Эрдоганнинг Саудия ва Мисрга сафарининг моҳияти

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Эрдоганнинг Саудия ва Мисрга сафарининг моҳияти
Устоз Асъад Мансур
Эрдоганнинг ўз маслакдошлари Ибн Салмон ва Сисий ҳузурига қилган сафари моҳиятини англаш учун, аввало, уларнинг йирик давлатлар, хусусан, дунёдаги етакчи давлат билан бўлган алоқаларига, шунингдек, ҳозирги вазиятда мазкур давлат улардан нимани талаб қилаётганига эътибор қаратиш зарур. Зеро, йирик давлатлар халқаро вазиятни назорат қилиб, бошқа давлатларнинг ташқи-сиёсий йўналиши ва ўзаро муносабатларига бевосита таъсир кўрсатади.
Ушбу сафар, унинг натижалари, шунингдек, Эрдоган, Ибн Салмон ва Сисийнинг аввалги фаолияти уларнинг дунёдаги биринчи давлат – Америка билан чамбарчас боғлиқ эканини, шунингдек, бугунги шароитда мазкур давлат улардан муайян вазифани бажаришни талаб қилаётганини очиқ-ойдин тасдиқлайди.
Эрдоганнинг Ибн Салмон билан учрашувида томонлар минтақадаги барча масалалар юзасидан Америка режалари асосида келишиб олганларини эълон қилди. Шунингдек, улар Трампнинг Ғазода ўт очишни тўхтатишга доир режасини қўллаб-қувватладилар. Зотан, улар Сисий ва бошқа маслакдошлари билан бирга Трампдан мазкур режани тезроқ эълон қилишини сўраб, унга ёлворишган эди. Бундан кўзланган мақсад эса – Американинг «уруш кўламини кенгайтирмаслик»ни баҳона қилиб берган кўрсатмаларига итоат этган ҳолда Ғазо аҳлини ёрдамсиз ташлаб қўйганликлари туфайли ўз халқлари олдида вужудга келган ноқулай аҳволдан қутулиш эди. «Уруш кўламини кенгайтирмаслик» даъвосининг асл мазмуни «яҳудий вужуди қирғин ва вайронгарчиликни давом эттирсин, сиз эса бу жараёнга ҳеч қандай тарзда аралашманг» деган маънони англатади. Улар Ғазони бошқариш масаласида Трамп бошчилигида шакллантирилган «тинчлик кенгаши»га қўшилиш орқали унга бўлган садоқатларини исботлашди. Замон Фиръавни уларни паст санаб, аҳмоқ қилди, улар эса барибир унга итоат этди. Бу ҳолат Трампнинг иштаҳасини очиб, уни янада ҳаддидан ошишга ундади. Натижада у мазкур кенгашни дунёнинг турли масалаларини ўз мамлакати манфаатлари йўлида ҳал қиладиган халқаро кенгашга айлантириш ниятини очиқ эълон қилди. Амалда эса бу – вето ҳуқуқига эга бошқа йирик давлатлар ҳам иштирок этадиган Хавфсизлик Кенгашининг ўрнини босишга қаратилган уринишдир.
Шунингдек, Сисий билан бўлган учрашувида Эрдоган барча масалаларда, айниқса Ғазо масаласида Америка режаси асосида у билан якдил эканини яна бир бор тасдиқлади. Томонлар муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтариш мақсадида уни янада мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олдилар.
Ҳар икки сафар доирасида ҳам ҳамкорликни гўёки одамлар манфаатига хизмат қилаётгандек кўрсатиш мақсадида кенг кўламли иқтисодий келишувлар имзоланди. Бу билан халқни иқтисодий аҳвол яхшиланади, деган хомхаёлга солиб, қуруқ ваъдалар билан алдашмоқда ҳамда бу ишлар ортидаги асл сиёсий мақсадларни яширишмоқда.
