Хабар ва изоҳ

Қирғизстонда кредит олганлар сони ортиб бормоқда

Қирғизстонда кредит олганлар сони ортиб бормоқда

Қирғизстонда микрокредит олганларнинг сони 1,5 миллиондан ошиб кетди. 2026 йилнинг биринчи ярмининг ўзидаёқ мамлакат аҳолиси микромолия ташкилотларидан 48,5 миллиард сомлик кредит олишган. Бу кўрсаткичларни ўтган йилги давр билан қиёсланса, микрокредит бериш ҳажми 20,6 фоизга кўпайгани маълум бўлади.

Шу тариқа, микромолия ташкилотлари мижозларининг умумий сони 1 миллион 559 мингдан ошди. Бу мамлакат аҳолисининг тахминан тўртдан бир қисмини ташкил этади.

Кредитларнинг асосий қисми кундалик эҳтиёжларга сарфланади. Олинган маблағларнинг қаерга сарфланаётгани кишининг эътиборини тортмай қолмайди. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида берилган микрокредитларнинг 30,04 миллиард соми ёки умумий ҳажмнинг 61,9 фоизи истеъмол эҳтиёжлари учун олинган.

Демак, микромолия секторининг асосий пули ишлаб чиқариш ёки тадбиркорликка эмас, балки кундалик эҳтиёжларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Истеъмол мақсадидаги кредитларнинг ўртача ҳажми кунига тақрибан 166 миллион сомга тўғри келади.

Халқнинг қарзи мана шундай суръатда мунтазам ўсиб бормоқда. 2026 йилнинг 1 июли ҳолатига кўра, аҳолининг микромолия ташкилотларидан олган умумий қарзи 67 миллиард 46,5 миллион сомга етди.

Изоҳ:

Қирғизстонда микрокредитлар ҳажми ошиб, аҳолининг қарзи 67 миллиард сомдан ошгани одамларнинг молиявий эҳтиёжи кучайиб бораётганидан дарак беради. Бу рақамлар мамлакатда кредит кундалик ҳаётнинг жиддий бир қисмига айланиб қолганини кўрсатиб турибди. Инсон кундалик эҳтиёжини қоплаш учун қайта-қайта фоизли кредит олса, қарзнинг ўзи янги қарз олишга туртки бўлиши мумкин. Натижада оила даромадининг бир қисми ривожланишга ёки истеъмолга эмас, балки эски қарзлар ва уларнинг фоизларини тўлашга сарфланади. Оқибатда бу молиявий кишан оила бюджетига жиддий зарар етказиб, салбий ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, оилавий муносабатларнинг бузилишига, турли можароларга, ҳатто жиноятларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис жамият молиявий қарамликка қанчалик боғланиб бораверса, ижтимоий аҳвол ҳам шунчалик кескинлашиб бораверади. Кредитлар эса бу молиявий қарамликни янада кучайтириши шубҳасиздир.

Ҳукумат «карнайлари» ички ялпи маҳсулот (ЯИМ) ҳамда иқтисодиёт соҳасида рекорд кўрсаткичларни кўрсатиб, мамлакат «ривожланиб бормоқда» деб жар солаётганига қарамай, оддий одамлар кредит олиб, қарзга ботиб бормоқда. Айни пайтда, бу қарзлар кундалик истеъмол учун олинмоқда. Кредитларнинг оммавий равишда истеъмол учун олинаётгани одамларнинг даромади ўз эҳтиёжларини қоплай олмаётганини кўрсатади.

Бу капиталистик тизимнинг табиий натижасидир. Капитализмда ЯИМ триллион доллардан ошиши мумкин, аммо оддий одамларнинг турмуш тарзида жиддий ўзгаришлар юз бермайди. Улар ҳамон кредит ҳисобига кун кўришга мажбур бўлишади. Шунинг учун ЯИМнинг ўсиши бутун халқнинг эмас, балки бир ҳовуч бойларнинг бойлиги кўпайиб бораётганини англатади. Шу сабабли иқтисодиётдаги рекорд кўрсаткичларга қарамай, оддий халқ қарз олишга мажбур ҳолатда қолмоқда.

Исломда судхўрлик кескин рад этилади ва пул ўз-ўзидан фойда келтирувчи товар сифатида кўрилмайди. Қарз берган томон берган маблағига олдиндан белгиланган фоизни қўшиб талаб қилиши судхўрлик ҳисобланади. Қуръони Каримда судхўрликка очиқчасига тақиқланган:

الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لَا يَقُومُونَ إِلَّا كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ۚ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُوا إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا ۗ وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا ۚ فَمَنْ جَاءَهُ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّهِ فَانْتَهَُى فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللَّهِ ۖ وَمَنْ عَادَ فَأُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ ۖ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

«Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (одди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?» — деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза — насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни Ўзи хоҳласа афв қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар». (Бақара сураси, 275-оят).

Жобирдан розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади:

لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ آكلَ الرِّبَا، ومُوكِلَهُ، وكَاتِبَهُ، وشَاهِدَيْهِ، وقال: هُمْ سَوَاءٌ

«Расулуллоҳ ﷺ судхўрни (рибохўрни), унинг мижозини (риболи қарз олувчини), бу битимни ёзиб қайд этган котибни ва унга гувоҳ бўлган икки кишини лаънатладилар ва: “Улар (гуноҳда) баробардирлар”, дедилар». (Аҳмад 3/304, Муслим 1598).

Расулуллоҳ ﷺ яна шундай дедилар:

إِذَا ظَهَرَ الزِّنَا وَالرِّبَا فِي قَرْيَةٍ ، فَقَدْ أَحَلُّوا بِأَنْفُسِهِمْ عَذَابَ اللَّهِ

«Қайси бир қавмда зино ва судхўрлик (ошкора) ёйилса, улар батаҳқиқ ўзларига Аллоҳнинг жазосини ҳалол қилибдилар (ўз бошларига Аллоҳнинг азобини чақирган бўладилар)!» (Ҳоким 2/37).

Шу боис бойликни устама фоиз билан эмас, балки адолатли битим, ҳалол меҳнат ва савдо орқали топиш керак. Қоласерса, Ислом муҳтож инсонларга алоҳида эътибор қаратади. Турар-жой, кийим-кечак ва озиқ-овқат асосий эҳтиёжлардан ҳисоблангани сабабли, Ислом уларни таъминлашни биринчи ўринга қўяди ва буни давлат зиммасига юклайди. Муҳтож бўлиб қолганларга, шунингдек деҳқонларга байтулмолдан маблағ ажратилади.

Демак, миллионлаб инсонларнинг истеъмол учун кредит олиб, ўнлаб миллиард сом қарз бўлиб қолши Исломнинг ҳаётимиздан узоқлашиб кетганининг бир кўринишидир. Бундай аҳвол вужудга келшининг бош сабабчиси ҳозирги кунда татбиқ қилинаётган капиталистик тузум эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Капитализмда раҳм-шафқат деган тушунча йўқ, унинг асосий мақсади моддий манфаатдир. Судхўрлик эса оддий халқнинг терисини шилиб бойиш ва уларни молиявий занжирбанд қилиш воситаси ҳисобланади. Шундай экан, капиталистик тузумдан воз кечиб, Ислом тамойилларига қайтиш замон талабидир.

Ҳарун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button