Улар ўзлари ўлдирган одамнинг жанозасида иштирок этаётган кишига ўхшайди!

Улар ўзлари ўлдирган одамнинг жанозасида иштирок этаётган кишига ўхшайди!
Хабар:
2026 йил 3 март куни Мелания Трамп Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг йиғилишига раислик қилди. Бу йиғилиш низоли ҳудудларда болаларни ҳимоя қилиш йўлларини муҳокама қилишга бағишланди. Айнан ўша вақтнинг ўзида АҚШ ва яҳудий вужуди Эронга қарши олиб бораётган ҳужумлар фонида Яқин Шарқда ҳарбий кескинлик кучайиб бораётган эди.
Мелания ўз нутқида йиғилишга раислик қилиши оғир шароитларда кечаётганини таъкидлаб, Вашингтон дунё бўйлаб болаларни қўллаб-қувватлашини билдирди. У тинчликни мустаҳкамлашга ва болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини, шунингдек, замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини ҳимоя қилишга чақирди. Шу билан бирга, у болаларни сунъий интеллект технологиялари билан боғлашнинг муҳимлигини таъкидлаб, бу билимни мустаҳкамлаш ва таълим имкониятларини кенгайтиришини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, билим тарқатиш ўзаро тушуниш ва хилма-хилликни ҳурмат қилишга асосланган барқарор тинчликни қуришга ёрдам беради. (RT, бироз ўзгартириш билан олинди).
Изоҳ:
АҚШ ва яҳудий вужудининг Эрондаги бошланғич қизлар мактабига берган зарбаси натижасида 165 нафар ўқувчи қиз ҳалок бўлди. Ушбу воқеадан бир неча кун ўтгач, Мелания Трамп уруш ҳудудларидаги болаларни ҳимоя қилиш йўлларини муҳокама қилиш учун йиғилишга раислик қилмоқда.
Бу тўқнашувлар ва урушларни мустамлакачилар келтириб чиқармоқда. Уларнинг бошида ёвузлик ва жиноятчиликнинг етакчиси бўлган Америка турибди. У ўз манфаатларини амалга ошириш, ҳукмронлигини ўтказиш ҳамда халқларнинг имкониятлари ва бойликларини талон-торож қилиш учун урушлар келтириб чиқаради. Натижада бегуноҳ одамларнинг қони тўкилиб, ўлкалар вайрон бўлади, одамлар ўз уйларидан қувиб чиқарилади. Судан, Ғазо сектори, Сурия, Яман, Ливан ва Эрондаги ҳолатлар буни тасдиқлаб турибди. Бундай мисоллар рўйхатини узундан-узоқ келтириш мумкин.
Шундан сўнг улар «дунёдаги болаларнинг ёнида турамиз» деб бонг уришмоқда. Аслида эса улар ўзлари ўлдирган одамнинг дафн маросимида иштирок этаётган кишига ўхшайди!
Мустамлакачиларнинг бевосита ёки ўз малайлари орқали мусулмон ўлкаларида олиб борган урушлари айниқса болаларнинг азоб чекишига сабаб бўлди. Бу урушларда болалар энг мазлум қатламга айланишди. Айбсизлиги ҳам, гўдаклиги ҳам уларни сақлаб олмади. Натижада жуда кўп болалар ҳалок бўлди ва оғир жароҳатлар олди. Улар очлик, камбағаллик, йўқчилик ва дори-дармон танқислигини бошларидан кечиришди. Улар етимликни ва яқинларини йўқотишни кўришди. Ўз уйларидан қувиб чиқарилиб, таълим олишдан маҳрум бўлишди. Кўп ҳолларда оилаларини боқиш учун гўдак ҳолида ишлашдан бошқа чоралари қолмади. Шу тарзда, кичик таналари билан катталарнинг ташвиши ва масъулиятини кўтаришга мажбур бўлишди.
Ғарб давлатларининг иккиюзламачи муносабати очиқ-ойдин кўриниб қолди. Улар кўтарган «болалар ҳуқуқлари», «инсон ҳуқуқлари», «урушлар ва тўқнашувларда беайб одамларни ҳимоя қилиш» каби шиорларининг ёлғонлиги фош бўлди. Бу шиорлар — оч қолганда еб қўйиладиган хурмо бутига ўхшайди. Шунингдек, бу шиорлар улар Ислом ҳукмларига ҳужум қилиш, мусулмонларнинг ўғил-қизларини динидан ва ўзлигидан маҳрум қилиш, уларнинг орасида бузуқлик ва ахлоқсизликни ёйиш учун қўлланиладиган қуролга айланди. Шунинг учун улар ўзларига хизмат қиладиган ҳукмдорларга “CEDAW конвенцияси” ва “Болалар ҳуқуқлари конвенцияси” каби халқаро шартномаларга қўл қўйишни буюришади. Улар ўз малайларидан бу борада қонунлар қабул қилишни ва ўқув дастурларини ўша шартномаларга мувофиқ ўзгартиришни талаб қилишади. Буларнинг барчасини молиялаштириш ва шартли ёрдам олиш билан боғлашади. Аммо Исломий ўлкалардаги болаларга нисбатан бўлаётган зулм ва жиноятлар ҳақида гап кетганда, улар гўё қабристондагидек сас-садосиз кузатувчиларга айланишади ёки кўп ҳолларда ўша жиноятларга шерик бўлишади. Ғазога қарши олиб борилган геноцид уруши бунга очиқ далилдир.
Капиталистик тузум ва шу тузум билан бошқараётган мустамлакачи давлатлар шароитида на болалар ва на бутун инсоният хавфсизликка, тинчликка ва муносиб ҳаётга эриша олмаслиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Бу борада Эпштейн оролидаги можаролар ва у ерда болалар ҳамда вояга етмаганларга қарши содир этилган жирканч жиноятлар кўп нарсани фош қилиб турибди. Демак, бутун инсоният учун нажот фақат Ислом ҳукмларини татбиқ қилиш билан бўлади, аниқроқ айтганда, бутун инсониятнинг нажоти Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик тиклангандагина мумкин бўлади. Аллоҳдан унинг яқин орада тикланишини сўраймиз.
Бараа Мунасира




