Мақолалар

Ўқитувчилар кунида берилган қуруқ ваъдалар кимга қаратилган?

Ўқитувчилар кунида берилган қуруқ ваъдалар кимга қаратилган?

Вазирлар Маҳкамасининг раиси Адилбек Касималиевнинг Ўқитувчилар кунига бағишланган навбатдаги расмий табриги жамоатчиликда ўзига хос ғалати бир ҳиссиёт уйғотди. Халққа таълим соҳасидаги реал ютуқлар, аниқ рақамлар билан кўрсатилган натижалар ёки узоқ йиллардан бери тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишнинг амалий йўриқларини таклиф қилиш ўрнига, Касималиев ўқитувчиларнинг «олий бурчи» ҳақидаги умумий сўзлар ва баландпарвоз шиорларнинг навбатдаги тўпламини баён этди.

  1. Ҳақиқий масъулият ва аниқ қарорлар ўрнига айтилган қуруқ сўзлар

Биринчидан, амалдорнинг баёнотидан таълим соҳасидаги ютуқларни мустаҳкамлаш, шунингдек, ушбу соҳани бошқарувчиси бўлган ва унинг тараққиёти учун жавобгар бўлган томоннинг жиддий қараши йўқлигини таъкидлаб ўтиш зарур. Инновациянинг мазмуни уёқда турсин, ҳукумат бу ерда «замоннинг янги талаблари», замонавий технологиялар ва креатив иқтисодиёт ҳақида гапирган бўлса-да, уларни таълим тизимига жорий этишнинг аниқ йўлларини ва амалга ошириш механизмларини кўрсата олмади.

Унинг ўрнига биз бюрократияга хос бўлган эскича ёндашувни кўриб турибмиз. Бошқача айтганда, масъулиятни ўз зиммасига олиши керак бўлган давлат органлари уни ўқитувчиларнинг елкасига юклаб қўймоқда. Ҳолбуки, ўқитувчилар ўз касбий бурчининг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етмагани камлик қилганидек, уларнинг фаолиятида зарур шароитлар ҳам, ваколатлар ҳам етарли эмас.

  1. Бу «мотивация» кимга қаратилган?

Амалдорларга ва бундай руҳлантирувчи нутқларнинг муаллифларига бериладиган энг асосий савол шундан иборатки: улар ўзи кимни руҳлантиришга ҳаракат қилмоқда?

Ўқитувчилар кўп йиллардан буён жуда оғир юк остида ишлаб келишмоқда. Шаҳар жойларда бир ўқитувчига 30дан ортиқ ўқувчи тўғри келади. Кадрлар етишмовчилиги сабабли амалдаги иш юки бундан ҳам оғир. Аммо «Талантли устоз ва довюрак шогирд» деган гўзал сўзлар эса мазах сифатида янграмоқда. Чунки ўқитувчи озгина маош билан кун кўришга мажбур бўлиб, сон-саноқсиз қоғозбозликларга кўмилган ҳолда на ўқувчилар, на давлат томонидан оддийгина ҳурмат-эҳтиромни кўрмай келаяпти.

Мамлакатда аниқ ва изчил идеологиянинг йўқлигига, қолаверса, ўқитувчилар учун нормал меҳнат шароитларининг яратилмаганига ва бу касбнинг қадр-қиммати пасайиб кетганига ҳам ўқитувчилар айбдорми?

Бу вазифага асло алоқаси бўлмаган ўқитувчиларнинг елкасига инновациялар ва инфратузилма шароитлари йўқлиги айбини ағдариш, аслида амалдорлар томонидан туйғу билан ўйнашиш сифатида кўрилмоқда. Ҳар кимнинг ўз масъулиятини белгилаб берадиган идеологиянинг йўқлиги туфайли бундай ҳолат одатий ҳолга айланиб бормоқда.

  1. Кадрларнинг камайиб кетиши — тизим инқирозининг белгисидир

Бугунги куннинг аччиқ ҳақиқати шундан иборатки, мотивациянинг йўқлиги ва маошнинг жуда пастлиги туфайли ўз қадрини биладиган, истеъдодли ва профессионал ўқитувчиларнинг кўпчилиги аллақачон хусусий бизнесга, консалтингга ва корпоратив тренингларга ўтиб кетишган. Улар ўз меҳнатига муносиб ҳақ тўланадиган соҳаларни танлаб, ноиложликдан самаралироқ қарорлар қабул қилишга мажбур бўлишди.

