ЁШЛИК ОМОНАТИНИНГ МУКОФОТИ «ТУБО»ДИР

ЁШЛИК ОМОНАТИНИНГ МУКОФОТИ «ТУБО»ДИР
Бугунги кунда Уммат ёшлари тўқнаш келаётган энг жиддий хатар — фақатгина ёйилган фитналарнинг кўплигида эмас. Балки асл фожиа — бебаҳо умр гавҳарининг мазмунсиз «миш-миш»лар, беҳуда вақт ўлдириш ва ҳеч қандай наф келтирмайдиган машғулотлар гирдобида зое бўлаётганидир.
Бунинг оқибатида қимматли кунлар ва бетакрор йиллар на диний юксалишда ва на ижтимоий ҳаётда бирор арзигулик из қолдирмасдан тарих қарига сингиб кетмоқда. Қанчадан-қанча навқирон ёшлар ўзларининг жўшқин қуввати ва олтинга тенг вақтларини маънисиз йиғинларда, ижтимоий тармоқлар исканжасида ҳамда ўзгалар ҳаётини беҳуда кузатиш йўлида исроф қилмоқдалар. Ваҳоланки, уларнинг ўз динлари ва эътиқодлари олдидаги муқаддас вазифалари кун сайин заифлашиб, унутилиб бормоқда.
Шубҳасиз, ёшлар — Умматнинг уриб турган юраги, унинг стратегик қудрати ва бош таянчидир. Агар улар заковатларини пуч ва ўткинчи орзуларга қурбон қилсалар, масъулиятдан қочиб, баҳоналар измига тушсалар ҳамда илоҳий бурчларини ортга суриб, даъват юкини кўтаришда танбаллик қилсалар — бутун Уммат заифлик ва маҳкумлик ботқоғига ғарқ бўлади.
Зеро, вақт шитоб билан оқаётган соат миллари каби бешафқатдир — ўтган фурсат ҳеч қачон ортга қайтмайди. Вақти-соати етиб, ҳар бир банда Маҳшаргоҳда Холиқи Зулжалол ҳузурида ҳозир бўлганида, навқирон ёшлигини қайси ғояларга бахшида этгани ва умр хазинасини нимага сарфлагани ҳақида мутлақ ҳисоб бериши муқаррардир.
Мусулмон ёш учун ўз Умматининг тақдирига бефарқ томошабин бўлиб яшаш мутлақо нолойиқдир. Нафс роҳатига берилиб, хайрли амалларни пайсалга солиш — инсонни занжирбанд этувчи маънавий кишандир.
Шу боис, ҳар бир йигит-қиз ўз умрининг баҳорини Исломга хизмат қилиш майдонига айлантириши лозим. Бу йўлда хоҳ ҳаққа нусрат бериб, Уммат манфаатларига қалқон бўлсин, хоҳ биргина хайрли сўз айтсин — барчаси Аллоҳ наздида беқиёс қийматга эгадир. Зеро, Парвардигори олам марҳамат қилади: «Сизларнинг гумонингизча, Биз сизни беҳуда яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизми?!» (Мўминун:115).
Умри завол топмай туриб, бандалик қадрини англаган ва ҳаётини зиёнига эмас, нажотига гувоҳ қила олган зотларга «Тубо» бўлсин! Пушаймонлик наф бермайдиган Ҳисоб кунидан аввал, навқирон ёшлигини Аллоҳнинг ризоси ва инсонлар манфаати йўлида фидо қилган ёшларнинг оқибати нақадар гўзал, нақадар олийдир!
Роя газетасининг 2026 йил 3 июн, чоршанба кунги 602-сонидан




