Хабар ва изоҳ

Эй, Эрдоған! Фаластин ва Ғазо тинчлик битимлари ва айблов баёнотларига эмас, балки озодликка муҳтож!

Эй, Эрдоған! Фаластин ва Ғазо тинчлик битимлари ва айблов баёнотларига эмас, балки озодликка муҳтож!

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг таъкидлашича, Ғазода тинчликни сақлаш битимига ҳам, халқаро муносабатларнинг асоси ҳисобланган келишувларга содиқ қолиш тамойилига ҳам амал қилинмаяпти. (Ғазода тинчликни сақлаш битими имзоланишига Туркия ҳам ўз ҳиссасини қўшган эди). Шунингдек, Эрдоған босиб олинган Ғарбий соҳилда босқинчиларнинг террорчилик ҳаракатлари кучайиб бораётганидан ҳам огоҳлантирди. Бу ҳақда у жума куни Истанбулда инглиз тилида фаолият олиб борадиган «TRT World» телеканали форумининг ўнинчи тадбири очилишида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Изоҳ:

Эрдоған бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур масала хусусида худди оддий журналист ёки оддий кузатувчидек гапиришдан асло уялмади. Ҳолбуки, у 2026 йилги «Global Firepower» рейтингига кўра, ҳарбий қудрати жиҳатидан дунёда тўққизинчи ўринни эгаллаган давлатнинг президенти ҳисобланади. Унинг армияси НАТО альянсида ҳарбий кучи бўйича иккинчи ўринда туради ва сон жиҳатдан бир миллиондан ортиқ аскарни ташкил этади.

Бу улкан қудрат қуруқликда 2284 та танк ва 98 мингдан ортиқ зирҳли техникани ўз ичига олган беҳисоб арсеналда яққол кўзга ташланади. Ҳаво кучлари эса 1101 та ҳарбий самолётдан иборат замонавий флотга эга бўлиб, уларнинг орасида 200 дан ортиқ F-16 русумли қирувчи самолётлар бор. Денгизларда эса унинг ҳарбий-денгиз кучлари 192 та кемадан иборат флотни бошқаради. 17 та фрегат ва 14 та сув ости кемаси шулар қаторига киради. Бу кучларни ҳарбий-денгиз флотидаги кемалар ҳамда маҳаллий учувчисиз учоқларни ташувчи «TCG Anadolu» кемаси қўллаб туради.

Бундай салмоқли ҳарбий қудрат учун бюджетдан 51,4 миллиард доллар ажратилади. У ривожланган саноат базасига таянади. Бу «Bayraktar TB2» ва «Akıncı» каби илғор дронларни ўнлаб давлатларга экспорт қилишга муваффақ бўлган саноат базасидир. Бунинг натижасида Туркия мустақил равишда стратегик мувозанатни сақлаш ҳамда минтақавий ва халқаро миқёсда жиддий тўсқинлик қилувчи кучга эга бўлди.

Шунга қарамай, гап Расулуллоҳ ﷺ Меърожга юксалган муқаддас макон ва мусулмонларнинг биринчи қибласи бўлган Фаластин ҳақида сўз борганда, Эрдоған ҳамон қоралаш ва норозилик билдиришдан нарига ўтмаяпти. Бундай сўзларни қўлидан ҳеч иш келмайдиган, имконияти чекланган кишигина айтиши мумкин. Аммо бир кунда ёки бир неча кунда бутун Фаластинни озод қилишга қодир бўлган давлат президентидан бундай гаплар чиқиши — хиёнатнинг ўзгинасидир. Айниқса, унинг амалдаги позицияларини ҳамда армиясини бошқа ўлкаларга юбораётганини кўриб турибмиз. У ўз армиясини тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувларга, «терроризм» деб ном қўйиб олган нарсага қарши кураш операцияларига ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва НАТОга қарашли тинчликни сақлаш миссиялари доирасида Сурия, Ливия, Ироқ, Озарбайжон, Жанубий Корея, Сомали, Қатар, Саудия Арабистони, Афғонистон, Албания, Босния ва Герцеговина, Косово, Мали, Жанубий Судан ва бошқа давлатларга сафарбар қилиб келмоқда.

Буларнинг барчаси Эрдоғаннинг баёнотлари халқ қўллаб-қувватловини қўлга киритиш ва оммавий ахборот воситаларида ўзини кўрсатиш учунгина берилаётганини, Фаластинга нисбатан муҳаббатни ёки уммат ва унинг муаммоларига нисбатан чинакам ғамхўрликни акс эттирмаслигини исботлаб турибди.

Аслида, Фаластин «тинчлик лойиҳаси» деб аталган хиёнат лойиҳасига эмас, балки озод қилинишга муҳтож. Бу лойиҳани амалга оширишга қодир асосий куч — умматнинг армиялари, жумладан султон Абдулҳамид иккинчи, Муҳаммад Фотиҳ ва Сулаймон Қонунийнинг авлодлари бўлган Туркия армиясидир туради. Чунки бу армия Фаластинни озод қилишга ва яҳудийларни у ердан хорлаган ҳамда бурнини ерга ишқалаган ҳолда қувиб чиқаришга тўла қодирдир. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

فَإِذَا جَاء وَعْدُ الآخِرَةِ لِيَسُوؤُواْ وُجُوهَكُمْ وَلِيَدْخُلُواْ الْمَسْجِدَ كَمَا دَخَلُوهُ أَوَّلَ مَرَّةٍ وَلِيُتَبِّرُواْ مَا عَلَوْاْ تَتْبِيراً

«Бас, қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжид (ал-Ақсо)га кириб, (уни топташлари) учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз)». (Исро сураси, 7-оят).

Саид Фазл

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button