Ўрта Осиё ва қарзлар офати

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ўрта Осиё ва қарзлар офати
Устоз Аҳмад Ҳодий
Ўрта Осиё тарихан ягона ўлка ва бир давлат сифатида шаклланган. Унинг ерлари ғоят унумдор, аҳолиси эса ягона ақида – суннийликни қабул қилган ҳолда ҳанафий мазҳабига амал қилиб келади. Бу минтақа бой ва гуллаб-яшнаган диёр бўлиб, юксак маданият ва ҳазорати билан ажралиб турган; халқлари эса фаровонлик ва тараққиёт муҳитида умр кечирган.
Бутун дунё Ўрта Осиёга ягона, мукаммал давлат тизимига эга ва беҳисоб бойликлар мужассам бўлган ўлка сифатида қараб келган. Бироқ руслар бу ҳудудга бостириб киргач, истило ва ҳарбий кенгайишни давом эттириб, минтақани тўлиқ бўйсундирди ҳамда унинг устидан қатъий назорат ўрнатди. Шундан сўнг, минтақа устида мутлақ ҳукмронликка эришгач, бошқарув ва назоратни осонлаштириш мақсадида ўлкани сунъий тарзда бешта бўлакка бўлиб ташлади.
Россия Ўрта Осиёни ўзининг хом ашёга бой «томорқаси»га айлантирди. Минтақадаги ҳар бир ҳудудни алоҳида мустамлака сифатида шакллантириб, уларни на ўзини-ўзи барқарор ривожлантира оладиган, на мустақил саноатга эга бўла оладиган даражага тушириб қўйди. Натижада минтақа халқлари русларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хом ашё етказиб берувчи арзон ишчи кучи мақомига солинди. Шу мақсадда Ўзбекистон пахтачиликка, Қозоғистон ғаллачиликка, Қирғизистон чорвачиликка, Тожикистон мева-сабзавот етиштиришга, Туркманистон эса чорва молларини боқишга ихтисослаштирилди. Бундан ташқари, Ўрта Осиёдаги қазилма бойликлар кенг кўламда талон-торож қилиниб, Россия заводларида қайта ишлаш учун хом ашё сифатида олиб кетилди. Оқибатда минтақа халқлари на ҳақиқий саноатлашишдан, на қўшимча қийматдан баҳраманд бўла олди.
Ҳатто 1991 йилдан кейин ҳам, Ўрта Осиё давлатлари Россиядан мустақилликка эришганига қарамай, Россия бу минтақага ҳануз хом ашё базаси ва «томорқа» сифатида қараб келмоқда.
Ўрта Осиё давлатлари мустақилликка эришгач, мажбуран ўрнатилган коммунистик тузум ўзининг сиёсий ақидаси ва иқтисодий низоми билан бирга қулади. Натижада ҳамма нарса парчаланиб, вазият ўзининг табиий изидан чиқиб кетди. Бунинг оқибатида ўн миллионлаб одамлар иш ва ризқ излаб ўз юртларини тарк этишга мажбур бўлди ҳамда Россия, Туркия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда меҳнат муҳожирига айланди.
Бутун минтақани қамраб олган умумий парокандалик ҳамда давлатларнинг қашшоқ ва абгор ҳолатга юз тутиши манзарасида, маҳаллий раҳбарлар Ғарб давлатларидан, шунингдек, Россия, Америка ва Хитойдан қарз сўраб, тиланчилик сиёсатини юрита бошлади.
Ғарб давлатлари ва АҚШ қарз ажратишни ниҳоятда шафқатсиз шартлар асосида, узоққа чўзилган таҳқирловчи кутишлардан кейингина амалга оширди. Ушбу қарзларнинг энг асосий шартларидан бири эса маблағларни йўл қурилиши ёки аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш каби, ишлаб чиқаришни ривожлантирмайдиган ва реал иқтисодий самара бермайдиган йўналишларга сарфлашдан иборат эди.
Ушбу шартлар ижросини таъминлаш мақсадида Ғарб давлатлари қарз маблағларининг қандай сарфланаётганини кузатиш ва улар устидан бевосита назорат ўрнатиш учун ўз экспертлари ҳамда кузатувчиларини юборди. Амалда эса ажратилган қарзларнинг бор-йўғи 30 фоизга яқини сарфланди. Шу билан бирга, давлатлар раҳбарларига хорижда офшор компаниялар ташкил этиш, маблағларни ўзлаштириш ва уларни ўтказишнинг турли схемалари ўргатилди.
Шу тариқа халқлар елкасига тўлаб бўлмайдиган қарз мажбуриятлари юклатилди. Давлатнинг ташқи қарзи кун сайин ошиб бораётган бир пайтда, ҳукмдорлар навбатдаги қарзларни олиш учун табиий бойликлар ва маъдан захираларини гаровга қўйишда давом этдилар. Сўнгра, вақти келганда, улар мамлакатни қарз ва инқирозлар гирдобида қолдириб, хорижий давлатларга қочиб кетар эдилар.
Ғарб давлатлари, одатда, «ол, кейин талаб қил ва белгиланган шартларга сўзсиз амал қил» тамойили асосида иш юритади. Улар қарзларни ўта устомонлик ва пухта ҳисоб-китоб билан ажратиб, ундан ўзларининг сиёсий-иқтисодий нуфузини мустаҳкамлаш, таъсир доираларини кенгайтириш воситаси сифатида фойдаланади. Шу билан бирга, шартли кредитлар ҳамда молиявий-иқтисодий боғлиқлик механизмлари орқали Россиянинг минтақадаги таъсирини сусайтиришга уринади. Натижада қарздор давлатлар уларнинг иродасига қарам бўлиб қолиб, улар белгилаган шартлар ва сиёсатлар билан амалда кишанланади.
