Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг молиявий мустақиллиги мустаҳкамланмоқда

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг молиявий мустақиллиги мустаҳкамланмоқда
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси давлат органлари ва бюджет муассасаларининг Ягона ғазначилик ҳисоб тизимидаги махсус ҳисоб рақамларига тушадиган маблағлар рўйхатини кенгайтирди. Аниқроқ айтганда, мобиль қурилмаларни идентификация қилиш тизимидан тушган маблағлар ҳамда ташқи миграцияни ҳисобга олиш хизматлари даромадларининг бир қисми Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг махсус ҳисоб рақамларига тушади.
Ўзгаришларнинг сезиларли қисми Транспорт ва коммуникациялар вазирлигига тегишлидир. Унга қарашли муассасалар ва идоравий ташкилотларнинг махсус ҳисоб рақамларига махсус ҳамда бўлинмас юкларни ташувчи транспорт воситаларининг автомобиль йўллари орқали ҳаракатланиши учун ундириладиган йиғимлар, вазн-габарит назорати учун тўловлар, йирик ва оғир вазнли автомашиналарнинг йўлларга етказган зарарини қоплаш учун тўланадиган маблағлар, шунингдек, ажратилган ҳудуд ва йўл ёқасидаги ерларни ижарага беришдан тушган тўловлар ўтказилиши мумкин.
Бундан ташқари, Транспорт ва коммуникациялар вазирлигига қарашли ташкилотлардан вазирликнинг марказий аппаратига маблағ ўтказиш имконияти ҳам яратилди.
Изоҳ:
Албатта, бу ташаббусларнинг барчаси расмий равишда фақатгина техник-бюджет чораси сифатида таклиф этилмоқда. Бироқ гап Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳақида кетганда, бу ўзгаришларнинг сиёсий аҳамияти анча жиддий тус ола бошлайди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Камчибек Ташиев раҳбарлиги даврида оддий махсус хизмат чегарасидан чиқиб, сиёсий ва иқтисодий таъсир марказларидан бирига айланди. Қўмитанинг ваколатлари кенгайтирилиб, унга давлат ахборот тизимларидан фойдаланиш имконияти берилди. Шунингдек, у активларни тортиб олиш ва уларни давлатга ўтказиш, бошқача айтганда, «қустуриш» сиёсатининг асосий қуролига айланди.
Ташиев лавозимидан кетганидан сўнг мулк ва пул маблағларини давлатга ўтказиш жараёнида эҳтимолий қонунбузарликларга йўл қўйилгани ҳақида ва ўша ишларни текшириш зарурлиги тўғрисида очиқ баёнотлар янрай бошлади. Бундай шароитда куч тузилмаларига ва унинг молиявий ресурсларига нисбатан ташқи назоратнинг кучайиши табиий ҳолдир. Бироқ амалда бунинг акси содир бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз: Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси давлат рақамли тизимларига боғлиқ бўлган ҳамда фуқаролар ва бизнеснинг мажбурий тўловларидан тушадиган янги даромад манбаларига эга бўлмоқда.
Айнан шу ерда сиёсий бир савол туғилади. Ташиев лавозимидан кетганига қарамай, унинг даврида тузилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг кучли институционал тузилмаси ҳозиргача сақланиб турибди. Ҳатто, унинг молиявий мустақиллигининг айрим элементлари сақланибгина қолмай, кенгайтирилмоқда ҳам.
Демак, бу ерда «Ташиев модели»ни бузишга уриниш эмас, балки унинг шахсий таъсирини, яъни муассасага нисбатан унинг шахсий нуфузини йўқ қилиш жараёни кетаётганга ўхшайди. Қўмитанинг кучли таъсир ўтказиш воситаси эса сақланиб қолмоқда, бироқ бундан буён у президентлик вертикалининг қатъий назорати остига олинмоқда. Шунинг учун ҳозир Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига қанча маблағ тушаётганигагина эмас, балки бу маблағлар кейинчалик қаерга йўналтирилаётганига ҳам эътибор қаратиш анча муҳимдир. Хусусан, улар қайси идоравий тузилмаларга, қайси пудратчиларга ва қандай харидларга сарфланаётганига эътибор қаратиш лозим.
Агар бу назорат ёпиқ ёки расмий тузилишга эга бўлиб қолса, янги махсус ҳисоб рақамлари молиялаштиришнинг оддий техник воситаси бўлибгина қолмай, балки куч вертикалининг молиявий мустақиллигини таъминлайдиган қўшимча каналга айланиб қолиши мумкин.
Абду Шукур




