Россия узоқ давом этган урушдан сўнг ҳолдан тойган давлатга айландими ёки у эндиликда янада хавфлироқ куч сифатида намоён бўлмоқдами?

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Россия узоқ давом этган урушдан сўнг ҳолдан тойган давлатга айландими ёки у эндиликда янада хавфлироқ куч сифатида намоён бўлмоқдами?
Устоз Набил Абдулкарим
Россия-Украина уруши халқаро муносабатларда фундаментал саволни яна кун тартибига қайтарди: Россия узоқ давом этган ҳарбий тўқнашувдан кейин имкониятлари заифлашиб, тинкаси қуриб қолган давлатга айландими ёки халқаро тартибнинг чекловларини бузиб ўта оладиган, янада хавфли куч сифатида намоён бўлмоқдами?
Баъзиларнинг фикрига кўра, Россия урушдан жиддий йўқотишлар билан чиқиб, халқаро майдондаги ҳаракатларини чеклаб қўядиган тизимли инқирозга юз тутиб бормоқда. Бошқа бир қарашга кўра эса, аксинча, уруш Россияни янада қаттиққўл, матонатли ва хавфли куч сифатида қайта шакллантирди. У энди халқаро тартиб қоидаларига камроқ риоя қилувчи, кескинлашув ва таваккалчиликка кўпроқ мойил кучга айланди. Бу тортишувни тўлиқ англаш учун Россиянинг куч-қудрати воситаларида содир бўлган асосий ўзгаришларга тўхталиб ўтиш, шунингдек, халқаро рақобат майдонида унинг йўқотганлари ва қўлга киритганларини бир-бирига солиштириб кўриш зарур.
Биринчи: Россия шу кунга қадар нималарни бой берди?
- Ҳарбий жиҳатдан заифлашув: Уруш давомида Россия катта инсоний ва моддий йўқотишларга учради. Анъанавий ҳарбий захиралар кенг кўламда сарфланди. Бунга қўшимча равишда, иқтисодий санкциялар босими остида қолган ҳарбий саноатга таяниш даражаси янада ортиб бормоқда.
- Умумий иқтисодий босим: Банк тизими ва энергетика секторини нишонга олган мисли кўрилмаган санкциялар йирик Ғарб сармояларининг чиқиб кетишига сабаб бўлди ва бу Россиянинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиш салоҳиятини жиддий заифлатди.
- Нисбий сиёсий мавқенинг пасайиши: Бу, аввало, Россиянинг Шарқий Европадаги таъсир доираси қисқариб боргани, НАТОнинг қисқариш ўрнига аксинча кенгайгани, шунингдек, Европа билан муносабатларда сиёсий жозибадорлик ва «юмшоқ куч»нинг деярли тўлиқ йўқолиб, унинг ўрнини «қаттиқ куч»нинг эгаллаши натижасида юзага келди.
Иккинчи: Нима учун шунча йўқотишларга қарамай, Россия янада кўпроқ таваккалчи бўлиб кўринмоқда?
Ҳолдан тойган бўлса-да, Россияни хавфли қадамлар ташлашга тайёр геосиёсий ўйинчига айлантирувчи бир қатор омиллар мавжуд. Бунинг сабаблари қуйидагича:
- Ахлоқий ва ҳуқуқий чегарадан чиқиб кетиш: Россия либерал дунё тартибини писанд қилмай, халқаро жавобгарлик тамойилларига бўйсунмай қўйди. Бу ҳолат унинг Сурияда содир этган ваҳшийликлари ҳамда Украина ҳудудидаги тажовузларида яққол намоён бўлди. Натижада бу Россияни ҳарбий қудратини янада кенгайтиришга ва кибер-уруш салоҳиятини мустаҳкамлашга янада кўпроқ руҳлантирди.
- Узоқ муддатли жанговар тажриба тўплаш: Уруш Россиянинг ҳарбий доктринасини қайта шакллантирди ва унга кўплаб Европа армиялари маҳрум бўлган катта амалий тажриба (уруш майдонидаги тажриба)ни тақдим этди.