Куч-қувватга тўла ёшлар эса фойда топишни ва истеъмолни бош қадриятга айлантирган капиталистик қарашлар таъсирида қолиб, ўқитувчилик касбида — жамият ва давлатни шакллантиришга қаратилган улуғвор вазифани кўрмай қўйишди. Давлат эса навбатдаги расмий баёнотлар билан чекланиб, ўқитувчиларни фақат сиёсий сайловлар арафасида эслайдиган ва улардан маъмурий ресурс сифатида фойдаланадиган бўлиб қолди. Ҳокимият айнан шу тарзда кучли шахсларни ва соғлом жамият пойдеворини шакллантира оладиган ҳамда истеъдодли инсонларни тизимда сақлаб қолишга туртки берадиган энг муҳим нарсадан, яъни мафкуравий рағбатдан маҳрум бўлиб бормоқда.

Ҳозирги мактаблар кўп ҳолларда дунёни қамраб олган муаммолар ва чақириқларга фуқароларни тайёрлай олмайди. Улар ўз касбига содиқ эски авлод ўқитувчиларининг ғайрати билангина мавжуд бўлиб турибди. Бироқ уларнинг қарашлари ва услублари ҳозирги реаллик талабларига жавоб бермай қўйгани етмагандек, кучлари ҳам, ресурслари ҳам тезлик билан тугаб бормоқда.

Ислом ақидасининг таълимга бўлган муносабати

Ислом тузуми шакллантирган ҳазорат (цивилизация) таълимга буткул бошқача муносабатда бўлган. Капиталист амалдорларнинг мазмунсиз, қуруқ баёнотларини Ислом ҳазоратининг ҳақиқий мафкуравий ва маънавий тажрибаси билан солиштирсак, давлатнинг таълим соҳасига бўлган муносабати нақадар пасайиб кетганини яққол кўриш мумкин.

Ислом мафкурасида таълим ва илм ҳеч қачон «пул ортиб қолсагина молиялаштириладиган» бюджет соҳаси ёки гўзал шиорлар айтиладиган йўналиш бўлмаган. Илм тафаккурни шакллантиришнинг, давлат ва ҳазорат эса тараққиётининг ўзаги бўлиб келган.

  1. Қуръоннинг дастлабки чақириғи

Қуръоннинг илк чақириғига назар солсак, у ўзига хос мустақил фикрлашга ва англаб етишга ундайдиган манифест сифатида хизмат қилганини кўришимиз мумкин. Исломий тафаккурнинг тарихи муайян элита қатламига эмас, балки ҳар бир инсонга қаратилган улуғ чақириқдан бошланган:

اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ ۝ خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ ۝ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ ۝ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ ۝ عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ

“(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парпардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни — хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди”. (Алақ сураси, 1–5-оятлар)

Дастлаб нозил бўлган бу оятлар асосий йўналишни кўрсатиб берди. Яъни, ўқиш, фикр юритиш ва билимни ёзиб қолдириш орқали англаш — бу дунёни тушунишнинг, инсон дунёқарашини шакллантиришнинг ва динни давлатнинг барча даражаларида ҳаётга татбиқ этадиган жамият қуришнинг негизи ҳисобланади.

  1. Қуръон ва ҳадисларнинг илмга чорлаши

Ислом дунёқараши мураббий ва олимнинг жамиятдаги мақомини юксакларга кўтариб, уларга катта масъулият юклайди. Аллоҳ Таоло айтади:

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ۗ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар. (Зумар сураси, 9-оят)

Яна Аллоҳ Таоло олимларнинг мақоми ҳақида шундай марҳамат қилади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ ۚ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур». («Мужодала» сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ шундай дедилар:

طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ

«Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир». (Ибн Можа)

Яна бир ҳадисда шундай дейилади:

«إِنَّ الْعُلُمَاءَ وَرَثَةُ الْأَنْبِيَاءِ، إِنَّ الْأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلَا دِرْهَمًا، إِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ»

 «Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмадилар, Улар фақат илмнигина мерос қилиб қолдирдилар». (Абу Довуд, Термизий)

Бундай йўналтирувчи тизимда муаллимнинг мақомига шунчаки таълим берувчи ходим ёки бюджетдан маош олиб ишлайдиган ишчи сифатида эмас, балки жамиятнинг тафаккури ва ахлоқий ўзагини шакллантиришда Пайғамбарларнинг вазифасини давом эттирувчи шахс сифатида қаралади.

