Мақолалар

Ҳуқуқий марказ ташкил этиш мустабидлик муносабатларини фош қиладими?

Ҳуқуқий марказ ташкил этиш мустабидлик муносабатларини фош қиладими?

Қирғизистон ва Россия икки ўлка фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи қўшма марказ ташкил этиш борасида келишиб олди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакили Яна Лантратованинг учрашуви якунида маълум қилинди.

Мазкур ташаббус Қирғиз-рус қўшма ҳуқуқий ёрдам марказини тузиш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ягона механизмини ишлаб чиқишни кўзда тутади. Бир қарашда, бу қадам гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ижобий қадамдек кўринади. Бироқ бу масала Қирғизистон ва Россиянинг шу кунгача шаклланган давлатлараро муносабатлари доирасида баҳоланса, ушбу ташаббус жиддий саволлар туғдириб, икки мамлакат алоқаларидаги туб қарама-қаршиликларни фош қилади.

  1. «Биродарлик» муносабатлари сиймоси

Бизга кўп йиллардан бери Қирғизистон ва Россия ўртасида стратегик шериклик, иттифоқчилик ва «биродарлик» муносабатлари борлиги уқтириб келинади. Шундай экан: «Агар давлатлараро муносабатларда ҳақиқатдан ҳам «биродарлик» муносабатлари мавжуд бўлса, унда нега фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун шошилинч равишда алоҳида янги механизмлар тузилмоқда?» деган мантиқий савол туғилади.

Азалдан имзоланган кўплаб битимлар, парламентлараро келишувлар, икки мамлакатнинг ягона интеграцион бирлашмаларга, яъни ЕОИИ, КХШТ ва МДҲга аъзо бўлиши, шунингдек, кенг ҳуқуқий базанинг мавжудлиги инсонлар, шу жумладан, мигрантлар ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоя қилиш учун етарли эмасмиди?!

Агар бу механизмлар етарли бўлмаётган бўлса, унда «бузилмас дўстлик» ҳақидаги расмий баёнотлар реал воқеликка зид келиб, уларнинг сохта эканлиги фош бўлиб қолади. Бу билан энг муҳим жиҳат, аниқроғи, ҳозирги дипломатик механизмларнинг самарасизлиги билвосита тан олинмоқда.

Муаммо фақатгина айрим амалдорларнинг фаолиятида эмас. Муаммо шундаки, икки тарафдан бири ёки ҳар иккаласи ҳам ҳамкор давлатнинг ҳуқуқий маконида ўз фуқароларининг ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш имкониятига эга эмас. «Муқобил ричаглар»ни, бошқача айтганда, қўшимча таъсир кўрсатиш ва ҳимоя қилиш механизмларини тузиш эса — расман эълон қилинган дипломатик муносабатларнинг амалий имкониятлари чекланганлигини бевосита тан олиш ҳисобланади.

  1. Ваколатлар чегарасидан чиқиш ва ҳимояга муҳтожлик

Бундай параллел ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларининг пайдо бўлиши хавфли бир-бирига ўхшаш ҳолатларни келтириб чиқаради. Аниқроғи, фуқаролар номидан дипломатик музокаралар олиб боришга ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул бўлган давлат ўзининг асосий вазифасини тўлақонли бажара олмаяпти. Натижада фуқаролар қўшимча ҳимоя воситаларини излашга мажбур бўлмоқда.

Суверен давлатлар ўртасида азалдан мавжуд бўлган ҳуқуқий механизмлар ҳамда консуллик хизматларидан самарали фойдаланиш ўрнига, «ишчи гуруҳлар» ва «жамоатчилик вакиллари» каби вақтинчалик, сунъий таянчлар барпо этилмоқда.

Шундан келиб чиқиб: “Бу суверен давлатнинг суверенитети чекланаётганини сукут билан маъқуллашга тенг эмасми?” деган табиий савол туғилади. Чунки амалда ташқи тузилма бошқа бир давлатнинг ёки икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳуқуқини муҳофаза қилиш масалаларини жиловлаб, уларга аралашмоқда.

  1. Ушбу марказ амалда кимни ҳимоя қилади?

