Қирғизистон аҳолиси спиртли ичимликлардан узоқлашмоқда

Қирғизистон аҳолиси спиртли ичимликлардан узоқлашмоқда
БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) маълумотларига кўра, Қирғизистонда 2000–2024 йиллар оралиғида, яъни 24 йил ичида киши бошига тўғри келадиган спиртли ичимликлар истеъмоли сезиларли даражада камайган. Бу кўрсаткич тақвим йили мобайнида 15 ёш ва ундан катта ёшдаги киши бошига тўғри келадиган соф спиртнинг литр ҳисобидаги миқдори билан ўлчанади.
2000 йилда бу кўрсаткич бир кишига тахминан 6,4 литр соф спиртли ичимликни ташкил этган бўлса, 2012 йилга келиб 3,3 литргача пасайган. Кейинги йилларда ҳам UNECE маълумотларида киши бошига тўғри келадиган бу кўрсаткич қарийб 3,3 литр атрофида сақланиб қолган.
Демак, спиртли ичимлик истеъмол қилиш ҳажми 6,4 литрдан 3,3 литргача, бошқача айтганда, тахминан 48 фоизга қисқарган.
Алоҳида эътиборга лойиқ жиҳат шундаки, бу пасайиш бир зумда юз бергани йўқ, балки узоқ муддатли ва барқарор тенденция сифатида давом этган. Аниқроқ айтганда:
- 2000 йилда — 6,4 литр;
- 2005 йилда — 5,6 литр;
- 2007 йилда — 4,7 литр;
- 2009 йилда — 3,8 литр;
- 2012 йилда — 3,3 литрга етган.
Ундан кейинги йилларда ҳам ушбу кўрсаткич UNECE маълумотларида тахминан 3,3 литр даражасида барқарор сақланиб келмоқда.
Бунинг муқобилида Қирғизистон мустақилликка эришган йилдан (1991) буён мамлакатдаги масжидлар сони 39 тадан 4470 тага етди. Йиллар давомида бу кўрсаткич қуйидагича кўриниш олди:
- 1991 йил — 39 та масжид;
- 2009 йил — 1 973 та масжид;
- 2010 йил — 2 143 та масжид;
- 2011 йил — 2 181 та масжид;
- 2015 йил — 2 669 та масжид;
- 2016 йил — 2 743 та масжид;
- 2026 йил — 4 470 та масжид.
Хулоса қилиб айтганда, 1991 йилдан 2026 йилгача Қирғизистонда масжидлар сони 4431 тага кўпайди, бошқача айтганда, 114,6 ҳиссага ўсди.




