ПУТИННИНГ ХИТОЙГА ТАШРИФИ: ГЛОБАЛ ШАТРАНЖ ВА ЯНГИ ДУНЁ ОСТОНАСИДАГИ КУРАШ

ПУТИННИНГ ХИТОЙГА ТАШРИФИ: ГЛОБАЛ ШАТРАНЖ ВА ЯНГИ ДУНЁ ОСТОНАСИДАГИ КУРАШ
Россия Президенти Владимир Путиннинг Хитойга уюштирган ташрифи вақтига эътибор қаратсангиз, унинг нақадар улкан стратегик аҳамиятга эга эканини пайқайсиз. Бу ташриф АҚШ Президентининг Хитой сафари қариши биланоқ, худди «изи совимай» амалга оширилди. Бундай тезкорлик шунчаки тасодиф эмас, балки замирида чуқур маъно ва кескин сиёсий ишоралар мужассам этган юришдир. Сиёсий жараёнларнинг набзини тутиб турган ҳар қандай киши учун Россия ва Хитой ўртасида янги бир «яқинлашув фасли» бошлангани, икки давлат АҚШ гегемонлигига қарши «бир ёқадан бош чиқариб» ҳаракат қилаётгани энди сир эмас.
Бугунги манзара шуни кўрсатмоқдаки, Владимир Путин ва Си Жинпин сўнгги йилларда савдо, энергетика, хавфсизлик ва халқаро сиёсат каби ҳаётий соҳалардаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқдилар. Ушбу стратегик аҳду паймон жорий ойнинг 19-санасида имзоланган 42 та муҳим ҳужжат билан муҳрланди. Улар орасида энг жарангдори — кенг қамровли шерикликни мустаҳкамлаш ва яхши қўшничилик алоқаларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнот ҳамда кўп қутбли дунёни барпо этишга қаратилган халқаро декларациядир.
Путиннинг Пекин сафари барча жабҳаларда зафарли кечди. Бу ташриф Трампнинг ўта мазмунсиз, амалий натижадан йироқ, фақатгина шахсий реклама ва пуч ОАВ шов-шувларидан иборат бўлган сафаридан «ер билан осмонча» фарқ қилади. Трамп ўз ташрифидан улкан ютуқлар ясашга қанчалик уринмасин, оммага бирорта тайинли натижани кўрсатиб бера олмади ва қуруқ қўл билан қайтди. Россия ва Хитой ўртасидаги музокаралар эса, аксинча, аниқ ва кескин келишувлар билан якунланди.
Гарчи Пекин расман ҳеч қандай халқаро блоклар тузиш нияти йўқлигини, дунёни лагерларга бўлишга ёки «совуқ уруш» риторикасини тирилтиришга интилмаслигини иддао қилса-да, амалдаги вазият бошқача. Хитой ўзини барча давлатлар билан тенг масофада турувчи «холис ҳамкор» сифатида кўрсатишга уста. Унинг даъвосича, Хитойда ҳеч қандай сиёсий блоклар ёки яширин иттифоқлар йўқ — ҳамкорлик эшиклари гўёки ҳамма учун очиқ. Бироқ бу «очиқ эшиклар» ортида дунёни қайта тақсимлаш ва тизимни янгидан қуриш йўлидаги улкан геосиёсий иштаҳа яширингани ҳеч кимга сир эмас.
Бу назарий фалсафа Россия билан ўрнатилган ўта яқин ва стратегик шериклик характерига амалий жиҳатдан мутлақо зиддир. Икки ташриф ўртасидаги фарқ шунчаки ҳайратланарли: Трампнинг қадами Пекин учун худди «ноқулай меҳмон»нинг келишидек бўлди. Хитой раҳбарияти ҳар бир сўзи ва қадамида ўта эҳтиёткорлик билан, гўёки пичоқнинг тиғида юргандек вазминлик сақлади. Технология, савдо занжирлари, Эрон ва Тайвань муаммолари каби нозик нуқталарда Хитой томони сукут сақлашни ва вазиятни мавҳум қолдиришни маъқул кўрди.
