Эрдоган Туркиясининг яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштириш йўлидаги функционал роли

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Эрдоган Туркиясининг яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштириш йўлидаги функционал роли
Устоз Мунис Ҳамид – Ироқ вилояти
Яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштириш энди сиёсий саҳнада кутилмаган воқеа ёки алоҳида бир истисно бўлмай қолди. Аксинча, у йирик кучлар ва минтақавий давлатлар ўртасида вазифалар тақсимланган, эҳтиёткорлик билан бошқариладиган жараён тусини олди. Бу жараёнда оммавий онгни қайта шакллантириш, ахлоқий ва сиёсий қаршиликни парчалаш учун «юмшоқ» воситалар ишга солинмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Туркиянинг роли энг мураккаб ва чигал ўринлардан бири сифатида алоҳида ажралиб туради. Бу унинг нормаллаштириш лойиҳасига етакчилик қилаётгани учун эмас, балки замин ҳозирлаш ва жиловлаш каби ўзининг машъум функционал вазифасини ижро этгани учундир.
Эрдоган сиёсий ва матбуот нутқларида ўзини Фаластин масаласининг тарафдори ҳамда яҳудийлар тажовузини рад этувчи шахс сифатида тақдим этиб, Қуддус ва Ғазо мудофаасига оид ниҳоятда жўшқин риторикадан фойдаланиб келади. Бироқ мазкур нутқларга танқидий назар билан ёндашилса, Туркиянинг яҳудий вужуди билан тўлиқ дипломатик алоқаларни йўлга қўйгани, тижорий муносабатлари изчил ўсиб бораётгани, қолаверса, нозик минтақавий масалаларда хавфсизлик бўйича мувофиқлаштириш ишларини ҳам олиб бораётгани яққол намоён бўлади.
Сўз ва амал ўртасидаги ушбу зиддиятни шунчаки ўткинчи иккиюзламачилик деб изоҳлаб бўлмайди. Аксинча, бу Ислом Умматининг ғазабини сўндириш ҳамда минтақавий ва халқаро тизимлар билан ҳамоҳангликни сақлаб қолишни кўзлаган онгли сиёсатдир.
Туркия ролининг хавфли жиҳати ҳам айнан шунда: шов-шувсиз нормаллаштириш ва эълон қилинмаган ён бериш.
Сурия майдони эса Туркия сиёсати энг кучли таъсир ўтказган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Чунки Туркия у ерда ҳарбий жиҳатдан бевосита иштирок этмоқда. Сурия шимолидаги кенг ҳудудлар устидан ҳам назорат ўрнатган бўлиб, қуролли гуруҳларга таъсири сезиларли даражада кучли ҳамда қочқинлар, иқтисод ва чегара ўтиш нуқталари каби муҳим масалалар жиловини қўлга олган.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, Эрдоган сурияликларни яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштиришга тўғридан-тўғри мажбурламаяпти. Аксинча, уларни ҳолдан тойдириш ва устувор йўналишларни қайта белгилашга асосланган, узоқ муддатли ҳамда самарадорлиги юқори бўлган жараёнга маҳкум этмоқда. Бундан асосий кўзланган мақсад Сурия халқи онгини босқичма-босқич қайта шакллантиришдир. Натижада кундалик тирикчилик ташвишлари олий масалалардан устун бўлиб қолади.
Туркия нормаллаштириш жараёнида ўзига хос вазифани бажармоқда: у мазкур жараёнга қарши кайфиятдаги халқлар ва яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштираётган режимлар ўртасида «кўприк» бўлиб хизмат қилмоқда; жамоатчиликда юзага келадиган шокни юмшатувчи психологик восита, шунингдек, исломий онгни очиқ тўқнашувларга олиб бормасдан жиловлаб туришга қаратилган таъсир воситаси вазифасини ўтамоқда. Туркия муносабатларни нормаллаштир лойиҳасининг олдинги сафида турмаса-да, уни имкон қадар кам сиёсий бадал эвазига амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Нормаллаштиришнинг энг хавфли кўриниши ҳарбий куч билан мажбуран қабул қилдириладигани эмас. Аксинча, «реализм» шиори остида илгари суриладиган, «манфаат» тили билан ниқобланадиган ва халқлар ўзгариш мумкинлигига бўлган ишончидан бутунлай маҳрум қилингунига қадар уларни ҳолдан тойдирилганидан кейин тарғиб этиладиган шакли энг хатарлисидир.
