Американинг 66 та халқаро ташкилотдан чиқиб кетишининг сабаблари ва оқибатлари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Американинг 66 та халқаро ташкилотдан чиқиб кетишининг сабаблари ва оқибатлари
Устоз Аҳмад Хутвоний
Президент Дональд Трамп халқаро ташкилотлар эндиликда Америка манфаатларига хизмат қилмай қўйди, деган даъвони илгари суриб, АҚШнинг 66 та ташкилотдан чиқишини кўзда тутувчи президент меморандумини имзолади. Шундан сўнг, сешанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебреисус Вашингтоннинг мазкур ташкилотдан чиқиш қарори АҚШ ва унинг хавфсизлигига таҳдид солишидан огоҳлантирди. Жорий йилнинг январ ойида расман кучга кирган ушбу қарор ҳақида Тедрос «Аслида бу тўғри қарор эмас», дея таъкидлаб, Вашингтоннинг мазкур қарорни қайта кўриб чиқиб, ташкилот сафига қайтишига умид билдирди. У, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фаолиятининг катта қисми АҚШнинг ўзи учун ҳам манфаатли эканини қўшимча қилиб, «Шу сабабли ҳам, Америка ушбу ташкилот билан ҳамкорлик қилмасдан туриб, хавфсиз бўла олмаслигини таъкидладим», деди.
Америка БМТ тизимига кирмайдиган 35 та, шунингдек, БМТ таркибидаги 31 та ташкилотдан чиқиб кетди. АҚШ давлат котиби Марко Рубио мазкур меморандумга изоҳ бериб, қуйидагиларни билдирди: «Президент Трамп бугун АҚШнинг Америкага душманона муносабатда бўлган, фойда келтирмайдиган ёки ресурсларни исроф қиладиган 66 та халқаро ташкилотдан чиқишини эълон қилди. Бошқа халқаро ташкилотларни қайта кўриб чиқиш жараёни ҳамон давом этмоқда».
Америка чиқиб кетган халқаро ташкилотлар доираси жуда кенг бўлиб, у иқлим, энергетика ва атроф-муҳит масалаларига ихтисослашган тузилмалардан тортиб, БМТнинг Хотин-қизлар ташкилоти (UN Women) ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) каби хотин-қизлар ҳамда аҳоли масалалари билан шуғулланувчи муассасаларни, шунингдек, Халқаро тараққиёт ҳуқуқи ташкилоти (IDLO) сингари ҳуқуқий идораларни ҳамда Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси (ICAC) каби қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ташкилотларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, рўйхатда турли соҳаларни қамраб олган яна кўплаб халқаро тузилмалар ҳам мавжуд.
CNN Оқ уйдаги манбаларга таяниб хабар қилишича, мазкур халқаро ташкилотлардан чиқиш америкалик солиқ тўловчилар маблағларининг АҚШнинг устувор манфаатларига зид равишда глобаллашув кун тартибини илгари сурадиган тузилмаларга сарфланишига чек қўяди. Шунингдек, солиқ тўловчилар маблағларини бошқа йўналишларга қайта йўналтириш мақсадга мувофиқ, деб баҳоланмоқда. Ушбу қадам президент Трампнинг америкаликларга берган асосий ваъдасини, яъни давлат манфаатларига зид ҳаракат қилувчи халқаро бюрократик тузилмаларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ҳамда «Америка ва америкаликлар» тамойилини маъмурият сиёсатидаги энг устувор йўналиш сифатида белгилаш ҳақидаги ваъдасини бажариш ҳисобланади.
Американинг ўнлаб халқаро ташкилотлардан бундай тўсатдан ва оммавий тарзда чиқиб кетиши амалда ҳозирги халқаро тизим ҳамда унинг муассасаларини босқичма-босқич, тизимли равишда емириш жараёни бошланганидан далолат беради. Шу билан бирга, мазкур қадам янги ва мутлақо бошқа тамойиллар асосида шаклланадиган халқаро тузилмаларни барпо этишга қаратилган йўлнинг реал муқаддимаси ҳисобланади.
Масалан, Трамп маъмурияти чиқиб кетган ташкилотлар орасида Европа билан ҳамкорликка бевосита боғлиқ тузилмалар ҳам мавжуд. Жумладан, Гибрид таҳдидларга қарши кураш бўйича Европа мукаммаллик маркази, Европа миллий автомобиль йўллари тадқиқот лабораториялари форуми, Атлантика ҳамкорлиги учун шериклик ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси шулар жумласидандир. Ушбу рўйхатнинг ўзиёқ АҚШнинг европалик шериклари билан муносабатларда очиқ-ойдин узилиш йўлига кирганини кўрсатади.