Ғарб давлатларидан фарқли равишда, Хитой қарз ажратишда сиёсий ёки маъмурий шартларни олдиндан юкламайди, шунингдек, маблағларнинг сарфланишини текшириш учун назоратчилар ёхуд экспертлар ҳам юбормайди. Зеро, у мазкур давлатлар раҳбарлари ажратилган маблағларни талон-торож қилиши, уларни завод қуриш ёки ишлаб чиқариш лойиҳаларига йўналтирмаслигини яхши билади. Шу билан бирга, Хитой бу давлатлар қарз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга қодир эмаслигини ҳам аввалдан ҳисобга олади. Хитой қарзларни осон ва тез ажратади, бироқ тўлов муддати етганда ҳеч қандай кечиктириш ёки юмшоқликка йўл қўймайди, аксинча, қаттиқ ва кескин босим ўтказади. Агар давлат қарзни тўлашга ожизлик қилса, Хитой ер майдонларини ўзлаштиришга, конлар ҳамда табиий бойликлар устидан назорат ўрнатишга киришади ва уларни тўланмаган қарзлар эвазига амалда ўз мулкига айлантириб олади.
Хитой қарзларини назоратсиз ва қатъий шартларсиз олиш осон бўлгани учун ушбу давлатлар раҳбарлари Хитойдан қарз олиш борасида ўзаро мусобақага киришдилар. Шу тариқа улар ўз давлатини, халқини ва келажагини қиморга тикдилар. Натижада, 2025 йилга келиб, Хитой Ўрта Осиёга энг кўп қарз ажратган давлатга айланди.
Хитой фақат қарз ажратиш билан чекланиб қолмай, минтақага ўз ишчи гуруҳлари, экспертлари ҳамда ишчиларини ҳам юбормоқда. Ҳатто жараён шу даражага етиб бордики, Ўзбекистонда айрим ҳолатларда деҳқонлардан қишлоқ хўжалиги ерлари мусодара қилиниб, улар хитойлик фермерларга бериб юборилди.
Айни пайтда Қирғизистонга ўн минглаб хитойлик фуқаролар оқиб келиб, кончилик тармоқлари, йўл қурилиши ҳамда уй-жой барпо этиш лойиҳаларида иш бошлаб, амалда шу соҳаларга мустаҳкам жойлашиб олдилар. Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон Хитой билан визасиз режим жорий этди, бу эса Хитойдан инсон ресурслари ва иқтисодий оқимнинг янада эркин кириб келишини осонлаштирди. Бугунги воқелик шуни кўрсатмоқдаки, хитойликлар Ўрта Осиёнинг барча давлатларида деярли ҳар бир йўналиш бўйича таъсир доирасини кенгайтирмоқда; уларнинг иштироки ва мавжудлиги эса кўп ҳолатларда ҳар қадамда, ҳар бир соҳада яққол сезилмоқда.
2025-2026 йилги ҳисоб-китобларга кўра, Ўрта Осиё давлатларининг ташқи қарзлари қуйидагича: Қозоғистон 172 миллиард доллар, Ўзбекистон 77 миллиард доллар, Қирғизистон 12 миллиард доллар, Тожикистон 7 миллиард доллар ва Туркманистон тахминан 5 миллиард доллар. Шу тариқа, минтақанинг жами ташқи қарзи тахминан 273 миллиард долларни ташкил этади.
Қозоғистон ва Ўзбекистонда қарзларнинг тез суръатда ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Қирғизистон ва Тожикистонда эса қарз миқдори нисбатан кам бўлишига қарамай, унинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши жуда катта.
Қарз берувчи давлатлар Ўрта Осиёни алоҳида-алоҳида мамлакатлар ёки тарқоқ тузилмалар мажмуаси сифатида эмас, балки яхлит, ўзаро боғлиқ ва мукаммал иқтисодий имкониятларга эга ягона минтақа сифатида баҳолайди. Шу боис улар ҳеч бир давлатни четда қолдирмасдан, барча мамлакатларга бир вақтнинг ўзида қарз ажратиб, минтақанинг умумий иқтисодий ҳолатидан ўзларининг сиёсий ҳамда иқтисодий нуфузини кенг кўламда мустаҳкамлаш воситаси сифатида фойдаланмоқда.
Эй Ўрта Осиёдаги мусулмонлар! Ерингиз ҳам, юртингиз ҳам бир. Демак, бирлашинг, ўзаро пароканда бўлманг! Тупроғингиз олтинга бой, ерларингиз унумдор, табиий хазиналарингиз эса юзлаб мамлакатларни фаровон ва бой қилишга етарли. Сиз ташқи қарзларга муҳтож эмассиз. Аксинча, йирик давлатлар сизга муҳтож. Улар заиф ҳукмдорлар ва ўзларига қарам маҳаллий малайлар орқали демократияни ўзлари хоҳлагандек мажбурлаб ўтказишга, сизни ўзлари белгилаган «инсон ҳуқуқлари» андозаларини қабул қилишга мажбурлашга уринмоқда. Шунингдек, бойликларингизни ҳақиқий иқтисодий самара бермайдиган соҳаларга йўналтириб, ҳеч нарсага арзимайдиган кичик қарзлар бериш орқали сизларни хорлашга ва динингиздан айиришга ҳаракат қилмоқда.
Уларга ишонманг ва ўзингизни алдаманг! Сизнинг ҳақиқий куч-қудратингиз ҳам, Исломингиз ҳам ўз юртида шаръий аҳкомларни тўлиқ татбиқ этиб, ерингиз, динингиз ва келажагингизни муҳофаза қиладиган рошид раҳбариятни қайта барпо этишдадир.
Роя газетасининг 2026 йил 18 феврал, чоршанба кунги 587-сонидан




