Иордания ва Покистон ўртасидаги мудофаа ҳамкорлиги: унинг кўлами ва долзарб саволлар

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Иордания ва Покистон ўртасидаги мудофаа ҳамкорлиги: унинг кўлами ва долзарб саволлар
Саъдуддин Холид
Иордания ва Покистон икки мамлакат ўртасида мудофаа ҳамда ҳарбий тайёргарлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилди. Бу масала Иордания Қуролли кучлари Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал-майор Юсуф Ҳунайтий пойтахт Аммондаги хизмат хонасида Покистон қуруқлик қўшинлари қўмондони фельдмаршал Осим Мунирни қабул қилган учрашувда кўриб чиқилди.
Иордания армияси баёнотига кўра, учрашувда томонлар «ўзаро ҳарбий ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш йўналишлари, шунингдек, икки мамлакат қуролли кучлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўллари»ни муҳокама қилди. Мазкур ташриф фельдмаршал Осим Мунирнинг 2025 йил октябр ойи охирида Қиролликка амалга оширган аввалги ташрифининг, шунингдек, Иордания қироли Абдуллоҳ IIнинг Покистон пойтахти Исломободда жойлашган Global Industrial & Defense Solutions (GIDS) компаниясига ташрифининг мантиқий давоми ҳисобланади. Ушбу ташриф чоғида Қирол замонавий технологияларга таянадиган мудофаа анжомларини тадқиқ этиш, ривожлантириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган давлат компаниясининг фаолияти билан танишган эди.
Икки давлат ўртасидаги ўзаро ташрифлар янгилик эмас. Чунки бу муносабатлар тарихий илдизларга эга. Бироқ сўнгги воқеалар ва минтақадаги кескин вазият ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантиришни тақозо этмоқда. Бу ҳаракатлар турлича талқин қилинмоқда. Айримлар уни Покистон миллий хавфсизлигига бевосита таҳдид соладиган Ҳиндистон ва яҳудий вужуди ўртасидаги стратегик иттифоқ билан боғламоқда. Шу нуқтаи назарга кўра, Иордания-Покистон муносабатларининг фаоллашуви яҳудий вужудининг Ҳиндистонни «Барак» замонавий ҳаво мудофаа тизими мажмуалари, «Гермес» учувчисиз аппаратлари, шунингдек, Нью-Деҳлининг чегара низоларидаги имкониятларини оширадиган электрон жанг технологиялари билан таъминлашига қарши туриш мақсадида амалга оширилмоқда.
Бироқ воқелик бутунлай бошқача бўлиши ҳам мумкин. Чунки Иорданиянинг яҳудий вужуди билан муносабатлари шу қадар чуқурки, унинг яҳудийлар хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай иттифоққа қўшилишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ҳолат фақат Водий Араба келишувидан келиб чиқадиган мажбуриятлар билан эмас, балки Иордания режими билан яҳудий вужуди ўртасидаги алоқалар расмий баёнот ва дипломатик шакллардан ҳам устун туради, деган барчага маълум воқелик билан изоҳланади. Шу боис Иордания яҳудийларга ёки уларнинг бошқа кучлар билан алоқаларига қарши қаратилган иттифоқларни тузмайди.
Шунингдек, мазкур яқинлашувни Ғарбий Соҳилда экстремист ўнгчилар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг оқибати, деб ҳам баҳолаб бўлмайди. Айримлар бу ташриф «Иорданиянинг Фаластин масаласидаги позициясини мустаҳкамлайди» ёки «яҳудий вужудини Қашмир каби масалаларда Ҳиндистонни қўллаб-қувватлашдан тийиб қўяди», деган даъволарни илгари сурмоқда. Аммо яҳудий вужудини Туркия ёки Саудия билан тузиладиган уч томонлама келишувлар орқали «географик ва дипломатик жиҳатдан ўраб олиш» ҳақидаги бу қарашлар сиёсий воқеликдан йироқ. Чунки Покистон АҚШнинг сиёсий йўналишларига яқиндан эргашиб келади, ҳатто ўз ҳудудининг ажралмас қисми саналган Қашмир масаласида ҳам муайян ён беришларга борган. Бундай шароитда, барча тизгинларни ўз қўлида ушлаб турган минтақадаги асосий куч бўлмиш АҚШ мавжуд экан, Покистон қандай қилиб Фаластин манфаати учун ҳақиқий натижа келтира олсин?!
Бу талқинлар воқеликдан йироқ. Аслида масала бундан-да жиддий ва хавфлироқ бўлиши мумкин. Чунки у Қўшма Штатларнинг кучларини қайта жойлаштириш ва асосий эътиборни Ғарбий ярим шарга кўчиришга қаратилган янги стратегияси доирасига тўғри келади. Трамп маъмурияти тўғридан-тўғри аралашувни фақат иқтисодий манфаат мавжуд бўлган ёки ўз манфаатларига очиқ-ойдин таҳдид юзага келган ҳолатлардагина мақбул, деб ҳисоблайди. Шу боис юзага келган бўшлиқни тўлдириш учун у муқобил, яъни прокси кучларга эҳтиёж сезмоқда. Вашингтон бу вазифа учун ўз таъсир доирасидаги, ўзига малай давлатлардан кўра яхшироқ номзод топа олмайди. Бу эса «Исломий ҳарбий ҳамкорлик» ёки «Араб НАТОси» каби номлар остида амалга оширилиши мумкин. Демак, мазкур келишувлар АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилган тақдирда, уларнинг ўрнини босувчи муқобил кучларни тайёрлаш учун замин яратишга қаратилган, деб қараш мумкин. Шу билан бирга, бу ташаббуслар халқларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш мақсадида гўёки «Ҳиндистон-яҳудий» иттифоқига қарши ёки «Фаластин масаласига хизмат қилади» деган даъволар билан безатилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур кучлар ўзларига белгиланган функционал роллар доирасидан чиқмайди ва яҳудий вужуди билан боғлиқ муносабатларга дахл қилмайди. Ачинарлиси шундаки, бу армиялар Кашмир ёки Фаластин каби Умматнинг ҳаётий масалаларида нусрат беришга ожиз қолган бир пайтда, йирик давлатлар манфаатларига хизмат қилдириш мақсадида ҳаракатга келтирилмоқда. Ҳолбуки, бу армияларнинг асосий вазифаси душманлар манфаатларини рўёбга чиқариш эмас, балки Ислом дахлсизлигини ҳимоя қилиш бўлиши керак эди.
Роя газетасининг 2026 йил 21 январ, чоршанба кунги 583-сонидан