  1. Тарихий мисол

Исломнинг олтин асри жаҳон ҳазоратининг ҳаракатлантирувчи кучи (двигатели) сифатида тараққиётнинг пойдевори, аниқроғи билим ва тадқиқотларга таянишини тарихда яққол кўрсатиб берган.

Бугун биз амалдорларнинг «замоннинг янги талаблари» ва «амалий кўникмаларнинг етишмовчилиги» деган норозилик кайфиятдаги сўзларини эшитиб турибмиз. Бироқ улар замонавий жаҳон илм-фанининг шаклланишига кимлар пойдевор қўйиб берганини унутиб қўйишган. Ислом давлати ҳукм сурган даврда мусулмон дунёси жаҳон илмий тараққиётнинг марказига айланган эди. Чунки у даврда жамият ҳам, ҳокимият ҳам илм-фан тараққиётини давлатнинг асосий устувор вазифаларидан бири сифатида қабул қилган эди.

Математика ва алгебра: Мусо ал-Хоразмий алгебра фанининг ривожига асос солди. «Алгебра» термини унинг «Ал-жабр вал-муқобала» номли асари номидан келиб чиққан. У шунингдек, ҳозирги рақамли дунёнинг негизини ташкил этувчи алгоритмлик ҳисоблаш тушунчасининг ривожланишига ҳам улкан ҳисса қўшди.

Астрономия ва оптика: Ибн ал-Ҳайсам оптика фани тараққиётига ва илмий тадқиқот усулларининг шаклланишига салмоқли ҳисса қўшди. Ибн Халдун эса ижтимоий тараққиёт ва тарихий жараёнларни тушунтириб берувчи бир қатор фундаментал тушунчаларни ишлаб чиқди.

Халифаликнинг олтин даврида мутасаддилар расадхоналар, илмий марказлар ва академияларни, жумладан, Бағдоддаги «Дорул ҳикма»ни ривожлантиришди. Олимлар ва таржимонларнинг меҳнатини юксак баҳолаб, уларга катта ҳақ тўлашди. Чунки улар кучли тафаккур ва ривожланган илм бўлмаса, давлат рақобатга бардош беролмай, орқада қолишини ва оқибатда ички томондан заифлашишини жуда яхши тушунишар эди. Булар Ислом уламолари ва донишмандларининг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган улкан ҳиссасининг фақатгина бир қисми холос.

Хулоса

Бугун биз ҳукуматнинг баёнотларида шуни кўриб турибмизки, у кучли мафкуравий замин ва пойдевор яратиш, муносиб шароитлар ҳамда инфратузилма барпо этиш, етарли иш ҳақи тўлаш ва илм-фанга сармоя ётқизиш ўрнига, бизга «Талантли устоз ва довюрак шогирд»  мазмунидаги ҳиссий спекуляцияларни таклиф қилишмоқда.

Миллатчилик тушунчаларини олға сураётган замонавий амалдорлар тарихнинг бош қонунини унутиб, улуғ цивилизациявий вазифани қадр-қимматдан маҳрум қилинган, эътиборсиз қолган ва жуда оғир юк остида ишлайдиган ўқитувчиларнинг елкасига юкламоқчи бўлишяпти. Улар унутиб қўйган тарихий қонун эса қуйидагича: ўқитувчиларидан маблағни аяган ва мутафаккирларнинг мақомини писанд қилмаган жамият ўзининг мустақил келажагини муқаррар равишда бой беради.

Илмий инқироздан чиқишнинг ягона йўли — тор миллатчиликдан бутун цивилизациявий уйғонишга ўтишдир. Чунки муаммо айрим амалдорларнинг даражаси билангина чекланиб қолмайди. Шу боис ҳам давлат ўқитувчилар ва ўқувчиларга улуғ ва масъулиятли вазифани бера олмайдиган тор доирадаги миллатчилик ёндашувлари туфайли жиддий боши берк кўчага кириб қолмоқда.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button