёсатга халақит бераётганидан далолатдир. Беқарорлиги билан танилган Трамп учун бу энг катта хавфдир. У ҳамма ҳам тушунавермайдиган баҳсли ташқи сиёсатни юритиши мумкин, бироқ сайловчиларнинг иқтисодий норозилиги олдида у ожиз қолади.

Айнан мана шу ерда ҳарбий ва сиёсий натижалар ўртасидаги тафовут кўзга ташланади. Аниқроғи, урушда мағлуб бўлмаса-да, мазмун-моҳият жиҳатидан мағлубият юзага чиқади. Агар қўйилган мақсадлар улкан бўлса-ю, лекин якунда музокаралардан бошқа чора қолмаса, бу сўзсиз ортга чекиниш сифатида қабул қилинади. Бундай баҳо нафақат мамлакат ичида, балки вазиятни синчковлик билан кузатиб турган халқаро майдонда ҳам сезилади.

Эрон ҳозирнинг ўзидаёқ маълум маънода муваффақият қозонганини қайд этиши мумкин. Зеро, у ўзининг амалдаги бошқарув тизимини сақлаб қолди, ташқи босимларга бардош берди ва бу можаронинг глобал иқтисодиётга таъсирини кўрсата олди. АҚШ эса, аксинча, юзага келган чигал вазиятдан чиқиш йўлларини излашга мажбур бўлмоқда. Бу омиллар Эрон учун ушбу жараённи ўзининг сиёсий мантиғи доирасида «ғалаба» сифатида тақдим этиши учун етарлидир.

Тазйиқ остидаги музокаралар

Мазкур вазият фонида Дональд Трампнинг Пекинга уюштирадиган сафари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу ерда «Эрон омили» бевосита бўлмаса-да, барибир Вашингтонга қарши ишлайди. Бу ҳолат кучлар мувозанатига нисбатан қарашларнинг ўзгараётганида яққол намоён бўлмоқда. Хитой учун кечаётган воқеалар — Америка босими қанчалик даражага етиши мумкинлигини кўрсатувчи бир мезондир. АҚШнинг ўз ўз қудратини кўрсатишга қаратилган кампанияси аниқ натижасиз, узоқ давом этадиган ва қимматга тушувчи инқирозга айланиб бормоқда. Бу эса бошқа йўналишларда, жумладан, иқтисодий ва тижорий соҳаларда АҚШ қўяётган қатъий талабларнинг нақадар жиддийлигига нисбатан ишончни сусайтиради.

Энергетика соҳасидаги вазият ушбу таъсирни янада кучайтирмоқда. Хитой йирик нефть импорт қилувчи давлат сифатида беқарорликдан бир томондан зарар кўрса-да, иккинчи томондан ундан фойда ҳам топмоқда. Унинг асосий воситачи ва муқобил етказиб берувчи марказ сифатидаги роли ортиб бормоқда. Бундай шароитда Пекин қўшимча устунликларга эга бўлмоқда. Аниқроғи, у вазиятни барқарорлаштириш борасидаги музокараларни ўз шартлари асосида олиб бориш имкониятини қўлга киритмоқда.

Трамп учун бу манёврлар майдони торайиб бораяётганидан далолат беради. Пекинда у бир вақтнинг ўзида Эрон билан якунланмаган можаро, ички иқтисодий хатарлар ва америкалик сайловчилар олдида ўз кучини кўрсатиш каби оғир мавзулар бўйича музокара юритишга мажбур бўлади. Кескин босим ўтказишга ҳар қандай уриниш энди ўзига бўлган ишонч эмас, балки ожизлик ўрнини тўлдиришга бўлган ҳаракат сифатида баҳоланади.

Бу ерда нуфузнинг тушиши ҳам катта йўқотиш ҳисобланади. Халқаро сиёсатда нафақат кучларнинг реал нисбати, балки уларнинг қандай қабул қилиниши ҳам муҳим рол ўйнайди. Агар жорий кампания чўзилиб, муаммоли жараён сифатида кўрила бошласа, бу шубҳасиз АҚШнинг музокаралардаги вазнини пасайтиради.

Урушдан осонликча чиқиш йўли йўқ

Воқеаларнинг кейинги ривожи «ёмон» ёки «жуда ёмон» вариантлардан бирини танлаш билан кечиши муқаррар бўлиб қолди. Кенг кўламли уруш бошлаш — ҳаддан ташқари қиммат ва хатарли қарордир. Тезлик билан ортга чекиниш эса америкалик сайловчилар ва иттифоқчиларга тушунтириб бериш қийин бўлган ён беришларни талаб қилади. Шу боис, энг эҳтимолли сценарий сифатида — минтақадаги вазиятнинг кескин тус олишини олдини олувчи ва обрўни сақлаб қолишга қаратилган, узоқ давом этадиган, толиқтирувчи музокаралар жараёни кутилмоқда.

АҚШнинг кейинги қадами шунчаки ғалаба ва мағлубият ўртасидаги танлов эмас, балки имкон қадар чиқимларни камайтиришга қаратилган уринишга боғлиқ бўлиб қолди. Бу шахматдаги «Цугцванг» (Zugzwang) ҳолатини эслатади: бунда ўйинчи учун юриш қилмаслик афзалроқ, бироқ қоида ва вазият уни ўз ҳолатини ёмонлаштирувчи юришни амалга оширишга мажбур қилади. Сиёсатда эса, бу одатда биргина нарсани — «ўйин режадагидек кетмаётганини» англатади. Асосий хулоса ҳам айнан шундадир.

Хужжат Жамиа

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button