Глобаллашув ҳамда дунё давлатлари ўртасидаги манфаатлар ва муносабатларнинг узвий боғлиқлигига келсак, Америка глобаллашув билан боғлиқ деярли барча жараёнлардан, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва халқаро муносабатлардан чиқиш йўлини танлади. Бунинг қаторига Халқаро савдо маркази (ITC), БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD), Интернетда эркинлик коалицияси, Жамоатчилик иштирокини ва салоҳиятини ошириш бўйича глобал жамғарма (GCERF), Терроризмга қарши кураш бўйича глобал форум (GCTF), Кибер-экспертиза бўйича глобал форум (GFCE), Миграция ва тараққиёт бўйича глобал форум (GFMD), Америка қитъаси мамлакатларининг глобал ўзгаришларни ўрганиш институти (IAI), Кончилик, минераллар, металлар ва барқарор ривожланиш бўйича ҳукуматлараро форум (IGF), Биохилма-хиллик ва экотизим хизматлари бўйича ҳукуматлараро илмий-сиёсий платформа (IPBES), шунингдек, Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилишни ўрганиш халқаро маркази (ICCROM) каби ташкилотлар киради.
Шу тариқа, Америка халқаро тизим билан бўлган барча ҳамкорлик ва шериклик ришталарини узиб, асосий эътиборини бир томонлама ёки икки томонлама халқаро алоқаларга қаратди. Бу билан давлатлар, жамиятлар ва муассасалар ўртасидаги алоқаларни глобал миқёсда яқинлаштиришга хизмат қиладиган барча омилларни мутлақо четга суриб қўйди.
Шунингдек, Америка Африка бўйича иқтисодий комиссия (ECA), Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси бўйича иқтисодий комиссия (ECLAC), Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ESCAP), шунингдек, Ғарбий Осиё бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ESCWA) каби Лотин Америкаси, Африка ва Осиё минтақаларига хос халқаро тузилмаларни ҳам тарк этди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу тарк қилишларнинг барчаси уч қитъа — Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари билан боғлиқ тузилмаларга тааллуқлидир. Чунки Америка ўзига мажбурият юклайдиган кўп томонлама халқаро муносабатларни эмас, балки мазкур давлатлар устидан бевосита назорат ўрнатиш имконини берувчи икки томонлама алоқаларни афзал кўриб, улар билан халқаро алоқалар ўрнатишни истамаяпти.
Ҳатто Ғарб ҳазоратига оид умумий тушунчалар — яъни Ғарб нуқтаи назаридан «глобал» бўлиши кўзланган тушунчалар ҳам Америка учун эндиликда устувор аҳамият касб этмай қўйди. У бу қарашларни амалда ўз ҳисоб-китобидан чиқариб ташлаб, Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти, Халқаро адлия институти, БМТнинг Демократия жамғармаси, БМТнинг Цивилизациялар альянси, Қонун устуворлиги ташкилоти ҳамда Халқаро ҳуқуқ комиссияси каби тузилмалардан чиқиб кетди. Шу тариқа, Америка Ғарбнинг умумий ҳазорий тушунчаларига жиддий путур етказди; бунинг ўрнига эса ўзига хос «Америка модели»ни илгари суришга ва айнан шу йўналишни марказга қўйишга ўтди.
Шу тариқа, БМТ ташкилотлари, унинг қонун-қоидалари, ўзаро алоқалари ва уларга риоя қилиш талаби Америка учун деярли аҳамиятсиз бўлиб қолди. Демак, бу ҳолат дунёнинг бошқа давлатлари учун ҳам мажбурий ҳисобланмайди. Чунки Америка мазкур тузилмаларнинг мажбурийлик ва ижро этилиш хусусиятини амалда суғуриб олди. Натижада бу муассасаларнинг ҳайбатини синдирди, мустақил мақомига путур етказди, уларнинг таяниладиган асос сифатидаги ўрнини заифлаштирди ва легитимлигини йўққа чиқарди.
Мазкур тизим емирилгач, дунё давлатлари ўзлари таянадиган янги асослар, янги қоидалар ва янги халқаро тузилмаларни излаш имконига эга бўлди. Дунёнинг етакчи давлати сифатида Америка, аслида, мавжуд халқаро тизимни сақлаш ва ҳимоя қилишга масъул эди. Бироқ у халқаро ташкилотлардан чиқиб кетиши билан давлатлар ва жамиятлар олдида янги ҳазорий ва ҳуқуқий альтернативалар, янги таянч асослар излашга баҳона-имконият яратиб берди.
Ҳақиқат шуки, бугунги кунда дунё давлатлари ва халқлари олдида вужудга келган ушбу бўшлиқни ўзининг ақидаси, шариати ва аҳкомлари билан Исломдан ўзга ҳеч қандай тизим тўлдира олмайди. Ислом ўз ғоялари ва концепциялари, шунингдек, ўз давлати орқали реал муқобил ечимларни тақдим этиш қудратига эга. У ер юзидаги барча жамиятлар ва халқлар учун мақбул бўлган ҳазорий, ҳуқуқий ҳамда мурожаат қилинадиган мустаҳкам альтернатива бўлади.
Роя газетасининг 2026 йил 4 феврал, чоршанба кунги 585-сонидан