- Етакчиликка интилишдан халқаро тартибни бузишга ўтиш: Россия энди халқаро тартибга раҳбарлик қилиш истагидан воз кечиб, уни издан чиқаришга ҳаракат қилмоқда. У бу тартибнинг глобал ҳукмронлик қобилияти заифлашгани ва уни пароканда қилиш имконияти ортганини англаб етди. Шу сабабли Россия бир қутбли дунёдан кўп қутблиликка ёки ҳатто тартибсизликка (хаосга) ўтишнинг ҳар қандай сценарийига мослашишга тайёр.
- Муқобил майдонларда кенгайиш: Россиянинг хавфлилиги нафақат Европа билан кескинликни билвосита ошириш қобилиятида, балки Африка, Яқин Шарқ ва Арктика каби муқобил минтақаларга фаол кириб боришда ҳам намоён бўлади.
Учинчи: Россия – ярадор, аммо қайсар куч сифатида:
Бугунги Россия на барҳам топган Совет Иттифоқи, на инқироз гирдобидаги давлатдир. У ярадор, аммо қайсар куч сифатида намоён бўлмоқда. Ҳукмронлик имкониятининг бир қисмини йўқотган бўлса-да, бунинг ўрнига таваккалчиликка бўлган шайлигини оширди. Бугун дунё «тартибга солинган хаос» сари интилаётган бир пайтда, энг хавфли куч ҳар доим энг қудратли бўлиши шарт эмас; аксинча, йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмаган куч янада хавфлироқ бўлиши мумкин.
Шундай экан, Россияга юксалаётган куч сифатида эмас, балки ўз таназзулини тўхтатишга уринaётган куч сифатида қараш лозим. У ядровий қурол ва тийиб туриш салоҳиятига эга бўлган, шу билан бирга кўз-қулоқ бўлиб турган минтақавий ва халқаро кучларнинг розилиги асосида ўз таъсирини «заиф ҳудудларда» кенгайтиришга интилмоқда. Санкциялар натижасида иқтисодий ва технологик имкониятлари қисқарган, инсон тараққиёти кўрсаткичлари пасайган бўлса-да, рус менталитети – гарчи имкониятлари чекланган бўлса ҳам – ҳали ҳам сезиларли хавф манбаи сифатида сақланиб қолмоқда.
Бугунги Россия стратегик етакчи эмас, балки безовта қилинган ўйинчи ва тактик шерикдир. Унинг қудрати ўзининг мутлақ ғалабасига эмас, бошқаларнинг тўлиқ зафар қозонишига тўсқинлик қилиш қобилиятида намоён бўлади. Унинг асосий заифлиги эса тўқнашув мантиғидан юқори турадиган глобал лойиҳага эга эмаслигидадир.
Тўртинчи: Кўп қутбли дунёда Россия:
Келажакдаги йирик инқирозлардан кейин шаклланадиган дунёда Россия, эҳтимол, келажакни белгилайдиган бош кучга айланмас. Бироқ у, шубҳасиз, келгуси ҳар қандай халқаро ечимда иштирок этадиган муҳим ўйинчи сифатида қолади.
Агар халқаро тартиб бир қутблиликдан кўп қутблиликка ёки ҳатто хаос ҳолатига ўта бошласа, ягона марказ гегемонлигига эмас, балки кучлар мувозанатига таянадиган бундай кўп қутблилик модели Россиянинг Совет Иттифоқи парчаланганидан бери илгари суриб келаётган стратегик тасаввурларига мос келади.
Кўп қутблилик Ғарбнинг Россияни яккалаб қўйиш ёки унга бўғувчи санкциялар жорий этиш қобилиятини заифлаштиради. Бундай шароитда ядро қуроли халқаро мақомни кафолатловчи асосий восита сифатида яна саҳнага чиқмоқда. Россия, шунингдек, Хитой, Эрон, Ҳиндистон ва Африка давлатлари билан идеологик асосга эга бўлмаган иттифоқлар орқали ҳаракат қилишни яхши уддаламоқда. Бундай халқаро тартибда воситачилик қилиш ёки жараёнларни издан чиқариш имкониятига эга кучларга талаб ортади. Россия эса ҳар икки йўналишда ҳам юқори маҳоратга эга.