Бу ташаббус ҳақиқатда бир томонлама бўлиб, асосан Россиянинг манфаатларига хизмат қилиши мумкин. Россия сиёсий вазият туфайли ўз вақтида мамлакатни оммавий тарзда тарк этган фуқароларини ҳимоя қилишга ошиқмаётгани барчага аён. Москва учун уларнинг аҳамияти йўқ. Аксинча, бундай ҳимоя «Рус уйлари»да ишлайдиган агентлар ёки ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадларни кўзлаган айрим сиёсий технологлар каби Россиянинг манфаатларини олға сурувчи тузилмалар ва вакилларга кўпроқ йўналтирилади.

Амалда эса Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ва омбудсман институти анча катта ресурсларга, медиа майдонидаги савлатга ҳамда сиёсий таъсир кучига эга. Шунинг учун «икки мамлакат фуқароларига ёрдам бериш» номи остида тузилган мазкур марказ катта эҳтимол билан Қирғизистон ҳудудида Россиянинг манфаатларини ва унинг фуқароларини муҳофаза қилишга қаратилган ҳуқуқий ҳамда мафкуравий протекционизм қуролига айланиши мумкин.

Россиядаги миллионлаб қирғизистонлик мигрантлар эса ҳар доимгидек тизимли миграция тўсиқлари ҳамда ҳуқуқий чекловларга боғлиқлигича қолаверади. Уларга асосий муаммоларни ҳал этувчи пухта механизмлар ўрнига, кўпинча пиар тусидаги юзаки гуманитар «ёрдам»гина таклиф қилинади.

Маълумот учун:

Қўшма марказлар ва ҳуқуқий механизмларни ташкил этиш бўйича ушбу янги ташаббус Қирғизстонда ҳам, чет элларда ҳам Россия тузилмаларининг фаолияти атрофида шу пайтгача тўпланиб қолган ва жамоатчиликни ташвишга солган бир қатор можаролар устига қурилмоқда. Ўз вақтида буларнинг барчаси Россияга боғлиқ жосуслик можаролари ва Кремлнинг «юмшоқ куч» сиёсатига мос келмоқда.

«Рус уйи» атрофидаги можаролар: «Россотрудничество» ваколатхоналарининг фаолияти кўп ҳолларда геосиёсий баҳс-мунозаралар марказида бўлиб келган. Европанинг айрим давлатларида бу ташкилотлар яширин сиёсий таъсир кўрсатиш, ахборот кураши ва санкцияларни четлаб ўтиш қуроли сифатида баҳоланиб, уларнинг фаолияти расман тўхтатилган ёки чекланган.

Қирғизистоннинг ўзида ҳам, жумладан Ўш шаҳрида, бу тузилмаларнинг фаолияти юзасидан жамоатчилик ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан бир неча бор саволлар ўртага ташланган эди.

Шу пайтгача ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ўзларини «сиёсий технолог» ёки жамоат арбоби сифатида таништириб келган айрим россия фуқароларининг қўлга олинган лаҳзалари акс этган видео лавҳалар, шунингдек, уларнинг ўз айбига иқрор бўлгани ҳақидаги баёнотлар бир неча бор эълон қилинган. Маълумотларга кўра, улар махсус хизматлар томонидан яширин маълумотлар тўплаш, мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш, турли провокациялар уюштириш ва жамоатчилик фикрини яширинча бошқаришда гумон қилинган.

Хулоса: Ҳақиқий шериклик янги сунъий ёрдам марказларини тузиш билан эмас, балки азалдан мавжуд бўлган давлат ва ҳуқуқий институтларнинг геосиёсий вазиятидан қатъи назар, ўз фуқароларини ҳимоя қила олиш лаёқати билан синалади.

Ҳолбуки, бу каби мисолларга нисбатан гуманитар-ҳуқуқий «марказлар» ҳамда ишчи гуруҳларни тузиш бўйича Россиянинг ҳар қандай янги ташаббуслари хайрия сифатида эмас, аксинча, «фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» ниқоби остида ташқи сиёсий таъсир кўрсатиш воситаларини ва махсус хизматларнинг ички ишларга аралашувини кенгайтирувчи қурол сифатида баҳоланиши керак. Албатта, бунинг соф дипломатияга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button