Янгиликлар

АҚШда черковлар оммавий тарзда ёпилиб, масжидлар сони ортиб бормоқда

АҚШда черковлар оммавий тарзда ёпилиб, масжидлар сони ортиб бормоқда

2025 йил АҚШдаги диний ҳолат учун бурилиш нуқтаси бўлди. Таҳлилчилар 2025 йилда мамлакат бўйлаб 15 мингга яқин черков ёпилган бўлиши мумкинлини маълум қилди. Бу кўрсаткич мамлакат тарихидаги энг юқори даражадаги кўрсаткич ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу бир марта юз бериб, кейин ўрнига тушиб қоладиган ҳолат эмас, кейинги ўн йилликда ҳам давом этадиган узоқ муддатли жараёндир.

“Axios” нашри тарқатган маълумотларга кўра, ёпилиши кутилаётган ибодатхоналарнинг аксарияти протестант черковларига оиддир. Айни пайтда, католик черковлари ҳам ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлмоқда. Бунинг асосий сабаби ҳеч қандай диний мансублиги бўлмаган америкаликлар сонининг кескин кўпайиб боришидир.

Социологик тадқиқотларга кўра, 18-29 ёшдаги америкаликларнинг 44 фоизи ўзларини ҳеч қандай динга мансуб деб ҳисобламайди. Айниқса ёш авлод ва бадавлат шахслар орасида ибодатга бориш ва черков ҳаётида иштирок этиш кескин камайиб кетган.

“Gallup”нинг 2021 йилда ўтказган сўровномаси бу тенденцияни тасдиқлайди. Унда аниқланишича, АҚШда черковга мунтазам равишда қатнайдиган одамларнинг улуши бир авлод ичида 70 фоиздан 47 фоизгача камайиб кетганлиги аниқланган.

Шу билан бирга, АҚШдаги масжидларнинг сони ортиб бормоқда. Мамлакатда умумий диний фаолиятнинг пасайишига қарамай, масжидлар сони барқарор равишда кўпайиб бормоқда. Айниқса, сўнгги 10-15 йил ичида сезиларли ортиш кузатилди. 2025 йилга келиб бир неча юзлаб янги масжидлар қўшилгани айтилмоқда. 2000 ва 2025 йиллар оралиғида АҚШдаги масжидлар сони 1200тадан деярли 4000тагача, яъни 3-4 баробар кўпайган.

Исломни қабул қилган америкаликлар ҳам мусулмон жамоаларининг ўсишига ҳисса қўшмоқда. “Pew Research Center” тадқиқот марказининг маълумотларига кўра, АҚШдаги навқирон ёшдаги мусулмонларнинг 20-25 фоизи ўз хоҳиши билан Исломни қабул қилган.

Айрим манбаларга кўра, ҳар йили йигирма мингдан ўттиз минггача америкаликлар Исломни қабул қилиши тахмин қилинмоқда. АҚШда диний ўзгаришлар бўйича расмий статистика мавжуд эмаслиги сабабли, аниқ сонни аниқлаш қийин. Шундай бўлсада, тадқиқотчилар бу рақамлар сўнгги йилларда аввалгиларга нисбатан барқарор ўсиб бораётганини таъкидламоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар дин Америка жамиятида йўқолиб бораётганини эмас, балки диний институтлар чуқур ўзгаришларни бошдан кечираётганини англатади. Анъанавий христиан черковлари оммавий ёпилаётган бир пайтда янги диний идентлилик пайдо бўлиб, мусулмон жамоаларининг сони ортиб бормоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button