Хабар ва изоҳ

Рамазон ойи ва Рамазон ҳайитининг бошланиш куни муҳокама қилинмоқда

Рамазон ойи ва Рамазон ҳайитининг бошланиш куни муҳокама қилинмоқда

2-4 феврал кунлари Самарқандда Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг Диний идораси қошидаги Фатво қўмитасининг маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда асосий мавзулардан бири сифатида муқаддас Рамазон ойининг ва Рамазон байрамининг бошланиш кунини аниқлаш йўллари муҳокама қилинди.

Изоҳ:

Туркий Давлатлар Ташкилоти Фатво Кенгаши доирасида Рамазон ойининг ва Рамазон ҳайитининг бошланиш кунини муҳокама қилиниши ҳар доим турли муаммоларга сабаб бўлиб келган. Гарчи бу учрашувлар ташқаридан қараганда ўзаро келишув ва маслаҳатлашув каби туюлса-да, аслида бу ташаббуслар шариат талабларига мутлақо зиддир.

Авваламбор, ойнинг бошланиши янги ойнинг кўриниши билан белгиланади. Ислом шариатига кўра, Рамазон ойининг бошланиш куни олдиндан белгилаб қўйилмайди. У фақат янги ойнинг кўринишига қараб белгиланади. Бу ҳақида Росулуллоҳ ﷺнинг ҳадисларида аниқ кўрсатилган:

«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ، فَإِنْ غُبِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلاَثِينَ»

«Ойни кўриб рўзани бошланглар, ойни кўриб рўзани тугатинглар. Агар ҳаво булут бўлса, саноқни тўла ўттиз кун қилинглар».

Бунда астрономик ҳисоб-китоблар ҳисобга олинмайди. Бунинг сабаби, шариатда янги ойни кўз билан кўриш буюрилгандир. Бундан ташқари, Аллоҳнинг ҳикмати билан, астрономик ҳисоб-китоблар янги ойнинг чиқиш кунига тўғри келмаган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Масалан, астрономик ҳисоб-китоблар бўйича “бугун ой кўринмайди”, дейилган бўлса-да, бироқ янги ой кўрилган ҳолатлар бўлган. Шунинг учун, мусулмонлар бу масалада шариатга риоя қилишлари ва рўзаларини ойни кўриш билан бошлаб, ойни кўриш билан тугатишлари шарт.

Олдиндан бир кунга келишиб олиш ёки белгилаб қўйиш шариат ҳукмларига зиддир. Бу масалада барча мусулмонлар, ўлкаси ёки миллатидан қатъи назар, диний манбаларга асосланган умумий позицияни эгаллашлари лозим.

Иккинчи муҳим масала шуки, Ислом мусулмонларни ирқи, келиб чиқиши ёки миллатига қараб ажратишни тақиқлайди. Ислом нозил бўлганидан бери миллатчиликка (асабияга) қарши курашиб, барча мусулмонлар битта уммат эканлигини ва устунлик фақат тақводорлик билан белгиланишини таъкидлаб келади.

Туркий давлатлар ташкилоти ўз табиатига кўра, халқларнинг келиб чиқиши ва тиллари тамойилига асосланиб тузилган ташкилотдир. Диний муассасалар ва олимларнинг бундай ташкилотлар ишларида иштирок этиши мусулмонларни «турклар» ва «турк бўлмаганларга» бўлишни қонунийлаштираётгандек таассурот қолдиради. Бу Исломнинг асосий тамойилларига зиддир.

Росулуллоҳ ﷺ миллатчиликка чақиришдан қайтардилар:

«دَعُوهَا فَإِنَّهَا مُنْتِنَةٌ»

«Уни (миллатчиликни) тарк этинг, чунки у жуда бадбўйдир».

Яна, шундай дейдилар:

«لَيْسَ مِنَّا مَنْ دَعَا إِلَى عَصَبِيَّةٍ وَلَيْسَ مِنَّا مَنْ قَاتَلَ عَلَى عَصَبِيَّةٍ وَلَيْسَ مِنَّا مَنْ مَاتَ عَلَى عَصَبِيَّةٍ»

“Миллатчиликка чақирган кимса биздан эмас, миллатчилик учун жанг қилган кимса биздан эмас, миллатчилик устида ўлган кимса биздан эмас”.

Бундан ташқари, геосиёсий вазиятни ҳам эътиборсиз қолдирмаслик керак. Туркий Давлатлар Ташкилоти минтақадаги Ғарбнинг манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган лойиҳадир. Ушбу ташкилот туркийзабон давлатлар ва халқларни ўз ичига олади. Марказий Осиё давлатлари асосан туркийзабон давлатлар бўлиб, Россия ва Хитойда ҳам туркийзабон мусулмонлар истиқомат қилади. Шунинг учун бу ташкилот туркийзабон халқларни бирлаштириш ва уларни Россия ва Хитой таъсиридан чиқаришни мақсад қилади. Шу тариқа минтақани Россия ва Хитойнинг таъсиридан чиқариб, уларни Ғарбга йўналтириш кўзда тутилган.

Биз мусулмонлар, Росулуллоҳ ﷺ қаттиқ қайтарган миллатчиликни рад этишимиз ва Ғарб ёки Шарқнинг қўғирчоғига айланиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Мусулмонлар Ислом Умматининг бўлинишига олиб келадиган ташқи стратегияларнинг қуролига айланиб қолмасликлари лозим. Мусулмонларнинг бирлиги, Қуръон ва Суннатга таяниш ва диний фатволарни геосиёсий лойиҳалардан узоқ тутиш асосий мақсад бўйича қолиши зарурдир.

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button