Агар биз ушбу учрашувлар муҳитига ва унда иштирок этган томонларнинг бугунги шароитда деярли барча сиёсий йўналишлардаги қарашлари қай даражада уйғун эканига чуқурроқ назар ташласак, шунингдек, уларнинг маълум боғлиқликлари, хиёнаткорона позициялари ва асосий эътиборни Ғазо масаласига қаратганини ҳам инобатга олсак, бу ҳолатларнинг барчаси Американинг яҳудий вужудига ўтказаётган босимлари билан чамбарчас боғлиқ экани ойдинлашади. Зеро, яҳудий вужуди Трамп режасини, хусусан, Ғазодан чиқиб кетиш каби бандларни бажаришни атайлаб пайсалга солмоқда. Режанинг иккинчи босқичи бошланганига қарамай, тажовузни давом эттирмоқда: баъзан бир куннинг ўзида ўнлаб инсонларни ҳалок қилмоқда. Уй-жойларни вайрон қилиш ҳам тўхтатмай, аҳолини қувғин қилмоқда. Ёрдамлар киритилиши масаласи билан ўйин қилмоқда, одамларни чиқариш учун дарвозаларни очиб, уларнинг қайтишига тўсқинлик қилмоқда. Қолаверса, мазкур вужуд Туркиянинг Ғазо масаласида Трамп маъмурияти бошчилигида ҳар қандай ролга эга бўлишига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, Эрон масаласида яҳудий вужуди Америкадан Эрон режимини қулатишга олиб келадиган қақшатқич зарба беришни талаб қилмоқда. Ҳолбуки, Эрон режими Америка орбитасида айланади. Туркия, Миср ва Саудия эса бундай ёндашувга қарши чиқиб, Эроннинг ядро дастури бўйича янги келишув тузиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Бу эса 2015 йилда «5+1» номи билан танилган келишув формати амалда бекор бўлишига олиб келади. Натижада Америка жараённи якка тартибда ўз назоратига олиб, қолган беш томонни сафдан чиқаради ва формат «-5+1» тусини олади. Шу тариқа Трамп ўз эркатойи яҳудий вужудига Туркия, Миср ва Саудия каби давлатлар ҳам Америка учун ўта муҳим эканини, улар ҳам яҳудий вужуди бажараётган вазифаларга яқин вазифаларни, фақат юмшоқ услубда амалга оширишини англатиб қўймоқда.
Шу тариқа, Эрдоганнинг сафарлари ҳамда унинг Ибн Салмон ва Сисий билан якдил ҳаракат қилиши ортида Америка тургани яққол намоён бўлади. Ҳолбуки, у кечагина уларни ўзининг асосий рақиблари сифатида кўрсатган, Мурсийга қарши тўнтариш ва саудиялик журналист Хошақжининг ўлдирилиши ортидан эса улар билан учрашмаслигини очиқ эълон қилган эди. Бироқ, одатда ўзига ишонганларни ташлаб кетишга мойил бўлган Эрдоган бу икки режим билан ярашишга шошилди ва Ихвонларни ҳам, Хошақжи ишини ҳам уларга сотди. Америка кўрсатмаларига мувофиқ, ушбу икки режимни қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақада Вашингтон учун муҳим вазифаларни адо этиш мақсадида улар билан янги саҳифа очди.
Яҳудий вужуди Миср билан муносабатларини хавф остига қўйишга журъат этолмайди. Зеро, у Миср билан алоқалар барқарор қолишини истайди, токи Миср Кэмп-Дэвид келишувига содиқ қолсин. Чунки ушбу битим Мисрни жанг майдонидан четлатиб, яҳудий вужуди учун жанубий фронтни хавфсиз буфер зонага айлантирди. Ғазодаги уруш бу ҳақиқатни яққол исботлади. Миср режими икки йил давомида геноцидга дучор бўлаётган аҳолига ёрдам бериш учун бир қадам ҳам ташламади. Аксинча, Миср халқининг ўз биродарларига ёрдам бериш йўлидаги ҳар қандай ҳаракатини тўсиб қўйди.
Шунингдек, яҳудий вужуди Саудия билан муносабатларни нормаллаштиришга интилмоқда. У Саудиянинг Ғазодаги оммавий қирғинга нисбатан томошабинлик позициясини эгаллаганидан мамнун. Зеро, Саудия ҳам Исломий юртлардаги бошқа мавжуд режимлар, айниқса Фаластинга яқин ҳудудлардаги режимлар сингари, Америка буйруқларига бўйсунди.
