Уммат уламолари – ҳокимиятни шариатга топшириш ва Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифаликни тиклаш йўлида кураш пешволаридир

Уммат уламолари – ҳокимиятни шариатга топшириш ва Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифаликни тиклаш йўлида кураш пешволаридир
Мусулмонлар тарихида кечган курашлар шунчаки қўшинлар ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар билангина чекланиб қолмаган. Бу курашларнинг асл моҳияти — ҳокимият ҳокимият учун кураш бўлган: Ҳокимият шариатга тегишлими ёки нафс хоҳишларигами? У ваҳийга асосланадими ёки вазъий (инсонлар томонидан ўйлаб топилган) қонунларгами? Шу сабабли ҳам, Исломда олимлар ҳамиша марказий ролни эгаллаб келишган. Улар шунчаки шахсий ахлоқдан сабоқ берувчи ваъзхонлар сифатида эмас, балки даъватни кўтариб чиқувчи ва ҳаёт воқелигида шаръий ҳукмларни баён қилувчи зотлар сифатида майдонга чиқишган. Улар ҳукмдорларни Ислом мезонлари асосида муҳосаба қилган (ҳисоб-китоб сўраган) ҳамда Ислом татбиқида бирор нуқсон кўринса, унга қарши мустаҳкам қалқон сифатида майдонга чиқишган..
Ислом — ҳам ақида, ҳам қонунчиликдир. Дин эса давлатнинг пойдеворидир. Исломни фақатгина ибодатлар доирасига чеклаб қўйиш — унинг асл воқелигини бузиб кўрсатиш ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло одамлар орасида ҳукм юритиш учун Қуръонни нозил қилган ва намоз билан закотни қандай фарз қилган бўлса, Шариат билан иш юритишни ҳам худди шундай фарз қилган. Шу боис, уламоларнинг вазифаси фақат шахсий фатволар бериш билан чекланмайди. Балки уларнинг вазифаси бошқарув, иқтисод ва ташқи сиёсатга оид ҳукмларни баён қилишни ҳам, шунингдек, ҳукмдорлар шариатни тўхтатиб қўйишга ёки уни бошқа нарсага алмаштиришга уринса, уларнинг хатосини баралла айтишни ҳам ўз ичига олади.
Мўғул-татарлар мусулмон ерларига бостириб кирган кезларда масала фақат ҳарбий таҳдиддан иборат эмасди. Аксинча, бу сиёсий ва фикрий масала эди. Чунки босқинчилар айрим босқичларда Исломни қабул қилганликларини эълон қилишса-да, амалда «Ясо» номли ўз қонунлари билан ҳукм юритишган. Шу тариқа, улар зоҳиран Исломга мансублик билан Исломга ёт бўлган тузум билан бошқаришни ўзаро бирлаштиришга уринишган. Ана шундай мураккаб шароитда Изз ибн Абдуссаломнинг тутган позицияси амал қилувчи олимнинг ўрни нақадар муҳимлигини кўрсатиб берди. У ҳукмдор шариатга зид иш тутганда унга хушомад қилмади. Фақат умумий насиҳат билан чекланиб қолмай, итоат фақат маъруф (шариатга мувофиқ) ишларда бўлишини, агар ҳукмдор Ислом ҳукмларидан чекинса, уни тузатиш ва муҳосаба қилиш вожиб эканлигини очиқ эълон қилди.
Ибн Таймиянинг татарларга қарши курашдаги мавқеи ҳам айнан шундай бўлган. У шунчаки «мусулмонман» деб даъво қилиш кифоя эмаслигини, агар бу эътиқод тўлақонли шариат бошқарувига айланмаса, унинг нафи йўқлигини қатъий таъкидлади. Ибн Таймия Аллоҳ нозил қилган шариат билан ҳукм юритиш шунчаки сиёсий танлов эмас, балки шаръий фарз эканини баён қилди. Шариатни тўхтатиб қўйиш эса сиёсий тузумнинг табиатини ўзгартириб, уни Ислом давлати мақомидан чиқаришини ва ҳатто баъзи диний шиорлар остида бўлса ҳам, Исломдан бошқа нарса билан ҳукм юритувчи тузумга айлантириб қўйишини таъкидлади. Унинг бу позицияси Исломдаги ҳокимият тушунчасини теран англашдан келиб чиққан: суверенлик (ҳокимият) — халққа ҳам, ҳукмдорга ҳам эмас, балки шариатга тегишлидир. Салтанат (етакчилик) эса Умматга тегишли бўлиб, Уммат ўз номидан Аллоҳнинг ҳукмларини татбиқ этувчи Халифани тайинлайди.