Шундай экан, кўп қутбли тартибда Россия энг кучли қутб бўлмаса-да, уни четлаб ўтиш мумкин бўлмайдиган муҳим қутб сифатида қараш лозим. Унинг имконияти халқаро тартибга етакчилик қилишда эмас, балки ўзига адоватда бўлган барқарор тартибнинг шаклланишига тўсқинлик қилишда ва тўлиқ ривожланмаган кўп қутблилик ёки бошқариладиган тартибсизлик сари юрaётган дунёда ўз мақоми, таъсири ва жараёнларни издан чиқариш қобилияти учун курашишда намоён бўлади.
Бешинчи: Россия онгидаги Ислом давлати қўрқуви:
Россиянинг асл қўрқуви анъанавий ҳарбий қудратдан эмас, балки Ислом давлати барпо бўлиши эҳтимоли билан боғлиқ. Чунки бундай давлат мавжуд бўлса, у мабдага эга бўлиб, чегараларни тан олмайди. Россия ҳудудида – Чеченистон, Доғистон, Ингушетия, Татаристон ва бошқа минтақаларда – 20-25 миллионгача мусулмон истиқомат қилади. Бундай давлатнинг барпо бўлиши эса, мазкур янги сиёсий вужуд таркибига қўшилишни истовчи исломий ҳаракатларга рамзий қонунийлик бахш этиши мумкин.
Шунингдек, Россия ўзи қабул қилган миллий давлат чегараларини тан олмайдиган давлат билан қўшни бўлишдан хавотирда. Зеро, у бундай кучни шунчаки янги сиёсий вужуд сифатида эмас, балки ўз миллий чегараларини мафкуравий жиҳатдан ёриб ўтишга ва ички мўрт маконида ўзлик ҳамда содиқлик масаласини қайта қўзғашга қодир муқобил қонуний модель сифатида баҳолайди.
Шу боис Россия назорат қилиниши мумкин бўлган авторитар режимларни қўллаб-қувватлашни замонавий миллий давлат тизимидан ташқари манбага таянадиган легитимликка эга давлатнинг барпо бўлиши хавфини қабул қилишдан устун қўйди. Москва учун асосий хавф бу давлатнинг ташқи сиёсий ҳаракатларида эмас, балки унинг вужудга келиши орқали Россия ичида пайдо бўлиши мумкин бўлган ички таъсир ва оқибатларда намоён бўлади.
Шунга кўра, Россиянинг асл кураши Исломга дин сифатида қарши туришда эмас, балки назорат қилиш ва жиловлаш имконияти бўлмаган сиёсий тизимнинг барпо бўлиши эҳтимолига қаратилган. Чегаралар емирилиб бораётган бугунги дунё шароитида ана шу эҳтимол Россия стратегик тафаккуридаги энг катта хавотир сифатида сақланиб қолмоқда.
Шунинг учун Россиянинг турли ҳудудларида Ҳизб ут-Таҳрир аъзоларига нисбатан, эркак-аёл демасдан, кенг кўламли ҳибсга олиш кампаниялари олиб борилаётганини тушуниш мумкин. Бу тўқнашув Исломий Уммат тушунчасини ўзида мужассам этган давлат фикрига қарши қаратилган. Чунки бу фикр мавжуд миллий чегараларни ҳам, амалдаги халқаро ҳуқуқ тизимини ҳам тан олмайди ва Исломий куч-қудратни Росулуллоҳ ﷺ башорат қилганидек, аввал қандай бўлган бўлса, шу тарзда қайта тиклашни кўзлайди.
Роя газетасининг 2026 йил 18 феврал, чоршанба кунги 587-сонидан