Аммо Путиннинг ташрифи бутунлай бошқача манзарани — икки давлат ўртасидаги ажиб бир уйғунлик ва хотиржамликни касб этди. Бу ерда «юз хотир» қилиб ўтирилмади, балки иқтисодий ва стратегик шериклик тўлақонли тасдиқланиб, мустаҳкамланди. Энг муҳими, ҳар икки томон Америка дунёга мажбуран тиқиштираётган «якка ҳокимлик» тизимига биргаликда «йўқ» дейишга ва кўп қутбли янги дунё тартибини қуришга аҳд қилдилар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун Хитой ва Россия муносабатлари тарихда кузатилмаган «иссиқ тафтли» палласига кирди. Икки ўртадаги алоқалар шунчаки ҳамкорлик эмас, балки нефть, газ ва стратегик нодир металлар савдоси таянчида қурилган қудратли иқтисодий блокка айланмоқда. Бугун Пекин ва Москва нафақат савдо-сотиқ, балки дунёнинг келажакдаги қиёфаси — кўп қутблилик масаласида ҳам бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоқдалар.
Рақамлар тили билан айтганда, Россия аллақачон Хитойнинг энг ишончли «энергия омбори»га айланиб улгурган. Ҳали 2025 йилда — Эронга қарши уруш олови алангаланмасдан аввалроқ — Россия Хитойга энергия етказиб берувчи энг йирик давлат мақомини эгаллаган эди. Ўшанда қувурлар ва суюлтирилган газ орқали жами 101 миллион тонна хом нефть ва 49 миллиард куб метр газ экспорт қилинган. Бугун эса Кремль Мўғилистон орқали ўтувчи «Сибир қуввати 2» лойиҳаси билан Хитойни энергия занжирига янада маҳкамроқ боғлашга интилмоқда.
Бунинг муқобилида эса, Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларда «музлаш» кузатилмоқда. Америка билан технология ва савдо соҳасидаги мулоқотлар, айниқса, Хитойдан АҚШга ўта муҳим нодир металлар экспорти бўйича музокаралар ҳануз боши берк кўчада қолмоқда. Вашингтон Хитойга янги авлод электрон чипларини сотиш масаласини «музлатиб» қўйган бўлса, Пекин ҳам Американинг «Boeing» самолётларини сотиб олиш ёки соя ловияси савдосида илгарилаш қилишга шошилмаяпти. Ўзаро божхона тўловлари ва савдо чекловлари борасидаги зиддиятлар эса икки гигант ўртасидаги ишончсизлик деворини янада баландлатмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Хитой Америка билан муносабатларда ўта совуқ ва ҳар бир қадамини ўлчаб босадиган эҳтиёткорликни танлаган бўлса, Россия билан «иссиқ ва уйғун» шерикликка қучоқ очган. Бу манзара дунёнинг икки асосий қутб — Америка ва Хитой атрофида қайта шаклланаётганидан, Россия эса бу курашда очиқ-ойдин Хитой кемасига чиқиб олганидан далолат беради. Европа бўлса, бир томондан Америкадан узоқлашиб, иккинчи томондан Хитойга ҳам яқинлаша олмай, тўртта йирик куч орасида ўзи учун «хавфсиз оролча» қидириш билан овора.
Дунё сиёсатидаги бу кўп қутблилик сари ҳаракат шунчаки силлиқ кечмайди, балки ўта мураккаб ва заҳматли жараён бўлади. Янги халқаро низомнинг тўлақонли барқарорлашиши учун ҳали анча сувлар оқиб ўтиши керак. Бироқ мана шу геосиёсий жараёнлар ва халқаро майдонда пайдо бўлаётган, борган сари кенгайиб бораётган «ёриқлар» янги бир қудратнинг майдонга чиқиши учун йўл очиб беради. Ана ўшанда, Аллоҳнинг изни билан, Ислом Давлати бугунги барча сохта мувозанатларни остин-устун қилиб юборадиган, дунё харитасини қайта чизадиган ва халқаро миқёсда ҳеч қандай рақобатчисиз биринчи рақамли давлатга айланадиган янги юксалувчи куч бўлажакдир!
Абу Ҳамза ал-Хатваний
Роя газетасининг 2026 йил 27 май, чоршанба кунги 601-сонидан