Бу олимлар черков тушунчасидаги «дин хизматчилари» бўлишмаган ва ижтимоий ҳаётдан узилиб қолишмаган. Аксинча, улар Умматнинг ажралмас қисми сифатида муҳосаба масъулиятини адо этишган. Бу масъулият — агар маълум бир гуруҳ уни бажарса, бошқалардан соқит бўладиган фарзи кифоядир. Зеро, Исломда ҳукмдор қонун чиқарувчи манба эмас ва ўз хоҳишича қонун чиқариш ҳуқуқига эга эмас. У фақат шаръий ҳукмларни тафсилий далиллардан истинбот қилиш ва қабул қилишга табанний қилишга ҳуқуқига эгадир. Агар у шариатга зид нарсани қабул қилса ёки шариат ҳукмларидан бирини тўхтатиб қўйса, Уммат зиммасига, хусусан, унинг пешқадами бўлган олимлар зиммасига уни муҳосаба қилиш ва Аллоҳнинг ҳукмига қайтишини талаб қилиш вожиб бўлади.
Бироқ бугунги воқелик олимларнинг позициясида жиддий сустлик ва бепарволик борлигини кўрсатмоқда. Мусулмон ўлкаларидаги ҳозирги режимлар расмий диний муассасаларни ташкил этиб, уларни сиёсий ҳокимият иродасига бўйсундириб қўйишди. Оқибатда кўплаб муфтийлар оддий хизматчига айланиб, уларнинг сўзлари режим белгилаб берган чегаралар ичида қолиб кетди. Бошқарувда Исломни ҳукмрон қилиш вожиблиги ҳақидаги сўзлар четга сурилиб, унинг ўрнига масаланинг асл илдизига тегмайдиган умумий ахлоқий чақириқлар илгари сурилмоқда. Ваҳоланки, муаммонинг асл моҳияти — Исломнинг ҳаётда қўлланилмаётгани ва Ғарбнинг капиталистик низомига асосланган сунъий режимларнинг ҳукмрон бўлиб турганидадир.
Бугунги воқеликнинг энг хатарли жиҳати — динни ҳаётдан ажратиш ҳаракатининг мустаҳкамланиб бораётганидир. Бошқача айтганда, уламоларга фақат ибодат ва ахлоқ доирасида сўзлашга ижозат берилиб; бошқарув, сиёсат, ҳокимият ва халқаро муносабатлар каби муҳим масалаларга аралашиш тақиқланмоқда. Бу ҳолат, аслида, гарчи очиқ айтилмаса-да, сиёсий ҳаётнинг дунёвийлашганини (секулярлашувини) сукут ила тан олиш демакдир. Ваҳоланки, Ислом бундай бўлинишни тубдан рад этади ва сиёсатни — шаръий ҳукмлар асосида ишларни бошқариш, деб билади.
Шу боис, ҳақгўй холис олимлар зиммасидаги фарз — Умматни фикрий жиҳатдан етаклашдаги табиий ролларини қайта тиклашдир. Бу эса ҳукмдорларга қарам бўлиш билан эмас, балки Умматга ва унинг тақдирини ҳал қилувчи масалаларга боғланиш билан амалга ошади. Улар Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм юритмайдиган тузумларнинг моҳиятан Исломга зид эканини баён қилишлари лозим. Шунингдек, пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатини тиклаш вожиб эканини тушунтиришлари зарур. Бу давлат ҳокимиятни шариатга бўйсундиради, мусулмонларни ягона имом қўли остида бирлаштиради ҳамда бошқарув, иқтисод ва ижтимоий ҳаётда Исломий турмуш тарзини қайта тиклайди.
Халифаликни тиклаш шунчаки ҳиссиётга берилиб айтилган шиор эмас. У — саҳобаларнинг ижмоси билан собит бўлган шаръий ҳукмдир. Зеро, улар Расулуллоҳ ﷺ вафот этганларидан сўнг, у зотни дафн этишдан олдин халифа тайинлашга шошилдилар. Бу эса динни қоим қиладиган ва шариат ҳукмларини ижро этадиган имомнинг бўлиши нақадар зарурлигини англатади. Демак, бу тушунча олимларнинг сўзида доим акс этиши лозим; у тортишиладиган мавзу эмас, балки қатъий шаръий ҳукмдир.
