Хабар ва изоҳ

Тираҳ водийсидан 80 000 киши кўчирилди

Тираҳ водийсидан 80 000 киши кўчирилди

Покистоннинг шимолий-ғарбида жойлашган Тираҳ водийсида ўн минглаб одамлар қишнинг қаҳратон чилласида ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Бўралаб ёққан қор, изғирин совуқ ва яқинлашиб келаётган ҳарбий амалиёт одамларни, йиллар давомида тўплаган бойликларини ва уй-жойларини ортда қолдириб, кўчиб кетишга мажбур қилмоқда.

Тираҳ водийси аҳолисининг оммавий кўчиши 2026 йил 5-9 январ кунлари бошланди. Ой охирига келиб, тахминан 80 000 киши – яъни аҳолининг ярмидан кўпи – минтақани тарк этди. Одамлар Пешовар ва унинг атрофидаги ҳудудларга оқиб келмоқда, йўллар ва вақтинчалик бошпаналар тўлиб тошган.

Ҳукумат буни «жангариларга қарши операцияга тайёргарлик» деб атаётган бўлса, мухолифат тинч аҳолини мажбуран кўчириш сифатида танқид қилмоқда.

Маҳаллий оқсоқолларнинг айтишича, сўнгги йигирма йил ичида минтақада 22та йирик ҳарбий амалиёт ўтказилган, бироқ уларнинг ҳеч бири барқарор тинчлик олиб келмаган. Бугун ҳам худди шундай ҳолат такрорланмоқда. Оддий халқ уйлари, ерлари, чорва моллари ва ягона даромад манбаларини ташлаб, тракторлар, пикаплар ва автобусларга чиқиб кетишмоқда.

Изоҳ:

Покистон ҳукумати ўз қўшинларини мамлакат учун энг катта таҳдид ҳисобланган Ҳиндистонга қарши тўғридан-тўғри йўналтириш ўрнига, АҚШ кўрсатмаси бўйича қуролли кучларини мамлакат ичидаги минтақаларга, асосан қабилалар яшайдиган ҳудудларга жойлаштирмоқда. Бу стратегия ортида геосиёсий ва ҳарбий манфаатлар мавжуд. АҚШнинг мақсади Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги тўғридан-тўғри можаронинг олдини олиш ва Ҳиндистонни асосан Хитойга қарши йўналтиришдир. Агар Покистон ўз қўшинларини Ҳиндистон билан чегарадош минтақага жойлаштирса, иккаласи ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашув юзага келиши мумкин. АҚШ эса, воқеаларнинг бундай ривожланишини истамайди.

Бу сиёсат Покистон кучларини иккига бўлиб, уларнинг Ҳиндистонга қарши туриш имкониятини пасайтиради. Айни пайтда, Ҳиндистон учун ўз қуролли кучларини Покистон билан чегарадош ҳудудлардан олиб чиқиб, Хитойга йўналтириши мумкин бўлади. Бу эса унга Кашмир устидан ҳукмронлик қилиш ва минтақадаги таъсирини кучайтириш имконини беради. Покистон кучларининг ички ҳудудларга жойлаштирилиши эса маҳаллий қабилалар ва гуруҳлар билан муносабатларни мураккаблаштириб, ички беқарорликни янада кучайтиради.

Шу тарзда, АҚШнинг геосиёсий йўналишига асосланган Покистоннинг ушбу ҳарбий стратегияси ўзини ўзи емириб, Ҳиндистонга Кашмирда устунлик қилиш имконини беради. Покистон ўз кучларини Ҳиндистонга қаратиш ўрнига, ўзининг ички ҳудудларига йўналтириш орқали ўз мудофаа қобилиятини пасайтириб, натижада ташқи сиёсатга тобора кўпроқ қарам бўлиб бормоқда.

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button