Шу нуқтаи назардан, Туркиянинг роли «овозсиз нормаллаштириш» деб аташ мумкин бўлган жараённинг ўзига хос намунасига айланмоқда. Бу — қабул қилишни очиқ эълон қилмасдан, қаршиликни йўққа чиқарадиган сиёсатдир.
«Реализм» номи остида тарғиб қилинаётган нормаллаштириш кечиктирилган мағлубиятдан бошқа нарса эмас. Шу боис бу йўналишга нисбатан сукут сақлаш бетарафлик эмас, уни индамай кузатиб туриш эса ҳикмат ҳисобланмайди. Аксинча, бундай сукут ва бепарволик Фаластин масаласини йўққа чиқаришда, шунингдек, минтақани яҳудий вужудининг ўлчовларига мос ҳолда қайта лойиҳалаш жараёнида билвосита иштирок этиш демакдир.
Яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштириш шунчаки ўткинчи сиёсий масала ҳам, манфаатлар тарозисига солинадиган тактик танлов ҳам эмас. Аксинча, у сиёсий позиция бўлишидан олдин, ўз моҳиятига кўра аввало ақидавий ва ахлоқий позициядир. Зеро, Фаластин чегаралар юзасидан баҳслашиладиган «низо ҳудуди» эмас; у босиб олинган исломий заминдир. Яҳудий вужуди ҳам табиий давлат эмас, балки босқинчилик ва тажовузга, аҳдларни бузишга таянган вужуддир.
Нормаллаштириш жараёнидаги энг хавфли жиҳат унинг прагматизмга бўйсунадиган музокара мавзусига айлантирилаётганидир. Бу эса зулм ва босқинчиликка нисбатан позицияни «ал-вало вал-баро»нинг ажралмас қисми деб билган Исломнинг ўзгармас асосларига, шунингдек, Аллоҳ Таолонинг қуйидаги каломи талабларига очиқдан-очиқ зиддир:
وَلا تَرْكَنُوا إِلَى الَّذِينَ ظَلَمُوا فَتَمَسَّكُمُ النَّارُ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ أَوْلِيَاءَ ثُمَّ لا تُنْصَرُونَ
«Зулм йўлини тутган кимсаларга берилиб кетманглар (эргашманглар). Акс ҳолда сизларга дўзах ўти етар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст йўқдир. Кейин (яъни золимларга эргашсангиз) сизларга ёрдам берилмас» [Ҳуд 113]
Нормаллашув шунчаки бир ҳужжатга имзо чекиш эмас. Аксинча, у ҳақ билан ботилга қайта таъриф беришдир. Зеро, ким таърифлар жангида мағлуб бўлса, тупроқ учун бўлган жангда ютқазишидан олдин, аввало онг жангида мағлубиятга учрайди.
Эй Исломий Уммат халқлари! Атрофингизда кечаётган воқеалар шунчаки ўткинчи ҳодисалар эмас. Аксинча, сизларни нишонга олган, олдиндан белгилаб қўйилган сиёсатлардир. Огоҳ ва онгли бўлиш шунчаки фикрий ҳашамат эмас, балки динни ҳимоя қилиб, қадр-қимматни асрайдиган фарздир. Сизга қарши нималар режалаштирилаётганини англанг, ҳақ билан ботилни фарқига боринг, адаштирувчилар ёки сиздан фойдаланадиганлар қўлидаги қуролга айланиб қолманг.
Роя газетасининг 2026 йил 4 феврал, чоршанба кунги 585-сонидан