Олимларнинг роли фақатгина назарий баён билан чекланмайди. У туб ўзгариш ясаш зарурлиги борасида умумий онгни шакллантиришга ҳисса қўшишни ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари, миллий ва ҳудудий давлат тушунчасини «ўзгартириб бўлмас ҳақиқат» сифатида тарғиб қилилаётган янглиш қарашларни фош этиш ҳам уларнинг бурчидир. Зеро, мустамлакачилар чизган чегаралар ва улар асосида пайдо бўлган парчаланган сиёсий режимлар Исломдан эмас. Аксинча, бу куч билан тиқиштирилган воқелик бўлиб, Ғарб манфаатларини ҳимоя қилувчи режимлар орқали давом эттириб келинди.
«Ягона Уммат» тушунчасини, мусулмонларнинг бир жону бир тан эканини ва асл асос — Аллоҳнинг Китоби ва Расули ﷺнинг Суннати асосида байъат берилган бир имомнинг бўлиши лозимлигини қайта жонлантириш олимларнинг асосий вазифаларидан биридир. Чунки Исломда ўзгариш фикрдан бошланади ҳамда фикрий ва сиёсий курашга таянади. У савдолашишга ҳам, Аллоҳнинг шариати билан ҳукм юритмайдиган режимларда шерик бўлишга ҳам асосланмайди.
Тарих шуни кўрсатадики, агар Уммат ўзининг фикрий йўналишини йўқотса, у сиёсий жиҳатдан ҳам адашади. Агар олимларнинг овози ўчса ёки улар султонга тобе бўлиб қолса, режимлар динга қарши тап тортмай ҳаракат қила бошлайди ва ҳукмдорлар шариат ҳукмларини тўхтатишда ҳаддан ошадилар. Аммо олимлар ҳақиқатни очиқ айтиб, одамларни намозда бўлгани каби бошқарувда ҳам Ислом ҳукмларига боғлаб турсалар, ҳақиқий ўзгаришга элтувчи уйғониш онгини вужудга келтирадилар.
Бугун Уммат бошдан кечираётган ўтаётган босқич олимлардан Исломий ҳаётни қайта бошлаш йўлида хизмат қилаётганларнинг олдинги сафида бўлишни талаб қилади. Улар шунчаки мавжуд муаммолар оқибатини енгиллатиш билан чекланмасликлари лозим. Зеро, бузуқ тизим ичида ярим-ярти «ислоҳот» эмас, балки сиёсий тузумни Исломий ақида асосида қайта қурадиган туб ўзгариш зарурдир. Бу эса Исломни тўлиғича татбиқ этадиган ҳамда даъват ва жиҳод орқали уни дунёга ёядиган давлатни барпо этиш демакдир.
Уммат уламолари тарихий масъулият қаршисида турибди. Улар ё пайғамбарларнинг ҳақиқий ворислари бўлиб, Ислом рисолатини тўлиқ етказадилар ва Умматни Халифалик байроғи остида бирлашиш сари бошлайдилар; ёки тарихнинг энг хатарли бурилиш паллаларига гувоҳ бўла туриб, ҳақни баён қилиш ва муҳосаба (ҳисоб қилиш) вазифасини бажармаган кимсалар сифатида қоладилар. Изз ибн Абдусалом ва Ибн Таймия каби буюк зотларни етиштирган бу Уммат, Аллоҳнинг изни билан, ўз бурчини адо этадиган янги олимларни ҳам чиқара олади. Улар илмнинг қадрини қайта тиклаб, шариат ҳокимиятини қайта тиклайдилар ва Умматга ўз бирлигини ҳамда бирлаштирувчи сиёсий тузумини туҳфа этадилар.
وَأَنِ ٱحۡكُم بَیۡنَهُم بِمَاۤ أَنزَلَ ٱللَّهُ وَلَا تَتَّبِعۡ أَهۡوَاۤءَهُمۡ وَٱحۡذَرۡهُمۡ أَن یَفۡتِنُوكَ عَنۢ بَعۡضِ مَاۤ أَنزَلَ ٱللَّهُ إِلَیۡكَۖ
«(Эй Муҳаммад), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг!». (Маида: 49).
Махмуд Ал-Лайси




