Мақолалар

Трамп Америка-Саудия иттифоқи пойдеворини қандай емирмоқда?

Трамп Америка-Саудия иттифоқи пойдеворини қандай емирмоқда?

2026 йил март ойининг сўнгги кунлари Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабатларда кескин ўзгариш юз берди. Майамида бўлиб ўтган, Саудия Арабистони сармоялари билан бевосита боғлиқ «Future Investment Initiative» инвестиция форумида АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни омма олдида таҳқирлади.

“У менинг …ни ўпишига тўғри келади деб ўйламаган эди. Чиндан ҳам хаёлига келтирмаган эди. У мени жарликка қулаётган, ишлари орқага кетаётган навбатдаги Америка президенти бўлади, деб ўйлади чоғи. Аммо энди у менга хушмуомалали бўлишга мажбур. Унга айтиб қўйинглар, у менга нисбатан одоб сақлаши керак”, – деди Трамп.

Бу сўзлар нуфузли ва қатъий иерархик сиёсат вакиллари кўз ўнгида айтилди. Америка сиёсий анъанаси учун бундай қўпол «ковбойча» оҳанг одатий ҳол бўлиши мумкин, бироқ Яқин Шарқда, хусусан, ор-номус энг олий маънавий қадрият саналган Ислом маданиятида бундай баёнотлар мутлақо бошқача қабул қилинади.

Ғарблик кузатувчи учун бу шунчаки муболаға бўлиб туюлиши мумкин. Аммо мусулмон ўлкаси раҳбари учун очиқ ҳақорат ҳар қандай яширин келишмовчиликлардан кўра хавфлироқдир. Ҳайратланарлиси шуки, Ар-Риёднинг расмий муносабати жуда суст бўлди. Бироқ бу сукут заифлик аломати эмас. Яқин Шарқ сиёсатида омма олдида даҳанаки жанг қилиш хуш кўрилмайди. Жавоб бошқача тарзда, аниқроғи, шартларни ўзгартириш ва келишувларни қайта кўриб чиқиш орқали берилади. Саудиянинг позициясини билдирувчи эҳтимолий қадамлар икки асосий йўналишда амалга ошиши мумкин ва бунинг учун улар бирорта ҳам сўзни омма олдида айтишга эҳтиёж сезмайди.

Нефт ва ОПЕК+

Саудия Арабистонининг биринчи ва энг қудратли қуроли — дунё нефт бозорини жиловлаш имкониятидир. Ар-Риёд қулай фурсат келганда нефт қазиб олишни Трамп кутганидек амалга оширмаслиги, ОПЕК+ доирасидаги ўз ҳаракатларини Россия билан мувофиқлаштириши ва АҚШдаги сайловолди инфляцияси авж олган пайтда унга қайишқоқлик кўрсатмаслиги мумкин. Сайлов олдидан арзон бензин ва паст инфляцияга муҳтож бўлган Трамп учун бу жиддий зарба бўлади. Омма олдидаги ҳақоратдан сўнг энергия ресурслари нархини ҳақсиз назорат қилишни кутмай қўя қолса ҳам бўлади.

Сармоялар

Иккинчи қурол — бу маблағдир. Трамп Саудия Арабистони билан алоқаларни одатда молиявий муваффақият, капитал кўрсаткичлари ва сармоя оқимлари билан ўлчайди. Таҳлилчиларнинг фикрича, айнан шу соҳада энг сезиларли зарба берилиши мумкин. АҚШга йўналтирилаётган сармояларнинг камайиши, йирик шартномалар имзоланишининг кечиктирилиши, мустақил фондлар ташкил этиш муддатларининг ортга сурилиши ва капиталнинг бир қисмини Америкадан Европа, Осиё, Хитой ёки Ҳиндистонга йўналтирилиши — буларнинг барчаси «техник таҳлил», «бозор конъюнктураси» ёки «хавф-хатарларнинг олдини олиш» сифатида тақдим этилиши мумкин. Омма олдида буни ҳеч ким «ўч олиш» деб атамайди, аммо натижа кутилганидан ҳам самаралироқ бўлади.

Уммонлик таҳлилчи Салим ал-Жаҳурий тарқатган маълумотларга кўра, бу воқеа олдидан Трамп Форс кўрфази давлатларига ултиматум қўйган. У минтақа мамлакатларидан Эрон билан урушни давом эттириш учун 5 триллион доллар ёки урушни тезроқ тўхтатиш учун 2,5 триллион доллар талаб қилган.

Бу рақамлар ақл бовар қилмас даражада улкан. Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши томонидан расмий тасдиқланмаган бўлса-да, бу маълумотнинг сизиб чиқиши ёпиқ эшиклар ортида жуда жиддий тортишувлар кетаётганидан далолат беради.

Трампнинг сионистлар билан ҳамкорликда Эронга қарши бошлаган уруши уларнинг ўзлари учун оғир оқибатларни келтириб чиқарди. Ҳурмуз бўғози ёпилганлиги сабабли энергия ресурсларининг нархи кескин кўтарилди, Кўрфаз давлатлари эса тўғридан-тўғри иқтисодий зарар кўрмоқда. Бундай вазиятда Трампнинг ўзига хос очкўзлик билан яна триллионлаб доллар талаб қилиши масхараомуз туюлмоқда.

Сиёсий мағлубият шароитида Трампнинг бундай қўполлиги нафақат Саудия Арабистони, балки бошқа давлатлар билан ҳам муносабатларнинг жиддий ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Уруш минтақадаги барча нефт экспорт қилувчи монархиялар иқтисодига қаттиқ зарба бермоқда. Шу сабабли, узоқ муддатли истиқболда Кўрфаз монархиялари АҚШ билан алоқаларни тубдан қайта кўриб чиқишлари эҳтимолдан холи эмас.

Сиёсатга «Аввало Америка» деган ваъда билан келган ва ўзини беҳуда харажатли «абадий урушлар»ни тўхтатувчи деб атаган Дональд Трамп, оқибати номаълум бўлган Яқин Шарқдаги низога боши билан шўнғиди. У ўзининг омма олдидаги баёнотлари билан эса эҳтимол, АҚШнинг ушбу минтақадаги энг қимматли активига — асосий араб иттифоқчиси билан бўлган ишончли муносабатларига болта урди.

Масала Шахзоданинг жавоб бериш-бермаслигида эмас. Масала — Ар-Риёд нефт, инвестиция ёки Американинг стратегик ҳамкори бўлиш ҳуқуқи учун қачон нархни оширишга қарор қилишидадир. Ўша пайт келганда Трампнинг ҳақоратли сўзларини ҳеч ким эслаб ўтирмайди, аммо натижа ҳаммага аён бўлади. Жавоб доим ҳам Дональд Трамп ўрганиб қолганидек, тезкор ёки ҳиссиётли бўлавермайди. Қасос кечикиши мумкин, аммо у кутилмаганда содир бўлади. Айнан шу сабабли, ўч олиш совуққонлик ва вазминлик билан ижро этилади.

Хужжат Жамиа

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button