Хабар ва изоҳ

Қирғизистоннинг давлат қарзи бир йилда 47,7 фоизга ўсди

Қирғизистоннинг давлат қарзи бир йилда 47,7 фоизга ўсди

2026 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг давлат қарзи бир йил ичида 47,7 фоизга ўсиб, 9,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда economist.kg нашри хабар тарқатди.

Нашрга кўра, бу Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, бу даврда давлат қарзи Қозоғистонда 15,6 фоизга, Россияда 25 фоизга, Арманистонда эса бор-йўғи 0,1 фоизга ошган. Қирғизистоннинг ички қарзи эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробарга кўпайган.

Изоҳ:

Расмий ҳукумат давлат қарзини узиш йўлида барча чора-тадбирларни кўраётгани, ҳатто шу мақсадда солиқлар ва жарималар миқдорини ошираётганига қарамай, давлат қарзи тинимсиз ортиб бормоқда. Чунки Қирғизистоннинг бундай қарз ботқоғига ботишига, энг аввало, мустамлакачи давлатлар томонидан тузилган халқаро бошқарув тизими сабабчидир. Улар Қирғизистондаги коррупцияга ботган сиёсий муҳитдан унумли фойдаланишмоқда. Бошқача айтганда, улар Қирғизистонни янада кўпроқ қарзга ботириш учун, берилаётган маблағларнинг бир қисмини ўзлаштириб юборадиган коррупционер амалдорлардан фойдаланишади. Қирғизистоннинг кечаги ва бугунги раҳбарлари давлат номидан қарз олаётганда, «оғир саноатни ривожлантириш ёки илгари сотиб юборилган йирик корхоналарни қайта тиклаш» мақсадини ло ақал бир марта бўлса ҳам, илгари сурган эмас.

Агар давлат бирор-бир халқаро молиявий ташкилотдан қарз олса, ушбу маблағлар узоқ муддатга ва муайян устама (фоиз) эвазига берилади. Қарздор давлат белгиланган муддатнинг катта қисмида фақатгина ана шу қарзнинг фоизини тўлаб боради. Қачонки белгиланган вақт келгандан кейингина фоизига қўшиб, олинган қарзнинг ўзини ҳам тўлай бошлайди. Давлат олган қарзини муддатидан олдин тўлашга қодир бўлган тақдирда ҳам, халқаро молия институтлари қарзни муддатидан олдин қайтариб олишни исташмайди ёки қарз фоизини бир неча баробар оширишни талаб қилишади. Аслида, бундай шартлар қарз берилаётган пайтдаёқ қўйилади ва қарз олувчи давлат бу шартларга бўйин эгишга мажбур қилинади.

Демак, Қирғизистоннинг асл муаммоси — халқаро капиталистик низом сиёсатига тобе бўлиб, унга боғланиб қолганидадир. Бу низомда фақат капиталистлар учунгина шароит яратилиб, оддий халқ уларнинг солиқ тўловчисига айланиб қолади. Масалан, Миллий статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, мамлакатдаги энг бадавлат қатлам камбағалларга қараганда 10 баробар кўпроқ даромад топадиган бўлиб қолган. Ваҳоланки, уч йил муқаддам бу кўрсаткич беш баробарни ташкил этарди. Шунингдек, 2024 йилнинг тўққиз ойи (январь-сентябрь) давомида Қирғизистондаги молия ташкилотлари 115 миллиард сомдан зиёд соф фойда кўришди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ёки қарийб 24 миллиард сомга кўп демакдир.

Хулоса қилиб айтганда, капитализмнинг иқтисодий низоми халқларни қашшоқлаштириш ва бойларнинг бойлигини янада орттириш асосига қурилган. Бунинг зидди ўлароқ, Исломда иқтисодий низом олтин ва кумуш пулга асосланади. Унда бойликнинг бир ҳовуч инсонлар қўлида тўпланиб қолишига, маблағларни хазина сифатида яшириб ётишга, судхўрликка ва ҳеч қандай моддий асосга эга бўлмаган қоғоз пулларни тинмай босиб чиқаришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, бу низом мустамлакачи давлатларнинг заиф ўлкаларни эксплуатация қилиш мақсадида қарз кишанлари билан кишанлаб қўйишига имкон бермайди. Бу низомда инфляция муаммоси бўлмайди ва одамлар нарх-навонинг ошиб кетишидан хавотирга тушиб, товарларни ортиқча миқдорда ғамлаб қўйишга эҳтиёж сезмайди. Демак аниқ айтиш мумкинки, бугунги кунда дуч келаётган муаммоларнинг ҳамда қўлимиздаги маблағларнинг капиталистлар ва мустамлакачилар чўнтагига оқиб кетаётганининг туб илдизи — капиталистик низомдир.

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button