Роя газетаси

ЮКСАЛИШ КАЛИТИ — БАҲОНА ЭМАС, АМАЛДИР!

ЮКСАЛИШ КАЛИТИ — БАҲОНА ЭМАС, АМАЛДИР!

Ислом азизлиги йўлидаги муқаддас бурчдан бўйин товлаш — бу фақатгина кураш майдонини очиқчасига тарк этиш ёки улкан масъулиятдан қочиш дегани эмас. Аксинча, бу маънавий иллат аввалига одамлар назарида арзимасдек кўринган кичик лоқайдликлардан куртак ёзади. Ҳаммаси «одамлар нима дейди?» деган андиша билан мункарга кўз юмишдан бошланади; кейин эса битмас-туганмас дунё ташвишларини рўкач қилиб, хайрли даъватдан тийилиш билан давом этади. Оқибатда, имон масъулияти эмас, балки «нафс хотиржамлиги» биринчи планга чиқиб қолади.

Бугун кўплар шахсий ибодатлар билан кифояланиб, «ишим бошимдан ошиб ётибди», «рўзғордан ортмаяпман» қабилидаги баҳоналар гирдобига ғарқ бўлмоқдалар. Бунинг натижасида Умматнинг дарду ташвишлари уларга «бегонанинг мусибати»дек туюладиган бўлиб қолди. Вақт ўтиши билан бундай бепарволик сурункали хасталикка айланиб, қалбни музлатади. Оқибатда инсон ўз камчиликларини кўриш ўрнига, ҳар қандай дангасалик ва қўрқоқликни хаспўшлайдиган «баҳоналар тегирмони»га айланиб қолади.

Расулуллоҳ нинг саҳобалари бирор хайрли фурсатни бой берсалар, гўёки жигарбандларидан айрилгандек маҳзун бўлар, пушаймонлик оловида ўртанардилар. Улар ғанимат умрнинг ҳар нафаси учун Ҳисоб кунида жавоб беришларини, дин иззати йўлида нима қилганлари ҳақида сўралишларини теран англардилар.

Бугунги манзара эса ачинарли: энди кўпчилик камчилигини айтиб, Ҳақни эслатадиган содиқ насиҳатгўйни эмас, балки айбини ёпиб, баҳоналарига «шерик» бўладиган сохта ҳамдардларни излайдиган бўлиб қолди. Масъулиятдан қочишдаги бу «уддабуронлик» дин хизматини турмушнинг энг чекка қаторига суриб қўйди.

Шуни унутмаслик керакки, Уммат ялқов ва масъулиятдан бош тортган кимсаларнинг елкасида юксалмайди! Жамиятнинг аҳволи қуруқ ваъдалар ёки талайгина баҳоналар билан ўз-ўзидан ўнгланиб қолмайди. Халқ фақат ўз масъулиятини мардларча зиммасига оладиган, нафсининг тизгинини тутиб, дини учун бор-будини фидо қилишга тайёр содиқ эр йигитлар — ҳақиқий рижоллар билангина қаддини ростлайди. Зеро, Ҳақ таоло марҳамат қилади: «Айтинг: «Амал қилинглар, албатта, Аллоҳ амалингизни кўриб туради» (Тавба:105).

Келинг, виждон кўзгусига бир боқайлик: Ислом азизлиги учун шахсан биз нима қилдик? Ҳақиқатдан ҳам дин зафари йўлида бел боғлаган фидойилар сафидамизми ёки доимо «қўли банд»лигини рўкач қилиб, баҳона тўқувчилар тўдасидами? Нафсимизни алдашдан тўхтайлик — танлов ўз қўлимизда, Ҳисоб куни эса остонада турибди!

Роя газетасининг 2026 йил 27 май, чоршанба кунги 601-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button