Миср, Саудия ва Туркиянинг алоқаларни мустаҳкамлаб, ҳар бир масалада, айниқса Ғазо мавзусида якдил позицияни очиқ таъкидлаши ҳамда Трамп режасини амалга оширишга қатъий интилиши яҳудий вужудини танг аҳволга солмоқда. Бу вазият, бир томондан, уни мазкур режани бажаришга мажбурласа, иккинчи томондан, Америка олдидаги «эркалиги»ни ҳам чекламоқда. Натижада гўё яҳудий вужудига нисбатан босим ўтказилаётгандек манзара шаклланмоқда.
Трамп 2025 йил 8 апрел куни Оқ уйда Нетаньяху ҳузурида Эрдоганга нисбатан ишончи ва илиқ муносабатини очиқ баён қилди. У шундай деди: «Эрдоган билан алоқаларимиз аъло даражада. Мен уни яхши кўраман, у ҳам мени яхши кўради. Агар у билан бирор муаммоинг бўлса, буни унинг ўзи билан ҳал қил ва унга нисбатан оқилона йўл тут». Шунингдек, Трамп Эрдоганнинг кўплаб мамлакатларда, айниқса Сурияда 14 йил давомида кўрсатганидек, Америка манфаатлари йўлида бошқаларни алдаш қобилиятига ишонч билдирди. Трамп ҳамда унинг вакили Барак таъкидлаганидек, Эрдоганнинг у ерда амалга оширган ишлари Америка учун катта аҳамият касб этади.
У Америка учун даллоллик қилиб, Жўлонийни арзон баҳога «сотиб олди» ва уни Американинг малайига айлантирди. Натижада Жўлоний Сурияда Исломнинг ҳокимиятга қайтишини рад этди, уни тиклашга чақирувчиларга қарши кураш бошлади ва уларни ўн йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди. Шунингдек, у яҳудий вужуди билан тинчликни ва муносабатларни нормаллаштиришни хоҳлашини, унга қарши уруш қилмаслигини эълон қилди. Жўлоний бу позициясини яҳудий вужудининг сон-саноқсиз тажовузлари, шунингдек, Сурия жанубининг ишғол қилишига қарши бирор марта ҳам муносабат билдирмагани билан амалда тасдиқлади. Ҳатто у мазкур ҳудудда яҳудий вужуди билан биргаликда қўшма хавфсизлик тармоғини шакллантиришга киришиб, бу йўналишда жадал қадамлар ташлади. Бундан ташқари, у Америка бошчилигида Исломга қарши кураш баҳонасида тузилган халқаро коалиция таркибига кирди.
Шу тариқа, Жўлоний Сурия қўзғолонининг бугунга қадар кўзланган асосий мақсадларини – Исломни татбиқ этиш, Жўлон ва Фаластинни озод қилиш йўлида жиҳод эълон қилиш ҳамда Американинг аввалги Башар Асад режими тимсолидаги нуфузини йўқ қилишни – амалда барбод қилди. Натижада Америка учун Асаддан ҳам «қулайроқ» шахс саҳнага олиб чиқилди: у ўз «мураббийлари» Эрдоган ва Фидан сингари диндор бўлиб кўриниш орқали одамларни алдашга қодир эканини кўрсатди.
Бу ерда исломий юртлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланаётганини «ижобий ҳолат» сифатида баҳолаш ва уни қўллаб-қувватлаш лозим, деган фикрни айтиш жоиз эмас. Чунки бу жараённинг замирида ғаразли мақсадлар ётибди ва у асло холис ниятга асосланмаган. Аксинча, мазкур ҳаракатлар минтақада Америка нуфузига хизмат қилиш, унинг лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган. Бундан ташқари, бундай алоқалар Исломий юртлар ўртасидаги бўлинишни янада чуқурлаштириб, коррупцияга ботган режимлар ҳамда кофирларга малай ҳукмдорларнинг ҳокимиятда сақланиб қолишини таъминлайди. Исломнинг талаби – Америка билан барча алоқаларни узиш, Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлаш ҳамда ушбу ва бошқа исломий юртларни Исломни татбиқ этадиган ягона Исломий давлат таркибида бирлаштириш йўлида қатъий фаолият олиб боришдир. Мазкур давлат босиб олинган юртларни озод этиш ва мазлум мусулмонларни қутқариш учун жиҳод эълон қилади, юртни юксалтиришни мақсад қилади ҳамда унинг бойликларини Америкага инъом этмай, ўз халқига адолат асосида тақсимлайди.
Роя газетасининг 2026 йил 11 феврал, чоршанба кунги 586-сонидан




